Таниқли мусиқашунос ва санъат соҳасида халқаро эксперт Ҳусниддин Ато Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатига мурожаат йўллади.
У ўз видеомурожаатида қабул қилинган тўйлар ва оилавий тантаналарга оид ҳужжатда анъанавий ва халқ мусиқа мероси вакиллари манфаатлари инобатга олинмаганини таъкидлаган.
Яъни унинг фикрига кўра, бугун мамлакатимиздаги тўйлар 99 фоиз ҳолатда эстрада ижрочилари иштирокида ўтади. Ушбу шароитда хонанда ёки гуруҳларга иккитагача чеклов қўйилиши анъанавий йўналишда ижод қилаётган санъаткорларнинг маросимларга чақирилиш имконини кескин камайтиради.
«Бизнингча, тўй ва оилавий маросимларда анъанавий ва мумтоз йўналишдаги ижрочилар сони чекланмаслиги керак. Фақат шу йўл билан бебаҳо меросимизни тарғиб этишимиз ва келажак авлодга етказишимиз мумкин», – дейди мурожаат муаллифи.
Шунингдек, бугун замонавий эстрада ва анъанавий мусиқа бир қозонда қайнаётгани ва оқибатда давлат муҳофазасига муҳтож бўлиб келган анъанавий мусиқа вакилларининг насибаси қирқилаётганини таъкидлаган.
Шундан келиб чиқиб, Ҳусниддин Ато Сенатга тўйларга оид ҳужжатга анъанавий ва мумтоз йўналишдаги санъаткорларга оид алоҳида банд киритиш тавсия қилинган. Бундан ташқари эксперт саъатни ривожлантириш билан боғлиқ яна бир қанча таклифларини ўртага ташлаган.
Шунингдек, у 2018 йил 24 мартда ҳам Сенатга санъатни ривожлантириш бўйича мактуб йўллагани, аммо таклифлари эътиборсиз қолдирилганини эслатиб ўтган.