ОДИЛ АҲМЕДОВ БУГУНГИ ЎЗБЕК ФУТБОЛИНИНГ ЁРҚИН ЮЛДУЗЛАРИДАН БИРИ ҲИСОБЛАНАДИ. РОССИЯНИНГ “КРАСНОДАР” КЛУБИДА ТЎП СУРАЁТГАН ҲАМЮРТИМИЗ 3 ва 8 СЕНТЯБРЬ КУНИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ САФИДА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ САРАЛАШ БАҲСЛАРИДА ТЎП СУРИБ, ТЕРМА ЖАМОАМИЗНИНГ ҒАЛАБАЛАРИГА ЎЗ ҲИССАСИНИ ҚЎШДИ. ҚОЛАВЕРСА, АҲМЕДОВ ЭНДИЛИКДА ТЕРМА ЖАМОА САРДОРИ СИФАТИДА ЖАМОАДОШЛАРИНИ МАЙДОНГА ОЛИБ ЧИҚҚАДИГАН БЎЛДИ. АҲМЕДОВНИНГ ЮРТИМИЗГА ТАШРИФИДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА “ДАРАКЧИ” ГАЗЕТАСИГА ЭКСЛЮЗИВ ИНТЕРВЬЮ ОЛДИК.
— Одил ака, Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш халқимизнинг азалий орзуларидан бири бўлиб келмоқда. Ҳар гал қандайдир омадсизлик туфайли, мусобақага йўл олишда муаммога дуч келмоқдамиз. Бу сафарги уринишларимиз фойда келтириши мумкинми?
— Биласизми, биз ҳар доим жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашиб келганмиз. Чунки ким ҳам жаҳон чемпионатидек мусобақада тўп суришни хоҳламайди, дейсиз. Ҳозир саралаш ўйинларидан муваффақиятли ўтиш учун курашяпмиз ва бу сафарги уринишларимиз ўз самарасини беришига ишонаман. Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш халқимизни орзуси эканини биламан. Уларнинг орзусини рўёбга чиқариш учун боримизни бериб, йўлланма олмоқчимиз.
— Яман билан учрашувдан олдин терма жамоа сардорлиги сизга топширилди. Бу вазифани узоқ вақт давомида Сервер Жепаров бажариб келганди. Умуман олганда, буни кутганмидингиз?
— Ўйиндан аввал ўтказилган йиғилиш жараёнида бир овоздан сардорликни менга бериш кераклигини айтишди. Ёдингизда бўлса, илгари ҳам сардор вазифасида жамоадошларимни майдонга олиб чиққандим. Бу футболчидан катта масъулиятни талаб қилади. Клубда сардор сифатида майдонга олиб чиқишдан, кўра, терма жамоада ушбу масъулиятни ҳис қилиш қийинроқ кечади.
— Яқинда Европа Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Рақиблар хусусида нималарни айта оласиз?
— Қуръанинг кўзи кўр деб бежиз айтишмаган. Рақибларимиз яхши. Ўтган йилларга қараганда, кейинги босқичга чиқишимиз учун имконият борлигини айта оламан. Ҳозирда гуруҳимизда фаворит сўзссиз Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳисобланади. Жорий йилда клуб Германия Бундеслигасида чемпионатни яхши бошлади ва асосий рақибимизга айланади.
— Грециянинг “Паок” клуби Дмитар Бербатовни ўз сафига жалб қилди. Озарбайжоннинг «Габала» жамоаси ҳам ўзига яраша кучга эга ҳисобланади. Бу рақиблар ҳам яхшигина қаршилик кўрсатиши мумкин, тўғрими?
— Юқоридаги фикрларим билан қолганларга аутсайдер сифатида қарамоқчи эмасман. “ПАОК” ва “Габала” ҳам яхши жамоалар деб биламан. Гуруҳимиздаги асосий фаворит сифатида барибир «Боруссия»ни тан оламан.
— 17 сентябрь куни сафарда шу клубга қарши майдонга тушасизлар. Биласиз, клуб стадионга ҳар бир ўйинда ўртача 80 мингдан ортиқ мухлис келади. Европада мухлислик маданияти юқори ҳисобланади. Бундай босимга тайёрмисиз?
— Кечирасиз-у, мен бундай стадионга, муҳитга, бундай ҳолатга биринчи маротаба дуч келишим эмас. Билсангиз, тўртинчи йилдирки, Европа Лигасида тўп суриб келмоқдаман. Табиийки, турли клубларга қарши ўйнаганман. Шу боисдан бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкинмас.
- «Анжи»дан «Краснодар»га ўтганингиздан сўнг, муҳит борасида қандайдир ўзгаришларга дуч келдингизми?
- Фақат, иқлим борасида бироз ўзгариш сездим холос. Бошқа томондан тафовут кўрганимча йўқ.
- Ўтган мавсумда жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилдингиз. Бу сизга нима берди?
- Янада кўпроқ ишонч тақдим қилди Ўз устимда ишлаб, жамоага фойда келтириш борасида ўйлаяпман. Чунки бундай ишонч билдирилганининг ўзи бир бахт ҳисобланади.
- Икки ўғлингиз бор. Улар келажакда сизни издошингиз бўлишни мақсад қилса, бунга қаршилик қилмайсизми?
- Агар уларда шундай истак ва хоҳиш бўлса, қаршилик қилмайман.
- Болалар ёшлигидан нимага қизиқиши борлиги кўриниб боради. Фарзандларингизни қизиқиши кўзга ташланяптими?
- Уларда коптокдан кўра, қўшиқ айтишга қизиқиш юқори.
- Одил Аҳмедов қайси жамоада бўлишидан қатъий назар, доимо 25-рақам остида тўп суриб келади. Бунда қандайдир рамзий маъноси борми?
— “Пахтакор”га келганимда айнан шу рақамни беришган. Шундан кейин 25 рақамида тўп суришни одатга айлантирганман. Рақам алмаштиришни ёқтирмайман.
Иззатбек АБДУВАҲОБОВ суҳбатлашди





