1

Орзулари кўксида  кетган  ўғлон: Тўйга тайёргарлик кўрмай туринглар, мен узоққа кетяпман, қайтмаслигим мумкин...

МУТОЛАА 23.04.2020, 21:19
Орзулари кўксида  кетган  ўғлон: Тўйга тайёргарлик кўрмай туринглар, мен узоққа кетяпман, қайтмаслигим мумкин...

Катта сержант Хайриддин Холбоев 2000 йили Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Бу йил август ойида ушбу ҳарбий ҳаракатларга 20 йил бўлади. Демакки, Хайриддиннинг бу дунёни тарк этганига ҳам… У ўшанда 21 ёшда эди. Ўт-олов, ғайратли, орзулари бисёр, куёвлик сарполарини кийишга бир қадам қолган, тўйи бўлиш арафасида турган йигит…

       Сўх туманидаги Лембург қишлоғида Шодибек ака Холбоевлар оиласининг ўз ўрни ва ҳурмати бор. Хайриддин шу хонадоннинг тўнғич фарзанди. Оила бошлиғи қурувчи уста. Қишлоқдаги ва ўша ён-атрофдаги кўплаб уйларнинг қад ростлашида Шодибек аканинг улуши катта. Шу боис, оила фарзандлари Хайриддин ва Шамсиддин ҳам устачиликка эрта меҳр қўйган, оталарига ёрдамчи бўлишган. Бироқ Хайриддин ҳарбий соҳа вакили бўлишни болалигидан орзу қилган, жисмонан бақувват бўлишга интилган. Спорт билан шуғулланган, ҳар тонг югуриш машқини бажарган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган бобоси Кетмас акадан уруш воқеаларини тинглашдан чармас, саволлари адоқсиз бўларди унинг. Шу сабаб, десантчилар ҳарбий қисмида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган йигит, хизматини контракт бўйича махсус операция кучлари батальонида давом эттиришга муваффақ бўлган.

– Хайриддин билан хизматда ҳам, ҳарбийлар шаҳарчасидаги тураржойда ҳам, Сариосиёдаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам бирга бўлганмиз, – дейди сафдош дўсти, истеъфодаги сержант Ойбек Ҳамдамов. – У ҳақиқий махсус гуруҳ посбони эди. Мард, ортга чекинмас, ҳар қандай шароитга мослаша оладиган, қўрқмас йигит эди, у. Назарий машғулотларда аълочи, ёзуви жуда чиройли бўлиб, ҳуснихатига ҳар қандай одам тан берарди. «Қиз болаларга ўхшаб чиройли ёзасан», деб хазилашиб гоҳида унинг ғашига тегардим. Машғулотларда улгура олмасам, албатта менга ёрдам берарди. Амалий машғулотларда ҳам доим олдинги сафда бўлган. Биласиз Сўх тоғли ҳудуд, тоғда ўсган йигитнинг чапдаст ва эпчил бўлиши, шубҳасиз.

        Иккимизнинг ҳам келажак орзуларимиздан бири оила қуриб, фарзандлар кўриш эди. У кўп ўтмай унаштирилди, тўйи бўлиши керак эди, бироқ… Халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда ёнма-ён турдик. Амалий машғулотларда шартли душман билан жанг қилган махсус гуруҳ посбонлари учун бу ҳақиқий синов майдони эди. Биз бу кунга ҳар томонлама тайёр эдик, лекин сафдошлардан айрилиш…  Хайриддин ҳалок бўлганда ҳам бирга эдим. Мен оғир ярадор бўлдим, у эса…

Ҳа, ҳаётдан эрта кетган дўстни эслаш осон эмас, айниқса у яқин сафдошинг бўлса. 2000 йилдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган махсус гуруҳ посбонларининг деярли барчаси ҳозир истеъфода. Аммо Хайриддиннинг қайси бир сафдоши билан суҳбатлашмай, у ҳақидаги ўзига хос фикрлар, илиқ хотираларга эга бўлдим. Оиласида бўлганимизда эса бизни ота-онаси, яқинлари билан бирга, маҳаллий хокимият вакиллари, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлари қарши олди. Ҳар бирларининг қаҳрамон йигит ҳақида айтадиган дил сўзи, фикрлари бор. Бундай дамда энг оғири ота-она билан жигарбандини ёдга олиш.

– Хайриддин катта ўғлимиз, ишонган тоғимиз эди. У ҳарбий хизматчи бўлишга қарор қилганида дадаси иккимиз рози бўлдик, – дея Гулсимбиби опа кўзларида ёш ила ўғлини хотирлайди. – Чунки у бир ишга аҳд қилдими, эришмагунча тинчимасди. Аскарлик бурчидан сўнг, хизматини давом эттирди. Бағримиздан узоқда бўлгани учун уйлантириб қўйишга қарор қилдик. Олдида иссиқ-совуғидан ҳабардор бўлиб турадиган яқини бўлса яхши, кўнглимиз хотиржам бўлади деб, ўйладик. Бағримизга охирги марта келганида 2000 йилнинг июль ойи эди. Август ёки сентябрда тўйини ўтказмоқчи эдик. Доим «тўйимга Хуршид Расуловни олиб келамиз», дерди. Ўн кун ёнимизда бўлди. Дўстларининг бири қўйиб, бири келиб турди. Таътили тугагач, хизматига отланди, хайрлашиб йўлга тушди. Ортидан термулиб турибман. Шунда, беш-ўн қадам юрди-ю орқасига қайтди…

Гулсимбиби опа мужгонларини артар экан, бир муддат жим қолди. Англашимча, кўз олдида беихтиёр ўша онлар гавдаланди. Ўшанда она-бола ўртасида қўйидагича суҳбат бўлиб ўтганди:

– Тинчликми болам, бирор нарсанг ёдингдан кўтарилибдими?

–Йўқ онажон, ҳаммаси жойида, фақат тўйга тайёргарлик кўрмай туринглар. 

– Нега?

– Мен бир жойга кетяпман, узоқ жойга. Қайтмаслигим мумкин.

– Бу нима деганинг? Ундай дема болам, бўлажак келинимиз сени қачондан буён кутади, уни ноумид қилма.

– Қайтсам, ўша қиз меники. Агар қайтмасам уни укамга олиб беринглар. Сиз айтгандек, ноумид бўлмасин…

–Хайриддин кетганидан кейин ўйлаб ўйимга етолмадим, – дея хўрсинади Гулсимбиби опа. – Ўғлим нега ундай деди, бирор режаси бўлса менга айтгиси келмадими. Аммо боламни ўшанда охирги марта кўриб туришим, бағримга тобутда қайтишини асло хаёлимга келтирмагандим…

... Бир сўз билан айтганда, йиллар, даврлар ўтар, авлодлар алмашар, лекин юрт тинчлиги, миллат эрки учун ёш умрини ёвга қалқон қилган жўмардлар номи барҳаётдир. 

Маълумот учун:

Бугун Хайриддин Холбоев таълим олган Фарғона вилояти, Сўх туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабида унинг бюсти ўрнатилган. Мактаб ичида эса қаҳрамон йигитга бағишланган ихчамгина музей ташкил қилинган.

                                                                                                                                                         Зулфия ЮНУСОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1