Аввал хабар берганимиздек, фуқаролар орасида маълум норозиликларга сабаб бўлаётган муаммолар сиёсий партиялар иштирокида ўтказилаётган дебатларда кенг муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда “Менинг юртим” (My5), “Sevimli” ва “Milliy” телеканаллари ҳамкорлигида ташкил қилинган дебатда ЎзЛиДеП вакили, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Равшан Мамутовга қуйидагича савол берилди:
“Бизга етиб келаётган маълумотларга қараганда аҳоли орасида тарқаладиган кўплаб касалликлар сифати яхши бўлмаган ичимлик суви оқибатида келиб чиқади. Бугунги кунда фуқароларга ичимлик суви сифатида етказиб берилаётган сизот оқимидаги сувларнинг истеъмолга яроқлилигига ким кафолат бера олади?"
Р.Мамировнинг таъкидлашича айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан аҳолига 2 млрд 600 млн куб сув ичимлик суви учун етказиб берилади. Бу борада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан махсус дастур қабул қилинган ва унга кўра 2030 йилгача республикамиз аҳолисининг 91 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланади. Ҳозирда бу бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Афсуски 2030 йилгача ҳали анча узоқ. Шунда ҳам 91 фоиз аҳолига тоза сув етиб бориши айтилмоқда. Демак унгача фуқаролар ўз саломатлиги учун ўзи масъул бўлиши, иложи борича тоза сувни тежаб, кафолати бўлмаган ҳавзалардан сув истеъмол қилмаслиги талаб этилади.