“Жаҳл чиққанда ақл кетади”, дейишади. Бироқ ҳар қандай ҳолатга энг тўғри ечим бу — қонуний баҳо. Аммо шунга қарамай, яқинлар ёки бегоналарнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш ва тарқатиш авж олмоқда...
Воқеа Марғилонда бўлиб ўтган. 34 ёшли оила бошлиғи тунги 23:00да уйига қайтганида, меҳмонхонада
24 ёшли бўйдоқ йигитнинг ярим яланғоч ҳолатда турганини кўради. Жаҳл отига минган эр уни фото ва видеотасвирга олиб, ўзининг хотини ҳамда йигитнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни бошқа шахсларга тарқатади.
29 ёшли икки нафар фарзанднинг онаси судда қилмишига иқрор бўлмай, у йигитни такси ҳайдовчиси сифатида таниши, бир-икки маротаба унинг машинасида йўловчи сифатида юрганини айтган.
— Уйда фарзандларим билан ўтирганимда эшик тақиллади. Очсам, такси ҳайдовчиси. У уйга кириб, муқаддам менга гап отгани учун узр сўради. Унга оилали эканимни айтдим. Уйдан чиқариб юбормоқчи бўлганимда эрим келиб қолди. Қўрққанидан меҳмонхона эшиги орқасига беркиниб олди. Эрим уни топиб, укасини чақириб, биргаликда унинг турли жойларига уришди. Фото ва видеога олишди. У билан ўртамизда ҳеч қандай муносабат йўқ. Эрим гўёки у билан ишқий муносабатда бўлганим ҳақида асоссиз равишда турли бўҳтон гапларни тарқатиб юрди. Эрим мени шарманда қилувчи асоссиз маълумотларни тарқатиб келгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрадим, — дея маълум қилган у ўз кўрсатмасида.
"АНЧАДАН БУЁН ШУБҲАЛАНИБ КЕЛАРДИМ"
Оила бошлиғи эса судда қилмишига тўлиқ иқрор бўлган.
— Тадбиркорман, ўша куни юк олиб келиш учун чиқиб кетгандим. Ишим бошқа кунга қолгани сабаб уйга қайтсам, меҳмонхонада ярим яланғоч ҳолда турган йигитни кўрдим. Хотиним уни танимаслигини айтди. Фото ва видеога олганим рост. Йигит хотиним билан икки маротаба алоқада бўлганини айтди. Сўнг ота-онам, қайнотам ва профилактика инспекторини чақирдим.
Икковининг муносабатлари ҳақида вояга етмаган ўғлим ҳам бир неча марта гапирган. Ҳатто у хотинимни “жоним” деб чақириб, ўғлимга бир неча маротаба совғалар олиб берган экан. Шу сабаб, унинг суратини “телеграм”даги қариндошларим билан очилган “группа”га жойладим. Ўзим ишлайдиган бозордагилар ва ўғлимнинг ўқитувчисига ҳам айтиб берганман. Хотинимдан анчадан буён шубҳаланиб келардим. Ҳолатга қонуний баҳо берилишини сўрайман.
Суд барча манбаларга таяниб, мазкур ҳолатга қонуний баҳо берди.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
МЖтКнинг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Тошлоқ туман маъмурий суди томонидан эълон қилинган суд қарорига кўра, эрга МЖтКнинг 461-моддаси билан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, энг кам иш ҳақининг 7 баравари миқдорида 1.419.110 сўм жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
ЎЗБОШИМЧА ЖАЗОЛАШГА УРИНМАНГ, АКС ҲОЛДА...
Ушбу воқеа тафсилотларига кўра, эр томонидан аёли ўзбошимча жазоланган, гўё “самосуд” қилган. Сўнгги вақтларда бундай ёндашувлар тез-тез учрайдиган бўлиб қолди: уриш, калтаклаш каби... Аслида бу ҳолатлар бўйича қонунчиликда алоҳида жазо турлари борми? Ёки шунчаки маъмурий жазо қўлланилиши билан кифояланадими?
Аброр АКРАМОВ, Тошлоқ туман маъмурий суди раиси:
— Қонунчиликда аниқ бундай ҳаракат учун жавобгарлик тартибга солинмаган. Лекин “самосуд” учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун нормасини киритиш бўйича Олий судга таклиф берилган. “Самосуд” билан боғлиқ ҳаракатларни малакалашда шахснинг хавфли қилмиши кимга қаратилгани, қандай воситалар билан тан жароҳати етказиши, тан жароҳатининг оғирлик даражаси, жабрланувчининг шахсига нисбатан муносабати, яъни руҳий босим, ҳақорат ёки туҳмат қилиш каби ҳолатларга баҳо бериш орқали жиноий ёки маъмурий жавобгарлик келиб чиқади.
“Самосуд” ҳаракати давомида шахс бир нечта жиноят ёки маъмурий қилмиш содир этган бўлиши мумкин. Масалан, қасддан енгил тан жароҳати етказса, МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима ёки ўртача оғирликда жароҳат етказган бўлса, ЖКнинг 105-моддасига кўра 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки ҳақорат қилса МЖтК 41-моддасини қўллаган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача жарима жазо чоралари тайинланиши мумкин.
Хулоса ўрнида...
Айтиш мумкинки, воқеа “қаҳрамон”и бўлган аёлнинг қилмишини ҳам оқлаб бўлмайди. Негаки, эрнинг кўрсатмасига кўра, воқеанинг асл айбдори бўлган йигит ўз қилмишини тан олган. Шундай экан, қарс икки қўлдан чиққан. Эр эса ўзининг шаъни учун мазкур “самосуд”ни содир этган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам жаҳлга эрк бермай, масалани қонун йўли билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда гўё айбсиз айбдорга айланиб қоласиз...
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист