1

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллион 200 мингдан ошди

HI-TECH 20.01.2015, 18:42
Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллион 200 мингдан ошди

Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган, ҳаёт суръатлари беқиёс даражада тезлашган бугунги замонда ёшларни тўғри йўлдан оздиришга қаратилган ғоявий хуружлар кучайиб бормоқда, дея ёзмоқда ЎзА.
Ёшларда интернетдан оқилона фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, глобал тармоқда миллий ахборот ресурсларни кўпайтириш, ёш веб-ихтирочиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мазкур муаммонинг самарали ечимида муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар” кўрик-танлови бу борада муҳим лойиҳалардан биридир.
Мазкур кўрик-танловнинг 2014 йилги ғолибларини тақдирлаш маросимида халқ таълими вазири ўринбосари А.Холбеков ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўғил-қизларнинг интернетдан тўғри фойдаланиш маданиятини юксалтириш, уларни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори интернетдан фойдаланиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ўтган йили марказимиз томонидан кўрик-танлов савиясини ошириш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилди, – дейди Халқ таълими вазирлигининг Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази директори Ш.Эргашев. – Натижада иштирокчилар танловга электрон шаклда ариза бериш, танловда қатнашаётган сайтларни таҳлил қилиш, баҳолаш ва натижаларни кузатиб бориш имкониятига эга бўлди. 2014 йилда иштирокчилардан 1155 ариза келиб тушди. Бу 2013 йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.
Навоий шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 11-maktab.uz сайти “Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти”, Термиз туманидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Азамат Хожаковнинг azamat.uz сайти “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” ва Бухоро шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби ўқувчиси Адизбек Эргашев яратган buxoro-10maktab.uz сайти “Энг яхши ўқувчи веб-сайти” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
– Сайтимиз орқали дарслик ва ўқув қўлланмалари, фанларга оид слайд ва тақдимотларни юклаб олиш, турли интерактив хизматлардан фойдаланиш мумкин, – дейди Навоий шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Гулнора Жуманиёзова. – Шу билан бирга, сайтимизга юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, муассасамиз ҳаёти акс этган янгиликлар, ўқувчилар маънавиятини бойитишга қаратилган маърифий адабиётлар мунтазам жойлаштириб борилади. Бу ўқувчиларимизни турли мафкуравий хуружлардан ишончли ҳимоялашда муҳим омил бўлмоқда. Зеро, ёшлар онгу қалбини асраш келажакни асраш демакдир.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1