1

Омонатга хиёнат (Фельетон)

МУТОЛАА 18.10.2019, 18:04
Теглар: фельетон, карикатура, дарвоза
Омонатга хиёнат (Фельетон)

Каттагина корхонада ўғирлик авж олиб кетибди. Ҳар куни у ёки бу нарса йўқ бўлиб қолаверибди. Ўғрилар уни девордан олиб чиқиб кетишаётган бўлишлари мумкин, деб ўйлаб, назоратни кучайтиришибди. Аммо ҳар қанча уринишса ҳам бирорта ўғрини тута олишмапти. Одамқўйиб тунлари ҳам кузатишибди. Бироқ бундан ҳам натижа чиқмапти.

 - Хўш, йўқолган нарсаларни ким, қачон ва қаердан олиб чиқиб кетмоқда? Ахир, уларни дарвозадан олиб чиқиб кетаётган бўлишлари ҳам мумкин-ку, - деб ўйлабди ва худди шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида корхона эгаси  дарвозабонни сўроққа тутибди:

 - Бу корхонада ўғирликка қачон чек қўйилади? Мен сенга нега маош тўлаяпман?

- Менда нима айб, хўжайин? Дарвозани ташлаб кетолмасам, корхона майдони катта бўлса, иложим қанча?

 - Менга қара, ҳар куни корхонага нечта машина кириб чиқади?

- Аниқ санамаганман-у, тахминимча ўттиз-қирқтача бор. 

- Ана шуларни яхшилаб текшир! Юкхонасидан тортиб, то ўриндиқларининг остигача кўриб, кейин дарвозадан чиқар. Агар бирор нарсани бесўроқ олиб чиқиб кетаётган бўлса, кимлигидан қатъий назар, дарҳол дарвозани маҳкам беркитиб, менга қўнғироқ қил.

 - Хўжайин, бу ерга машинада кириб чиқадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўзингизнинг ишонган одамларингиз-ку! Шундай бўлгач, машиналарини тинтув қилсам қандай бўларкин!

- Қўрқмай тинтийвер! Фақат бу менинг топшириғим эканлигини гуллаб қўйма. Агар ўғриларни тутиб берсанг, ҳар бири учун нақд юз минг сўмдан мукофот оласан.

 - О, раҳмат, хўжайин! Қани энди омадим юришиб ўғрилар кундан кунга ошиб кетаверсаю, мен уларни ушлаб мукофотига юз минг сўмдан қуртдек қилиб санаб олаверсам. 

- Ҳе нафасингни ел ўчирсин! Бор, айтганимни қил.

Хўжайин ўйлаб топган тадбиридан мамнун ҳолда ўз-ўзича “Мана энди ўғирликка чек қўйилади. Бу ярамас ишга қўл ураётганларнинг  шармандасини чиқараман” деб хотиржам уйига кетди. Ўз навбатида дарвозабоннинг ҳам қувончи ичига сиғмасди. Бунинг боиси унинг биринчи ўғри билан юзма-юз келганидаёқ маълум бўлди. 

Машина  яқинлашгач, кутилмаганда дарвозабон уни тўхтатиб, машинани текширишини айтганида ҳайдовчи таажжубга тушди:

- Ҳа, нима бўлди, тинчликми?

- Мен ўғриларни тутиб беришим керак. Ҳар бир ўғрини тутганим учун бугундан бошлаб юз минг сўмдан мукофотим бор. Хўжайин шунга ваъда берган.

 - Ахир, мен ҳам ҳар бир иш учун сенга юз минг сўмдан бериб турибман-ку!

- Тўғри, лекин мен шу пулни ўғирлик учун эмас, ўғрини тутиб берганим учун олганим яхши-да! Ҳалол бўлади.

 - Қўй, гапни чўзавермай, индаллосини айт. Тағин битти-яримта келиб қолмасидан бу ердан жуфтакни ростлаб қолай.

 - Икки юз минг!

- Вой-бўй, эсинг жойидами? Бирданига юз фоизга оширасанми, ноинсоф, ҳаромхўр!

 - Ким ҳаромхўр, ким инсофсиз? Мана, машинангда тайёр далилий ашё турибди. Ҳозир хўжайинни чақирсам тезда етиб келиб, ким ҳаромхўру ким ноинсофлигини айтиб беради.

Дарвозабон шундай деятелефон  рақамини тера бошлаган эди, ўғри унинг қўлидан тутиб тўхтатди.

- Бўлди, галварс, мен рози!

 - Бу бошқа гап! Қани, чўз айтганимни!

Ўғрилардан ҳар куни юз минг сўмдан олиб турган дарвозабон бугун бошламасига икки юз минг сўмни қуртдек қилиб санаб олгач,  ҳайдовчининг қулоғига бошини энгаштириб:

- Дарвоза ҳақи ошганини бошқаларга ҳам айтиб қўй. Тайёрланиб, кейин бу ерга келишсин, – деди-дадарвозани каттакон қилиб очиб қўйди.

Мурод Калонхон

Рассом: Ҳусан Содиқов.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1