Бугун Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.
Сенат томонидан ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар натижаларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Дастурнинг 139 та банди ижросини таъминлаш белгиланган. Шундан 101 та банднинг ижроси таъминланди ва 22 та банд муддатидан олдин бажарилди. Ҳозирги кунда ижроси таъминланган бандлар сони жами 123 тани ташкил этмоқда.
Ҳисобот даврида ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Бюджет даромадлари қарийб 51 трлн. сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди. Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 трлн. сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида асосий капиталда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 2,5 баробарга ортди ва 1,7 млрд. долларга етди.
Жойларда тадбиркорлар ва инвесторларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ташкил этилган “Бош вазир қабулхоналари” инвестициявий муҳитни янада яхшилашга қаратилган самарали институтлар сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, амалий ишларга қарамай, ҳудудларда инвестициявий фаолиятни яхшилаш борасида жиддий камчилик ва муаммолар мавжуд.Жумладан, хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида қонун ҳужжатларининг барқарор эмаслиги, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тез-тез ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, бир-бирига зид бўлаётган нормалар мавжудлиги хорижий сармоядорлар ва ички инвесторларга салбий таъсир қилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда инвестициявий фаолиятни тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш тўғрисидаги Президент топшириқлари тўлиқ бажарилмасдан қолмоқда. Хусусан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш топшириғи ҳанузгача бажарилмаган.
Бундан ташқари, Дастурнинг эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тўғрисидаги банди ҳам бажарилмасдан келмоқда. Ушбу бандда белгиланган “Махсус эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси парламентга ҳозирга қадар киритилмаган.
Инвестициявий фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун кредитлар олиш жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Тижорат банкларида ресурсларнинг етишмаслиги, фоиз ставкаларининг юқорилиги, кредит буюртмаларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, ўз навбатида, тадбиркорларнинг экспорт мажбуриятларини бажаришига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Дастурда кўзда тутилган инвестициявий лойиҳалар сони 9088 та бўлиб, уларнинг умумий қиймати 60,3 трлн. сўмни ташкил этади, яратилиши кўзда тутилган иш ўринлари эса 172488 та. Бироқ биринчи ярим йилликда жами 3332 та лойиҳа (37%) бўйича умумий қиймати 13,6 трлн. сўмлик (23%) лойиҳалар амалга оширилиб, бор-йўғи 38252 та иш ўрни (22%) яратилган.
Ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини биринчи ярим йилликда амалга ошириш даражаси 44 фоизни ташкил этди. Бунда Тошкент шаҳри (27%), Тошкент вилояти (31%) ва Қашқадарё вилояти (37%) энг ортда қолаётган ҳудудлар ҳисобланади.
Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.