АсосийShou-biznes

ЗАЙНАБ САДРИЕВА. ЎЗБЕКНИНГ ЭНГ МАШҲУР ҚАЙНОНАСИ

Зайнаб САДРИЕВА ҳар бир ўзбек учун қадрдон. Қаттиққўл, содда ва самимий қиёфаси юзимизга табассум, қалбимизга ҳамиша илиқлик олиб келади. Агар арзирли муболаға билан айтсак, уни узоқдан таниймиз, қадамларидан, овози ва ўзбекона лутфларидан…Бугун биз ўзбекнинг энг буюк қайнонаси, Фармонбиби ва Анзират бувилар образини яратган Зайнаб Садриевани хотирлаймиз...

Астрахандан Тошкентга

Зайнаб Садриева 1912 йилнинг 25 октябрида Астрахан шаҳрида туғилган. Отаси Садри бобо Астрахандаги ун заводида оддий ишчи бўлиб ишлаган. Онаси уйда фарзандлар тарбияси билан шуғулланган. 1916 йилда Астрахандаги ун заводи Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига кўчирилади ва шу муносабат билан Зайнаб Садриеванинг отаси барча оила аъзолари билан Янгийўлнинг  Қовунчи қишлоғига кўчиб келишади. Ўшанда Зайнаб Садриева тўрт ёшда эди. Шундай қилиб бўлажак актрисанинг болалиги Янгийўлнинг Қовунчи қишлоғида ўзбеклар орасида ўтади. У вояга етгач, Тошкентдаги хотин – қизлар билим юртига ўқишга киради.  Техникумда Зайнаб Садриева Зулфияхоним билан бирга таҳсил олади. Тақдир бу икки аёлни чин маънода юртнинг “маликаси”га айлантирди. Зулфияхоним адабиётда, Зайнабхоним эса санъатда ҳақиқий юлдузга айланди.

Техникум рўпарасидаги Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (Ҳозирги Ўзбек Миллий академик театри) ўтказган кастингда ўн етти ёшли Зайнаб Садриева машҳур санъаткорлар эътиборига тушади ва бутун умрини санъат билан боғлайди.

1929 йилда дастлаб ишчи – сайёр труппасида фаолиятини бошлаган актриса умрининг охирига қадар Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик театри) саҳнасида ижод қилди.

Зайнаб Садриева театрда ишлаб юрган кезлари актёр Обид Ҳасанов билан танишади ва турмуш қуришади. Ўзбекистон халқ артистлари Обид Ҳасанов ва Зайнаб Садриева икки ўғил ва икки қизни дунёга келтиришади. Афсуски, уларнинг икки ўғли ҳаётдан эрта кўз юмади. Уларнинг қизлари Розахон Ҳасанова ва Дилбархон Исмоиловалардир. Роза Ҳасанова санъатга дахлдор эмас, лекин Ўзбекистон халқ артисти, кино ва театр, дубляж актрисаси  Дилбар Исмоиловани халқимиз яхши танийди.

Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева  ижоди давомида турли хил образларни яратиб томошабинлар эътиборини қозониш баробарида уларнинг меҳрига, муҳаббатига сазовар бўлди. Жаҳон адабиётининг Ф.Шиллер, М.Диб, А. Островский, М. Горький каби ёрқин вакилларининг асарлари қаҳрамонларини саҳнага олиб чиқди. У “Макр ва Муҳаббат” пеьсасида Мильдфорд хоним, “Жазоир - менинг ватаним” асарида Зайнаб, “Айбсиз айбдорлар”да Глафира, “Васса Железнова”да Васса Железнова каби бир – бирини такрорламайдиган, бадиий жиҳатдан баркамол образлари билан ўзбек театри ривожига муносиб ҳисса қўшди. Турли йиллар-да яратилган Пошшаойим ва Ҳожи она (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Холниса (А.Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Танга бека (М.Карим, "Ой тутилган тунда”), Марина Иванова (Ў.Умарбеков, "Комиссия") каби мураккаб ва кучли драматик образлар Зайнаб Садриева ижодида алоҳида ўрин тутади.

Санъатда шундай қиёфалар борки, беихтиёр уларга эргашгинг, улардек кўринг келади. Шу маънода Зайнаб Садриева ўзининг яратган образларига ирода, ҳақгўйлик, қаттиққўллик, жасурлик каби туйғуларни маҳорат билан сингдирган эдики,  томошабин унинг ижросидан куч, ҳаётий сабоқни топа оларди.

Фармонбиби ҳам, Анзират буви ҳам ўзимизники

Актриса умрининг сўнгги йилларида саҳнада яна бир карра ўзини намоён эта олди ва халқ қаҳрамонига айланди. У 1975 йилда буюк режиссёр Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида Фармонбиби образини гавдалантирди ва барча учун янада севимли қиёфага айланди.  Баҳодир Йўлдошев бош қаҳрамон танлашда янглишмаган эди. Ижрода актриса ҳақиқий ўзбек аёлининг ҳаётий принципларини, ақидаларини миллий қадриятларга шу қадар маҳорат билан қориштирганки, ҳеч бир томошабин унинг қаттиққўллигидан, қўрслигидан озор чекмайди. Аксинча унга эргашади…

Айнан шу спектаклдаги ижродан илҳомланган кинорежиссёр Мелис Абзалов Зайнаб Садриева учун навбатдаги мувафаққиятни, томошабин учун эса навбатдаги завқни тақдим эта олди. 1982 йилда суратга олинган “Суюнчи” кинокартинаси ўзбекона қадриятларнинг соф ва самимий чизгиларини намоён эта олди. Ушбу фильм давомида томошабин Анзират кампирнинг ёнидан бир зум жилмайди, унинг ташвишларига, қувончларига ўзини шерик қила олади. Зеро, санъатдаги энг катта мувафаққият ҳам айнан шу бўлса керак.

