Бугунги кунда Республикамиз бўйича жами 275 та нефт ва газ конлари очилган бўлиб, уларнинг умумий захираси 2,4 млрд. тонна шартли ёнилғини ташкил қилади, дея хабар беради "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати.
Республикада углевород хом ашё базаси барқарорлигини таъминлаш, қазиб олинаётган нефт ва газ маҳсулотлари ўрнини тўлдириш мақсадида, республиканинг Устюрт, Бухоро-Хива, Ҳисор, Сурхондарё ва Фарғона нефт-газли ҳудудларида геология қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3372 қарори доирасида амалга оширилган геология-қидирув ишлар натижасида, 2017-2018 йиллар ҳамда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 16 та нефт ва газ конлари очилди ва ер ости углеводород захиралари 171 млн.тонна шартли ёнилғи ҳажмида ўстирилди.
Маълумот учун: 16та кондан тўрттаси Устюрт регионида (Бешқала, Қуйи Сургил, Кушкаир, Оралиқ), 2таси Фарғона регионида (Учтепа, Чакар), 10таси Бухоро-Хива регионида (Топичаксой, Марварид, Шортак, Чордарбаза, Тўмарис, Андакли, Жанубий Кулбешкак, Ёрмоқ, Дўлтатепа, Шоркум).
Жорий йил якуни билан ер ости углеводород захираларини 53 млн.тонна шартли ёнилғи ҳажмида ўстириш режалаштирган, бу борада бугунги кунда геология қидирув ишлари Устюрт регионининг марказий қисмида (Апомиш, Ултан, Арслон ва б.қ), Бухоро-Хива регионининг ғарбий қисмида (Тўмарис, Андакли, Жанубий Кулбешкак, Шарқий Хатар ва б.ш), Фарғона регионининг жанубий қисмида (Учтепа, Чакар, Қуйи Қашқарқир ва б.ш) жадал равишда олиб борилмоқда.
Ўтган 9 ой мобайнида 5та янги кон очилди (Кушкаир, Оралиқ, Чакар, Дўлтатепа, Шортак) ва ер ости углеводород захиралари 31 млн.тонна шартли ёнилғи ҳажмида ўстирилди.