Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартиби белгиланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.
Белгилаб қўйилишича, Низом 2020 йил 1 июлидан кучга киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:
Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 – 2022 йиллар тажрибасидан келиб чиқиб сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сув етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини такомиллаштириш юзасидан 2023 йилнинг 1 январига қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомга кўра, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан истеъмолчиларга сувни етказиб бериш бўйича хизматлар улар ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ тўловлар асосида амалга оширилади.
Сувни етказиб бериш харажатларини қоплаш миқдори қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдоннинг балл бонитети ва экилган экин турига қараб турлича белгиланади.
Вазирлик тизимидаги сув хўжалиги ташкилотларининг бир бирлик (1 куб м) ҳажмдаги сув етказиб бериш харажатлари мазкур ташкилотларни сақлаш учун ажратилган маблағлар ва етказиб бериладиган сув миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.
Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатлар қуйидагича фоизларда қопланади:
2020 йилда – 10 фоизи;
2021 йилда – 20 фоизи;
2022 йилда – 30 фоизи;
2023 йилда – 40 фоизи;
2024 йилда – 50 фоизи.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари суғориладиган экин майдони ўлчамига қараб бир йилда икки марта: 1 июль санасигача 50 фоизини, 20 декабрь санасигача қолган 50 фоизини; саноат ва энергетика ташкилотлари ҳар ой давомида етказиб берилган техник сув учун тўловларни кейинги ойнинг 5-санасига қадар сув хўжалиги ташкилотларининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказиб беради.
Сув етказиб бериш харажатларини қоплаш мақсадида истеъмолчилардан келиб тушган маблағлар сув хўжалиги ташкилоти томонидан қуйидагича тақсимланади:
90 фоизи – беш иш куни мобайнида Вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб берилади;
10 фоизи – сув хўжалиги ташкилотларининг ихтиёрида қолдирилади.
Вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига техник сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлардан келиб тушган маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 500-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомда кўрсатиб ўтилган мақсадларга сарфланади.
Кўрсатиб ўтилган сув хўжалиги ташкилотларининг ихтиёрида қолдириладиган маблағлар қуйидаги мақсадларга сарфланади:
сув хўжалиги объектларида фавқулодда ҳолатлар юз беришининг олдини олиш ва табиий офатлар юз берган ҳолларда уларнинг салбий оқибатларини бартараф этишга;
ходимларни белгиланган тартибда ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришга;
сув хўжалиги ташкилотларини сақлашга, уларнинг тасарруфидаги ирригация тизимини таъмирлаш ва тиклаш ҳамда сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлашга, ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, лизинг тўловларини амалга ошириш ҳамда кадрлар малакасини оширишга йўналтирилади.