Бу ҳақда ҳам Президент томонидан 13 ноябрь куни ўтказилган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.
Бутун дунёда чорвани озиқлантиришда асосан силос ва омухта ем ишлатилади. Янгийўл туманида такрорий экин сифатида маккажўхорининг интенсив навидан гектарига 50-60 тонна силос олинганда унинг 1 килограмми таннархи бор-йўғи 150 сўмни ташкил этган. Ваҳоланки, 1 кг шелуханинг бозордаги нархи 2 минг сўмдан ошади. Яъни, шрот-шелухага нисбатан 10 баравар арзон озуқани бемалол чорвадорларнинг ўзи етиштирса бўлади.
Чорва учун озуқа навли буғдойдан гектарига 100 центнергача ҳосил олиш мумкин. Бироқ, жойларда озуқа-емга бўлган дефицитни қоплаш чораларини кўриш ўрнига озуқабоп экин ерларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиш ҳоллари танқид қилинди.
– Сирдарёда 16 минг гектар, Тошкент вилоятида 8,5 минг гектар экин майдони ғалладан кейин бўш турганини қандай изоҳлаш мумкин? – дея савол билан мурожаат қилди Президент.
Шу йилнинг ўтган 10 ойида хориждан қарийб 100 миллион долларлик зотли ва гўшт учун қорамол импорт қилинди. Шунинг учун, қўшимча озуқа базасини яратиш мақсадида чорвадорларга ер бериш, тўғри экин турларини экиш борасида топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, паррандачиликда ҳам шунга ўхшаш муаммолар мавжуд. Мисол учун, озуқанинг 70-75 фоизи импорт ҳисобига таъминланиб, жорий йилнинг 10 ойида 80 миллион долларга 160 минг тонна соя ва кунгабоқар шроти, 14 миллион долларга 80 минг тонна маккажўхори импорт қилинди. Тармоқ корхоналарига бу йил озуқа учун 137 минг гектар ўрнига амалда 5 минг гектар ер берилган, холос.