Хитойнинг Beijing Institute of Technology олимлари илғор микрозаряд ва сунъий интеллект технологиялари ёрдамида ари (асаларилар)нинг ҳаракатини масофадан бошқариш имконини берувчи инновацион тизимни ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда Zamon.uz ёзмоқда.
Улар томонидан ишлаб чиқилган 74 миллиграмм оғирликдаги микрочип арининг орқа қисмига ўрнатилади ва учта нозик электрод орқали арининг мияси ва асаб тугунларига электр импулслар юбориш орқали унинг учиш йўналишини бошқаради. Тадқиқот давомида ушбу тизим ёрдамида ариларни чапга, ўнгга, олдинга ва орқага учириш муваффақиятли амалга оширилган.
Олимларнинг таъкидлашича, бу технология арининг ҳаракатини шунчаки такрорлаш эмас, балки уни қарор қабул қилиш ва вазиятга мослашиш қобилияти билан бошқаришга асосланган. Микрочип илгари ёзиб олинган ариларнинг учиш одатлари ва ҳаракат йўналишларига асосланган сунъий интеллект алгоритмлари билан ишлайди.
Бу ютуқнинг амалий қўлланилиши кенг. Мутахассислар технология ёрдамида:
Табиий офатлар пайтида вайроналар остида қолган инсонларни аниқлаш,
Қийин етиб бориладиган жойларда экологик мониторинг олиб бориш,
Ҳарбий разведка ёки терроризмга қарши операцияларда микроразведка воситаси сифатида фойдаланиш имкониятлари мавжудлигини таъкидламоқда.
Шунингдек, Хитойнинг ушбу ёндашуви илгари АҚШ ва Австралияда ўтказилган тажрибалардан фарқли равишда энг енгил ва энг самарали биологик дрон моделларидан бири бўлиб, ҳозирча бошқа мамлакатларда бундай назорат аниқлиги билан ўзини кўрсатган тизим мавжуд эмас.
Аммо экспертлар технологиянинг хавфсизлик ва ахлоқий жиҳатларини ҳам муҳокама қилмоқда. Масалан, тирик мавжудотнинг ҳаракати устидан тўлиқ назорат ўрнатиш инсоният, атроф-муҳит ва биотехнология ўртасидаги нозик чегараларни белгилаб бериши керак.