АсосийJamiyat

Аёл — нафосат гулшани

'Аёл — нафосат гулшани'ning rasmi

 

Аёл — жамият гултожи, меҳр ва муҳаббат тимсолидир. Дунёнинг ҳеч бир жойида ўзбек аёлидек тонг отгунча бедор бешик тебратадиган, фарзанди учун тандирда ширин кулчалар ёпадиган, боласининг кўзмунчоғини кўзига сурадиган меҳрибон, куюнчак она бўлмаса керак. 

Бинобарин, аёлни эъзозлаш, унга оила таянчи, миллат тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатиш, бунга узвий равишда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айни йўналишда мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос шакллантирилиб, хотин-қизларнинг ҳаётий манфаатларини кафолатлаш қамрови тобора кенгайиб бораётир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"Фармони жамиятимизда аёлларга бўлган алоҳида эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир. 

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интеллектуал, ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи юксалиб боришига замин яратмоқда.

Ҳар бир қиз турмушга чиқар экан янги оила остонасига улкан орзу-умидлар билан қадам қўяди. У мисоли бир навниҳол. Келинчакни оилада нафақат турмуш ўртоғи, балки қайнона ва шу оиланинг бошқа аъзолари ҳам дўстона қўллаб-қувватлаши зарур. 

Бизнинг аёлларимиз оғир уруш йилларида ҳам ўз ўрнини, ўз ҳурматини билганларку. Ахир яратган ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайдиган сеҳрни, меҳрни ато этган. Шу сеҳр фарзандга аёл танасидан дунёга келиб кўкрагидан оқ сут берганида, она фарзандини бағрига босганида, бешик қучиб, алла айтганида болага ўтиши маълум. Инсонлардаги меҳр-муҳаббат, адолат ва садоқат, инсофу диёнат каби хислатлар ана шу сеҳр мевасидир.

Аёл фарзандини яхши ниятлар ила дунёга келтиради. Келажаги яхши бўлиши учун елиб-югуради ва албатта ундан яхшиликни кутади. Лекин у ниманинг эвазига...

Аёллар бор фарзанди энди тетапоя бўлиши билан чет давлатларга ишлагани кетади. Нима бўлади боланинг келажаги. Ҳатто чумчуқ боласини учирма қилгунча атрофдаги ёмон кўзлардан асраш учун бор жони-жаҳди билан курашади, оғзи билан тўйинтиради. 

Оилада бирор келишмовчилик бўлса, албатта, катталар ҳам кичикларнинг муаммоларини тинглаши зарур. Хонадон бекаси бўлмиш аёлни ҳам дардини ичига ютмай, сўзлашга имкон яратиш лозим. Шундагина кичик-кичик низолар катта жанжалга айланиб кетмайди. Биров билан дардлашмаган одам бора-бора оғир хасталикка чалинади ёки ҳаётдан кўнгли совийди. Йигит киши оила қургач, у нафақат турмуш ўртоғи ҳақида қайғуради. Куёв йигит зиммасидаги юк икки баробарга кўпаяди.

Аёл гарчи у нозиккина жуссага эга бўлсада, метин иродаси, дарёдай тошқин меҳру муҳаббати билан ҳаётимизни чароғон этиб туради, бахтли кунларимизда бизданда кўпроқ қувонади, бахтсиз онларда эса бизданда кўпроқ куюнади. 

Балки шунинг учун бўлса керак, бундай пайтларда беихтиёр унга талпинамиз, таянамиз, гўё у барча дардларга малҳамдек. Ҳа, аёлни бежиз бунчалар кўп улуғламаймиз, асраб-авайламаймиз. Ахир у қалбимиз юпанчи, ишончли суянчимиз, беминнат ва доно маслаҳатгўйимиз, бугун ва эртамиз учун дахлдор ва мўътабар зот. 

Тадбиркор аёл. Бугун бу сўз ўзбек аёли учун бегона эмас. Уддабурон, тадбиркор, фидойи аёлгина эътибор қозона олади, ҳаётда янгилик яратиб, атрофдагиларга ёрдам беришга қодир бўлади. Бугун юртимизда бундай аёлларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Аёл кишини ҳамма нарса бахтли қилиши мумкин. Қачонки, у ўз севимли иши билан шуғулланса, олий маълумот олиб, яхши инсонга турмушга чиқса, оиласи тўкис бўлса, атрофида уни қўллаб-қувватлагувчи яқинлари, ҳамнафаслари бўлса, қўйингки, орзу-ниятларига эришса… Буларнинг барчаси аёлнинг бахти.

Тарихда юрт равнақи, миллат келажаги учун фидойилик қилган не-не аёллар яшаб ўтишган. Улар давлат бошқаруви билан бирга нафосат, фаросат, меҳру самимият билан ишонч ва ҳурмат қозонишган. Энг асосийси эса, улар оиладаги бурч ва вазифаларини ҳам унутишмаган. Ана шу жиҳатлари билан шарқ аёли ҳамиша устун ва қадрли бўлиб келган.

Эътироф этиш жоизки, айнан истиқлол йилларида аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Сўров натижаларига кўра, хотин-қизларимиз мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг барча жабҳасида муносиб фаолият юритмоқда. Улар нафақат -навқирон авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш соҳасида, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. 

Мунис ва муҳтарама аёлларимизни нафақат баҳор байрами “8-март Халқаро хотин-қизлар куни байрами”да балки бошқа бир қатор байрамларимизда уларга улкан эҳтиромлар кўрсатилиб, турли мукофотлар билан тақдирлаб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Она Ватанга муҳаббат туйғуси юрагида ёлқинланаётган аёллар бор экан, бу заминда, бу юртда фидойи авлодлар улғаяверади. 

 

Фарҳоджон Хожаев,

Ўзбекистон Республикаси ФВВ

Академияси ўқитувчиси, капитан.

    Бошқа янгиликлар