Бу манзил ўз даврида Буюк Ипак йўлидаги асосий бекат ҳисобланиб, кўп тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган.
Тарихий солномаларда жаҳонга машҳур саркарда ва йирик давлат арбоблари Соҳибқирон Амир Темур, Бобур, Шайбонийхон, Абдуллахон ҳаёти билан боғлиқ воқеаларда ҳам бу маскан кўп тилга олинган.
Ҳозир ҳам Самарқанддан Бухорога ёки аксинча, Бухородан Самарқандга ўтаётган сайёҳлар бу манзилда бироз тўхтаб, нафас ростлайди. Суратларга тушади.
Айни вақтда роботда ўз вақтида ҳаммани ҳайратлантирган безаклар ва биноларнинг қолдиқларигина қолган бўлса-да, сайёҳлар нималарнидир қидириб, ўз тилларида “чуғур-чуғур” қилишади.
– Бизга юртингизни ҳар бир қадамжоси қизиқ, – дейди сингапурлик Хи Менг. – Ўзбекистоннинг буюк ипак йўлида жойлашгани ҳақида китобларда ўқиганимизда олган таассуротлар келишимизга сабаб бўлди. Ҳозирча Хива ва Самарқандда бўлдик. Бизга ўзбек таомлари ёқди. Сўзана тикувчилар, сопол буюмлар ясовчи усталарни санъат асарлари билан танишдик. Жуда ажойиб. Энди Навоийга келдик. Айдаркўл соҳилларида ва чўлдаги ўтов ҳақида эшитдик. У ерда бир кеча меҳмон бўлиш ниятимиз бор.
Энг қизиғи, гуруҳда йигирма нафардан зиёд сайёҳ бўлиб, улар синфдошлар экан. Мактабни битирганига 50 йил бўлиши муносабати билан Ўзбекистонга саёҳат уюштирилганини айтиб беришганда, жуда қувондик.
Кела олмаган дўстлари учун кўплаб суратлар ва видеолар олишибди. Келгуси йил бошқа дўстларини ҳам олиш келишга ваъда бериб, биз билан хайрлашишди.
Шу тариқа дийдорлашув байрамни ўтказиш учун Ўзбекистонни танлаган сайёҳларни учратган манзил юртимизнинг жавоҳирига айланган икки шаҳарни боғлаб турувчи Навоий вилоятидаги қадимий карвон йўли бўйида жойлашган Работи Малик (Шоҳ Работи) карвонсаройи ва ундан бироз нарида жойлашган ягона оби ҳаёт манбаи Работи Малик Сардобасидир.
– Шоҳ Работи XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлардан бўлмиш Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим қурган бўлиб, XII асрнинг биринчи чорагида Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон таъмирлагани ҳақида маълумотлар мавжуд, – дейди Навоий вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасанов. – XX асрнинг 70-йиллари ўтказилган археологик тадқиқотлар вақтида бу ноёб бинонинг мураккаб тузилиши аниқланди. У 100×100 м майдонни эгаллаган бўлиб, мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган. Унинг меъморий шакли ва безаклари, жуда ҳашаматли бўлиб, карвонсаройдан кўра шохлар саройини эслатади.
Работи Малик Бухоро ва Самарқанд оралиғида Шарқу Ғарбни боғловчи жойда қад ростлагани боис, ўз даврида муҳим аҳамият касб этган. Неча йиллар, асрлар карвонлар ва савдо учун қулай жой ҳисобланган Работи Маликдан ҳозирда фақатгина пештоқ қолган, холос.
Карвонсарой XVIII асргача хизмат қилиб келганини тарихчилар қайд этишмоқда.
Ҳозирда катта автомобиль йўлининг нариги тарафида қолган Сардоба бус-бутунлигича сақланган. Форсча “Сард” - совуқ, “оба”-сув маъносини билдирадиган бу иншоот сув танқис ерларда қурилган махсус ҳовуз бўлиб, гумбаз шаклида бўлган.
Унинг девори цилиндир шаклида бўлиб, ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, сувнинг чуқурлиги эса 15-18 метрни ташкил этган.
Пишган ғишт ва гилдан ишланган сардобага кириш учун эшик ҳам ўрнатилган. Унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. XVI асрдаги муаллифлардан бири Работи Малик сардобасининг сувини Маккадаги Зам-зам сувига қиёслагани ҳам бор гап.
Айни вақтда суви ичиш учун яроқли бўлмаса-да, Сардобада оби-ҳаёт йиғилмоқда. Сувни тоза сақлаш учун олд томони девор билан ўралган, Малик сардобаси ўз вақтида жуда нодир қурилиш иншоот ҳисобланган.
Қайд этиш жоизки,тарихий маълумотларда Мовароуннаҳрда 44 сардоба бўлгани, шундан 29 Қарши чўлида, 3 Мирзачўлда, 3 Фарғона ва Тошкентда ҳамда биттаси Кармана яқинида бўлгани асослаб берилган.
Шундан кўриниб турибдики, Малик Работ сардобаси Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги чўлларда ягона оби-ҳаёт манбаи ҳисобланган.
Айни вақтда Малик Работ ва Сардобани БМТнинг маориф, илм-фан ва маданият бўйича бўлими ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритиш ишлари олиб борилмоқда. Ташкилий ишлар 2020 йилда якунланиши айтилмоқда.