1

Шавкат Мирзиёев: "Энди ҳокимлардан қурилган уйлар сони эмас, уларнинг сифати ва нечта одамни рози қилгани сўралади"

СИЁСАТ 23.11.2019, 00:00
Шавкат Мирзиёев: "Энди ҳокимлардан қурилган уйлар сони эмас, уларнинг сифати ва нечта одамни рози қилгани сўралади"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, келаси йилда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари амалдаги тизим асосида шаҳарларда 4 минг 250 та ва қишлоқ жойларида 8 мингта уй-жой қурилишини давом эттиради.

Тайёр уйлар узоқ вақт давомида сотилмай туриши ҳолларининг олдини олиш мақсадида шаҳарларда қурилишни молиялаштириш тизими такомиллаштирилади. Энди турар жойларга талабгорлар рўйхати шакллантирилиб, бошланғич бадал йиғилмагунча қурилишга молиялаштириш очилмайди.

Банклар 2020 йилда амалдаги тизим бўйича шаҳарларда қуриладиган уй-жойларнинг харидорини аниқлаган ҳолда, қурилишни мижозга ажратиладиган ипотека кредити ҳисобидан молиялаштириш тизимини жорий этадиган бўлди.

Уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳокимликларга шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар учун ер ажратиш, пудратчиларни аниқлаш ишларини якунлаб, қурилишни 2020 йил 1 мартга қадар бошланишини таъминлаш юклатилди.  

– Уй-жой сиёсатида янги тизимга ўтаяпмиз. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуд раҳбари зиммасига масъулият ва жавобгарликни олиб, янги тизим бўйича турар жой қуришда ўз тажрибасини яратиши шарт. Энди ҳокимлардан қурилган уйлар сони эмас, қурилишга нечта салоҳиятли тадбиркорлар жалб қилингани, уларга қанча ер ажратилгани, инфратузилма тармоқлари яратилгани, уйлар сифати ва нечта одамни рози қилгани сўралади, – деди давлатимиз раҳбари. 

Уй-жойларни қуриш ва реализация қилиш бўйича республика комиссияси жойларга чиққан ҳолда, қурилиш ишларини назоратга олиши зарурлиги таъкидланди.  

Ҳокимлар эски бино ва иншоотларни бузиш ҳисобига бўшаган жойларда уй қуриш масаласига алоҳида эътибор бериши шартлиги, компенсация пуллари тўланиб, мулк эгалари рози бўлмагунча бирорта кўчмас мулк бузилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилди. 

Давлат идоралари раҳбарлари нафақат ўзининг, балки давлатнинг ҳам шаънини сақлашга масъул экани, халқ билан, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда кибрга берилмай, вазмин ва оқилона, қонунга асосланган қарор қабул қилиши шартлиги таъкидланди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1