АсосийJamiyat

Қувасойда карантин қоидаларини бузган ва безорилик қилган қиз 12 суткага қамалди

'Қувасойда карантин қоидаларини бузган ва безорилик қилган қиз 12 суткага қамалди'ning rasmi

Маълумки бугунги кунда Республикамизда белгиланган тартибда “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатиб келинмоқда. Бироқ барча тоифадаги ҳудудларда ҳимоя ниқобини тақиб юриш мажбурий эканлиги ҳақидаги Республика махсус комиссиясининг қарори амалда бўлишига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан жамоат жойида ниқобсиз юрган ҳолда ҳуқуқбузарликлар содир қилинаётганлиги аниқланмоқда.

Қувасой шаҳар маъмурий судининг раиси Махкамжон Абдубаннабовнинг "Даракчи"га маълум қилишича, шу йилнинг 11 май куни соат 07:00 ларда жамоат жойи ҳисобланган Қувасой шаҳар, Пакана МФЙ, Гуллола кўчасидаги 347-сонли кўп қаватли уй олдида ҳуқуқбузар Х.Жамолова ниқобсиз ҳолда, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини бузиб, Қувасой шаҳар ИИБ профилактика инспектори Ш.Мамадалиев ва шу ердаги фуқароларга уятли сўзлар билан сўкиниб, бақир-чақир қилиб, майда безорилик содир қилган.

Шунингдек, Х.Жамолова шу куни Қувасой шаҳар ИИБ профилактика инспектори Ш.Мамадалиевнинг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, жамоат тартибига роия қилиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан, унга фаол қаршилик кўрсатган.

Мазкур иш Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, суднинг қарорига асосан Х.Жамоловага Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 1-қисми (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-моддаси 1-қисмида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва ҳуқуқбузардан маъмурий қамоқ харажатлари учун 401.400 сўм ундирилиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар