Бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, фарзанд ниҳолга ўхшайди. Уни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Ўзи, оиласи, халқи, туғилиб вояга етган Ватанининг маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола эса жиноят кўчасига қадам босмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.
Ушбу устувор вазифанинг муҳимлигидан келиб чиқиб, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.
Хусусан, Тошкент Тиббиёт академиясига қарашли академик лицей ва Фарғона вилояти Қува туманидаги педагогика касб-ҳунар коллежи, Қувасой шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида ўтказилган учрашувларда “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” ҳақида сўз юритилди.
– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган учрашув бизлар учун катта сабоқ бўлди, – дейди Олмазор туманида жойлашган Тошкент тиббиёт академиясига қарашли академик лицей ўқувчиси Манзурахон Мухамеджанова.
– Биз ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ҳамда китобга меҳр қўйишнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилганлиги биз учун муҳим йўл-йўриқ бўлди. Мазкур тадбирда билдирилган фикрлар, тавсиялар биз ёшларни ўз устимизда мунтазам ишлашга, интилишга ва изланишга чорлайди. Айниқса, ўтказилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина эса ҳуқуқий билимларимизни оширишга хизмат қилди.
Ўтказилган тадбирларда ватанпарварлик туйғуси жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлиши ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, маҳаллаларда соғлом муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда ўз Ватанининг равнақи йўлида ёшлар масъулияти амалий мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда.
– Пойтахтимиздан келган мутахассислар томонидан ёшлар ва уларнинг келажаги учун муҳим саналган инсоний фазилатлар, хусусан ватанпарварлик, адаолатпарварлик, содиқлик ва одиллик каби тушунчалар бўйича бизга батафсил маълумотлар берилди, – дейди Қува туманидаги педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси МуслимаМўйдинова. – Тадбирда юртимизда биз ёшларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш, тинчликни қадрига етишимиз, ушбу бебаҳо неъматни сақлашда нима ишлар қилишимиз лозимлиги тўғрисида аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шунингдек, “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусида ўтказилган викторина биз ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, унда берилган саволлар қизиқарли бўлди.
– Биз ёшлар учун мактаб, маҳалла ва оила тарбия ўчоғидир, – дейди Қувасой шаҳар 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ҳилола Одилжонова. – Улуғ муттафаккир шоиримиз Абдулла Авлоний ҳам баркамолликнинг асосини тарбияда деб билиб, “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган эди. Зеро, биз ёшларнинг эртанги кунимиз бугундан бошланади.
Давлатимиз томонидан биз ёшларга берилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлардан манмунман. Ўзим китоб ўқишга қизиқаман. Китоб инсон дўсти. Китоб ўқиган инсондан ёмонлик чиқмайди. Бугун Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам бунга яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, “Сиз ватанпарварлик, адолатпарварлик, ҳалоллик, одиллик, садоқатни қандай тушунасиз?” деган саволларга ўқувчиларнинг турли ёндашувлари билан баҳс-музокарага айланиб кетди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар негизида аввало инсон манфати, ёшлар келажаги ётганлигини тушунтириб беришга қаратилган бундай тадбирлар учунИчки ишлар вазирлиги ва Малака ошириш институти раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.
Ҳайъат аъзолари ўқувчиларнинг фаол иштироки ҳамда билимлари юзасидан ижобий фикр билдириб, юқори ўринларни эгаллаган жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, семинар-тренинглар, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати