1

Хориждаги ўзбекистонлик мигрантлар ҳимояси учун нима қилиняпти? Ижтимоий тармоқдаги эътирозларга Миграция агентлиги изоҳ берди

ЖАМИЯТ 02.02.2020, 16:24
Теглар: ижтимоий тармоқ, муносабат
Хориждаги ўзбекистонлик мигрантлар ҳимояси учун нима қилиняпти? Ижтимоий тармоқдаги эътирозларга Миграция агентлиги изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз орасида ҳалок бўлаётганлар сони кўплиги, меҳнат мигрантларини Ватанга қайтариш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида етарли ишлар қилинмаётгани ҳақида фикр билдирилган.

Ушбу фикрлар бўйича Миграция агентлиги матбот котиби изоҳ берди.

"Дарҳақиқат, дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби юртимизда ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд. Республикамиздаги демографик ўсиш натижасида ҳар йили 600 мингдан ортиқ ишчи кучи пайдо бўлаётган шароитда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган амалий тадбирлар кўрилаётганига қарамай, ташқи меҳнат миграциясининг катта оқими ҳалигача сақланиб қолмоқда.

Аввало қайд этиш жоизки, инсон ҳаётининг якуни ёш, жой ва маълум вақт танламайди. Афсуски, бу ҳолат чет мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ҳам четлаб ўтмайди. Ҳоҳ Ватанда бўлсин, ҳоҳ мусофир юртда бўлсин, бирор инсоннинг бевақт вафот этиши аслида катта фожеа.

Хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга охирги йилларда эътибор кучайтирилмоқда. Хусусан, 2018 йилдан буён хорижда вафот этган меҳнат мигрантларининг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳат олган фуқароларни давлат ҳисобидан олиб келиш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, меҳнат мухожирларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қатор натижаларга эришилмоқда.

2018 йилда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Фуқароларимиз ҳуқуқини хорижда ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари шатат жадвалларига меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими киритилмоқда, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналари ташкил этилмоқда.

Меҳнат мигрантлари учун имтиёзли микроқарз бериш, ҳаёт ва соғлиқни ҳамда патент ва хорижда ишлаш учун рухсат берувчи бошқа ҳужжатларнинг рад этилиши таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта полиси тўлови билан боғлиқ харажатларни субсидиялаш имкониятлари яратилган.

Албатта, йиллар давомида пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш вақт ва давомий чораларни кўришни талаб этади.  

Юқоридаги каби ўзгаришлар ва давомий ислоҳотлар соҳадаги муаммоларни бартараф этишга, аҳоли бандлигини таъминлашга ва фуқароларимизнинг хорижда хавфсиз, тартибли ва манзилли иш билан таъминлашга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади", дейилади ушбу хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1