“Муносабат билдирамиз” – бу жумла оддий дипломатик изоҳ сифатида айтилгандек туюлиши мумкин. Аммо Украина президенти Владимир Зеленский томонидан билдирилган ушбу баёнот ортида нафақат юзлаб ўзбекистонликларнинг тақдири, балки Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги муҳим саволлар ҳам яширинган.
Зеленский нима деди?
2025 йил 4 август куни Украина президенти Зеленский Вовчанск йўналишида жанг қилаётган ҳарбийлар билан учрашувдан сўнг муҳим бир баёнот берди. Унинг айтишича, жанг майдонида Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма аскарлар бор. У бу ҳолатга тўхталар экан: “Муносабат билдирамиз”, дея қисқа, лекин оғир маълумотни билдирган.
Аслида бу, “ўз халқининг фарзандлари Россия армияси таркибида урушга кириб боряпти, нима дейсизлар?” деган очиқ савол эди.
Ҳақиқатда қанча ўзбекистонлик урушда?
Ижтимоий лойиҳалардан бири – “Хочу жит” (Яшашни хоҳлайман) жорий йил июль ойида берган маълумотларига кўра, Россия камида 902 нафар Ўзбекистон фуқароси билан шартнома тузиб, уларни урушга ёллаган. Улар орасида 18-19 ёшли йигитлар ҳам бор. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонликлар асосан меҳнат муҳожирлигида бўлган ва уларга юқори маош, яшаш учун имконият, энг муҳими – Россия фуқаролиги ваъда қилинган.
Апрель ойида эълон қилинган бошқа ҳисоботда эса 1100 нафарлик рўйхат тақдим этилган, аммо бу рўйхат ҳам тўлиқ эмаслиги, асл сони бир неча мингга бориши мумкинлиги айтилган.
Бугунги кунгача Украинада асирга тушган чет элликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари энг кўп бўлиши ҳам алоҳида эътиборга молик ҳолат.
Ўзбекистон расмийлари нима деди?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада фақат битта баёнот берди. Вазирлик вакили Аҳрор Бурҳоновнинг айтишича, бу маълумотлар ҳозирда ваколатли органлар томонидан текширилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг хорижий ҳарбий ҳаракатларда иштироки тақиқланганини ҳам эслатди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний фаолиятга жалб қилиш бўйича ҳар қандай уринишларни кескин қоралайди. “Биз мамлакатимиз фуқароларини ҳушёр бўлишга, ҳарбий можароларда иштирок этиш билан боғлиқ провокацион таклифларга берилмасликка чақирамиз. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний ишга ёлланиш ҳолатларига қарши курашиш бўйича қатъий чоралар кўришда давом этади”.
Қонун нима дейди?
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасида аниқ ёзилган:
— Ёлланма жангчи сифатида урушда қатнашиш – 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
— Одамларни ёллаш, ўқитиш, ҳарбий ҳаракатларда иштирок эттириш – 12 йилгача.
— 154-1-модда эса чет давлатларнинг ҳарбий хизматига киришни 5 йилгача қамоқ билан жазолайди.
Бу қонунлар қоғозда қолмаяпти деган савол бугун ҳақли равишда берилмоқда.
Ким айбдор: Россия, мигрант, ёки...?
Бош савол – бу фуқаролар ўз ихтиёри биланми урушга кетмоқда? Ёки уларга ёлғон ваъдалар, муқаррар босим, ҳаттоки таҳдид остида шартнома имзолатилмоқда? Баъзи ҳолатларда мигрантлар нотаниш шартномаларни имзолаб, ўзларини “контракт” ичида топишмоқда.
Бу ёлланмачилик – фақат ҳарбий масала эмас. Бу – халқаро жиноят даражасида таҳлил қилиниши керак бўлган ҳодиса.
Зеленский “қўнғироқ” қилди. Тошкент жавоб берадими?
Владимир Зеленский “муносабат билдирамиз” деди. Бу баёнот фақат Украина эмас, балки бутун халқаро ҳамжамиятга қаратилган чақириқ эди. Энди жавоб навбати Тошкентда.
Ўзбекистонликлар урушга ёлланаяпти деган маълумотлар ортида кўплаб оилаларнинг фожиаси, қонунбузарликлар ва катта муаммолар яширин. Фуқароларимиздан урушга бормасликни ва ҳар қандай ҳужжатларни имзолашда ҳушёр бўлишга чақирамиз.