Сўзимиз аввалида “Санъат – ўзидан йироқлашиш эмас балки ўзини топиш баробарида юзага келади”, деган фикрни айтган эдик. Шу маънода Ўзбекистон халқ аристи Зайнаб Садриева санъатдан ўзини топа олган буюк санъаткор эди.

Актрисанинг Астрахандан Тошкентгача бўлган умр йўли бугун барчамиз учун қадрли. 1952 йилда Ўзбекистон халқ артисти, кейинчалик эса Давлат Мукофотига сазовар бўлган Зайнаб Садриева 1991 йил Тошкентда вафот этди.

Зайнаб Садиреванинг тўртта набираси бор. Кичик қизи Дилбар Исмоилованинг фарзандлари Дилшод ва Дилноза Исмоиловалар санъат йўлини танлаган. Ҳозирда актрисанинг эвара ва чевалари бор…  Эваралар санъат йўлини танламади..

Асли татар миллатига мансуб бўлсада, Зайнаб  Садриева барча учун ҳақиқий ўзбек аёлига айланган.

Зайнаб Садриевани хотирлаб...

Ишга эътиқод

Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:

— Зайнаб Садриева чин маънода ўзбек санъатининг буюк ижодкори эди. Халқона, чапани ижродаги катта самимият ва маъсулият ҳиссини барча бирдек ҳис этади. Зайнаб опа табиатан дилкаш, камтарин аёл эди. Саҳнада қаттиққўл шу билан бирга ижро пайтида партнёрни қўллаб-қувватлайдиган, жараённи ўзида сени тўғри йўлга сола оладиган профессионал актриса эди. Мен бу аёлдаги ишга нисбатан маъсулият, иш жойига нисбатан эътиқод ва ҳамкасбларга чексиз ҳурматни ҳамиша қадрлаганман.

“Фармонбибидан қўрқиб турардик”

Фарҳод Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Зайнаб Садриева билан “Келинлар қўзғалони”, “Фармонбиби аразлади” каби спектаклларда бирга ишлаш бахтига мушарраф бўлганман. Жуда истеъдодли, ҳурматга лойиқ аёл эди. Лекин саҳнада бу ижодкорнинг яна бир қирраси ҳамиша акс этган. Бу уларнинг ўзига ярашадиган салобати эди. Ҳаммамиз яхши кўрардик,шу билан бирга ҳаммамиз яхши маънода қўрқар эдик... Репитицияларга кеч келмасликка, сўзларни яхшилаб ёдлашга ва ролга нисбатан жиддий ёндошувимизга ҳамиша эътиборли эди. “Фармонбиби аразлади” спектаклида Зайнаб опанинг салобатидан ҳайиқиб Дилбар Икромова сўзларини йўқотиб қўйишдан чўчирди. Уларнинг ёнида биз ёшлар ҳамиша ҳаяжон, яхши маънодаги қўрқув билан образга кирардик.

“Зайнаб опа ўйнамаса, фильм суратга олинмайди!”

Рихсивой Муҳаммаджонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, драматург, сценарист ва кинорежиссёр:

— “Суюнчи” фильми аслида чол  ҳақида бўлиши керак. Лекин негадир танлаган образимдан ҳаққонийлик топа олмадим. Узоқ ўйладим  ва “нима учун ўз онам ҳақида ёзмаслигим керак”, деган қарорга келдим. Тўғриси, Анзират кампир айнан Зайнаб опа учун ёзилмаган эди. Уларнинг саҳнадаги маҳоратини билардим, кузатардим. Лекин хаёлимга шу аёл келмаган. Кейин Анзират кампир образи учун Марям Ёқубова ва Зайнаб Садриевани тавсия этишди. Назаримда Анзират кампир фақат Зайнаб Садриеванинг ижросида ўзини топадигандек туюлди. Кўпчилик Марям Ёқубованинг номзодини қўллаб-қувватлашди. Лекин мен “Агар Зайнаб опа ўйнамаса, фильм суратга олинмаса ҳам майли”, деб туриб олдим... Анзират кампир образида кексаликнинг катта фожиаси бор. Фақат ўша ҳолат ниҳоятда сиполик, синчковлик билан берилган. Зайнаб Садриева образни меъёрини топа олган. Ижрода ортиқча муболаға ҳам, озгина етишмовчилик ҳам йўқ! Бугунги актрисаларимизда ана ўша ижродаги меъёр етишмайди.

“Ўзбекнинг бувижониси”

Ўзбекистон халқ артисти, кино ва театр, дубляж актрисаси  Дилбар Исмоилова:

- Онам менинг энг яқин инсоним эди. Уйда ҳам, ишда ҳам доим бирга эдик. Тўғриси, уларни йўқотганимга ҳали ҳам ишонмайман. Бағрикенг, меҳрибон инсон эдилар. Невараларини жуда ҳам яхши кўрарди. Жуда меҳрли, муҳаббатли бувижон эдилар. Улар нафақат менинг фарзандларимни балки бутун ўзбекларнинг бувижониси, десам хато бўлмайди. Онам халққа яқин эди, мухлислар билан эринмасдан суҳбатлашар эди. Камтар, камсуқам аммо ғурурли, мағрур аёл эди. Онамни таниган – билганлар ҳамиша яхшилик билан “Зайнаб опадек аёлни ҳали кўрмадик” , дейишади… Мени кўрганлар онамни эслашади… Шундай аёлни фарзанди бўлиш бу бахт!

Севдо Ниёзова тайёрлади

 

    Бошқа янгиликлар