Маълумки, Media Hallда бешта партия вакиллари иштирокида 3 раундли "Демократик дебат" ток-шоуси бўлиб ўтди. Дебатда қатнашган “Даракчи” мухбири Абдуқодир Мўминовнинг Экопартияга берган саволи шоуда ўтирганларнинг жиддий эътиборини тортган бўлса-да, воқеа бошқача тус олди.
Шоунинг 3- раундида ўтган ҳафтада бўлиб ўтган дебатда Экологик партия раиси Борий Алихонов Тошкент ҳавосининг ифлосланиш даражаси дунё бўйича қандай баҳоланаётгани ҳақида берган маълумотига қарама-қарши келган AirVisual нашри эълон қилган маълумот юзасидан мазкур партия вакилларидан ушбу ҳолатга аниқлик киритиб беришлари сўралди.
Яъни AirVisual нашри маълумотларига кўра, бу йил дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар рўйҳатида Тошкент шаҳри ўнталикдан жой олиб, 3-поғонада. Ўтган 2018 йилдаги рўйхатида эса йигирматалик ичида 16-пағонада эди.
Қизиғи шундаки, Борий Алихонов ўтган сондаги дебатда Тошкент шаҳри 16-ўриндан 58-, кейин эса 64- ўринга кўтарилганини айтди. Бу ерда ким ёлғон маълумот беряпти, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти AirVisual статистикаси бўйича тўғри деб баҳолаётган маълумотлар асослими ёки Борий Алихонов айтган маълумотми?
Саволга жавобан Экопартиядан ўзини таништирмаган бир вакил — “Ўзингиз AirVisual чиқарган маълумотларга ишонсизми?” дея, саволга савол билан жавоб қайтарди. Ваҳоланки, савол манзилли ва аниқ маълумотларга асосланиб берилган эди. Яъни “AirVisual Тошкент шаҳрининг ифлосланиши ҳақида келтирган маълумоти ёлғонми ёки Борий Алихонов айтган маълумотларми?” дея, бу маълумотларга аниқлик киритиб бериш сўралди, холос.
Шундай қилиб, Экопартия вакила мазкур берилган саволга ўша пайтнинг ўзида бирор ишонарли жавоб айтмади. Аммо савол жавобсиз қолгани ҳам йўқ. Тадбир якунлангач ушбу паритиянинг бир нечта вакилларидан юқоридаги умуман мантиқсиз берилган жавоб юзасидан изоҳ сўралганда, эътирозлар билан бирга қуйидагича жавоблари ҳам тингланди.
Эркин Омонов, Ўзбекистон Экологик партия ахборот хизмати раҳбари:
— Одамларда, жамиятда нотўғри фикр уйғотадиган, инсоннинг, партия лидерининг шаъни ва қадр-қимматига, партияни, бирорта ташкилотни нуфузига нотўғри муносабат билдиришга на фуқарони, на журналистнинг ҳаққи йўқ (эслатма: партияга берилган саволда партия раиси келтирган маълумот билан AirVisual ташкилоти эълон қилган маълумот ўртасидаги ихтилофга аниқлик киритиш сўралган, холос), бу биринчидан. Иккинчидан, партиянинг лидерини ёлғончиликда ва халққа нотўғри информация беришда айбладингиз (бирор ихтилофга сабаб бўлган маълумот учун аниқлик киритиб беришни сўраш, айблаш деб баҳоланяпти). Яна ўша гап: Сиз ўзингиз AirVisual нашри тарқатган маълумотга ишонсизми?
Мазкур берилган изоҳ вақтида Экопартиянинг бир нечта вакили қайта сўради: Сиз ўзингиз AirVisual нашри тарқатган маълумотга ишонсизми?
Айтиш жоизки, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган «Xabar.uz» расмий сайти 16.11.2019 санасидаги “Ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлари рейтингида Тошкент 3-ўринни эгаллади” сарлавҳали хабарида AirVisual нашрининг 2019 йил якуни бўйича келтирган маълумотларига таяниб, “Aчинарлиси, дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳам ўнталикдан жой олиб, 3 поғонани банд қилган”ини эълон қилди. Энди яна бир масала кўтариляпти, яъни Экопартия вакилларининг фикрлашига кўра, «Xabar.uz» ҳам нотўғри ахборот узатган бўлиб чиқяптими?
Хайрулло Ғаффоров, Ўзбекистон Экологик партия Марказий Кенгаши аъзоси:
— AirVisual ташкилоти ҳавонинг ифлосланиш даражасини онлайн режимда аниқлаб боради ва унинг кўрсатгичлари бир неча дақиқаларда ўзгариб туради. Биринчидан, у Америка элчихонасида жойлашган мослама маълумоти. Иккинчидан, биз шу масала бўйича 7 октябрь куни Ўзбекистондаги Америка элчихонасида Америкадан келган мутахассис билан учрашдик ва унга ҳавонинг тозалигини ҳисоблаб кўриши учун AirVisual мосламаси қанча майдонни қамраб олади, деб аниқ савол бердик. У бу саволимизга жавоб беролмади. Биз қуруқ иқлимли ҳудудда яшаймиз, улар эса ҳавонинг қанчалик тозалигини аниқлаш учун иккита нарсани ўлчаб кўради холос: Ерга яқин бўлган азоннинг миқдорини (Тошкентда бу бўйича умуман муаммо йўқ, нормал ҳолатда), ПМ2.5 ни, яъни заррачанинг ўлчами 2.5 микронда бўлганларини ўлчайди. Уларнинг бу ўлчаши эса кенг масштабда ва бошқа бир неча моддаларни ҳисобга олган ҳолда қилинмаган. Шунинг учун, уларнинг маълумотини 100 фоиз тўғри деб бўлмайди. Шунингдек, юқорида таъкидлаганимдек, AirVisualнинг кўрсатгичлари соат сайин ўзгариб туради.
Хайрулло Ғаффоровдан “AirVisual ташкилоти 2019 йил якуни бўйича тарқатган маълумоти нотўғрими шунда”, деб сўраганимизда, у улар ўша ҳудудда аниқлаган ПМ2.5 ва азон учун ҳисоблаб чиққан маълумотлари тўғрилигини айтди (Ўқувчи, нима тушуняпсиз?). — Улар бутун Тошкент шаҳри учун тўла жавоб беролмайди. Бунга гидрометралогия маркази томонидан 13 та пунктининг ўртача олинган ҳисоб-китоби жавоб беради. Сабаби, бу марказ қурилмалари Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида жойлашган бўлиб, бешта модда бўйича ҳавонинг ифлосланишини айниқлаб, ўртача кўрсатгичини чиқариб беради,– деди Ғаффоров.
Мазкур Экопартия билан бўлиб ўтган ушбу суҳбат сўнгида Эркин Омонов шундай деди: — Сизнинг ушбу партияга берган саволингиз қулоғимда жаранглаб турибди: Нима учун Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари халқни алдади? (эгардан тушсам ҳам, ерга тушмайман)
Хулоса шуки, агар сиёсий партиялар бирор саволга аниқ ва тиниқ жавоблар бермаса, халқни ишонтира олмаса, блогер Ақидахоним айтганидек, битта партиягаям овоз бермайди халқ. Шунинг учун минбарга баландпарвоз ва мужмал жавоб берадиган раҳбар-у “фаоллар”ни чиқаришни бас қилиб, ҳақиқий етакчи ва мутахассислар билан партия сафини тўлдиришни ўйлашлари керак. Замоннинг ҳам, халқнинг ҳам талаби шу, партиялар эса...
Абдуқодир Мўминов