1

Қашқадарёда биринчи марта чақалоқнинг қизилўнгачи операция қилинди

САЛОМАТЛИК 16.11.2019, 14:55
Қашқадарёда биринчи марта чақалоқнинг қизилўнгачи операция қилинди

Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази режали жарроҳлик бўлимида муаммоли туғма ривожланиш нуқсони – қизилўнгач атрезияси бўлган чақалоқда жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Хўш, чақалоқларда қизилўнгач атрезияси нима ўзи? Бундай ҳолатда жарроҳлик амалиёти ўтказиш нимаси билан мураккаб?

– Одатда ҳомиланинг ривожланиш пайтида қизилўнгачнинг юқори қисми пастки қисмига ўсиб келиб, қўшилиб кетади, – дейди марказнинг режали жарроҳлик бўлими шифокори Шамс Жўраев. – Аммо айрим чақалоқлар қизилўнгач атрезияси билан туғилади. Бу нуқсонда қизилўнгачнинг юқори қисми пастки қизилўнгач оқмаси билан табиий тарзда туташмасдан, тўмтоқ бўлиб тугайди. Пастки қизилўнгач оқмаси эса нафас йўлига – трахеяга қўшилиб кетган бўлади. Бундай вазиятда болани озиқлантириш хавфли оқибатларга олиб келади. Яна бир хавфли асорати – сўлак қизилўнгачнинг тўмтоқ қисмида йиғилиб, сўнг ўпкага кетиб қолади. Ягона чора – қизилўнгачни жарроҳлик амалиёти орқали улашдир.

Қаршида ўтказилган мазкур жарроҳлик амалиёти муваффақиятида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Ихтиёр Каримов, режали жарроҳлик бўлими бошлиғи Урал Норқобилов, бўлим шифокори Зиёдулла Эрқулов, кўкрак жарроҳлиги бўлими бошлиғи Ашраф Шодмонов, блок бошлиғи Баҳром Шукуров, анестезиолог Илҳом Холмуродовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

Энг муҳим жиҳатлардан бири – шу пайтгача бундай нуқсонли болаларни операция қилиш фақат пойтахтда амалга оширилар эди. Вилоятда бундай амалиётнинг йўлга қўйилиши неонатал хирургия ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1