Бугун давом этаётган Олий Мажлис Сенатининг ваколати муддатидаги сўнгги — 25-ялпи мажлисида Сенатнинг 5 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди.
Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида халқ билан мулоқот йўналишида амалга оширилган ишлар билан бирга, муаммоли масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Жумладан, қайд этилишича, ўтган вақт мобайнида Сенатнинг виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Сенаторлар томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этиш йўлга қўйилди. Маҳалий Кенгашларда юзлаб муҳокамалар ташкил этилди. Ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва бошқа турли даражадаги мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди. Кўплаб қарорлар, чора-тадбирлар, “Йўл хариталари” қабул қилинди. Уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди ва улар бажарилмоқда.
Бироқ Сенат Раиси бу йўналишда муаммолар ҳам йўқ эмаслигини таъкидлаб, қуйидаги саволларни ўртага ташлади:
- Ўтган даврда халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш борасида кўзлаган марраларимизга етдик, дея оламизми?
- Оддий одамлар ушбу жараёнлардан хабардорми?
- Фуқаролар парламент аъзолари ҳудудга келиб уларни қийнаётган масалаларда ўрганишлар ва таҳлиллар ўтказаётганини биладими, билган тақдирда ҳам улар билан юзма-юз кўришиб, ўз муаммоларини рўй-рост айта оляптими?
- Умуман, халқимиз ўзи сайлаган депутат ёки сенаторларни танийдими?
“Афсуски, бундай саволларга тўлиқ ижобий жавоб бериш қийин. Мен бу билан ҳурматли сенаторларимизнинг халқ билан мулоқотдаги фаоллиги ва жонкуярлигини шубҳа остига олмоқчи эмасман.
Бугунги сенатор кабинетда ўтириб ишлаши керак эмас. У ўзига юклатилган масъулиятни тўла англаган ҳолда тегишли ҳудуд аҳолиси турмуши билан бевосита танишиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши, уларга муаммоларни ҳал этишда яқиндан ёрдам бериши керак”, деди Танзила Нарбаева.