Қамчиқ довони Фарғона водийсини малмкатимизнинг қолган ҳудудлари билан боғлаб турувчи асосий кўприк саналади. Айни пайтда бу ҳудудда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва ҳайдовчилар учун барча шароитларни яратиш борасида кенг қамровли ишлар олиб бориляпти.
Шоли баҳона сув ичган “курмаклар”
Ҳар йил бу ҳудуддаги йўлларни таъмирлаш, мавжуд шароитларни янада яхшилаш мақсадида давлатимиз хазинасидан жуда катта миқдорда маблағ ажратилади. Шунинг учун бўлса керак, бу ҳудудддаги йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари мунтазам давом этади. Мақсад битта: йўловчилар тез, хавфсиз ва эсон-омон ўз манзилига етиб олсин.
Бу борада амалга оширилаётган ишларда йўл қурилиши ташкилотлари зиммасига ҳам катта масъулият юклатилади. Йўлсозлар, мутасадди ташкилотлар бу борадаги вазифаларини виждонан адо этиши лозим. Акс ҳолда...
Ҳикоямиз қаҳрамонлари ҳам аслида виждондан жиғилдон устун қўйиб, ўз нафсини рози қилиш учун давлатнинг, халқнинг миллионларини ўрмаришдан қайтмаган кимсалар тоифасидан.
Қирқ бешни қоралаган Муродиллохон Абдуллахаев қурилиш борасида анча-мунча тажрибага эга. Шу сабабли 2007 йилдаёқ “Shoh Jaloliddin Somoniy” номли масъулияти чекланган жамиятга асос солиб, шу йўналишда фаолият юрита бошлади. Анча-мунча объектларни фойдаланишга топширач, унинг хизматига талаб ҳам, қизиқиш ҳам орта бошлади.
Кейин эса, қурилиш тизимида ҳар хил найранглар қўллаб, мўмай даромад орттириши мумкинлигини англагач, Муродиллохоннинг фикри бузилди. Рост, у тўғри йўл билан ҳам кам пул топмасди. Аммо, нафс қурғур инсонни не куйларга солмайди.
Муродиллохон аввал ўзига ўхшаган, пул деса ўзини томдан ташлайдиган кимсаларни қидириб топди, уларниннг даврасига қўшилди. Улар билан қандай, қаердан, қай тарзда пул ўмариш йўллари ҳақида биргалашиб бош қотиришди, турли ҳийла-найранглар ўйлаб топишди. Бу жиноий тўданинг бошида эса, “Қамчиқавтойўл” Ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси (ИЙФК) директори Носиржон Жўраев турарди. Шунингдек, бу тўдага мазкур корхона бош муҳандиси Акрамжон Ҳамдамов, бўлим бошлиқлари Раҳматулла Паттаев ва Собиржон Абдихолиқов, бўлим бош мутахассиси Асатилла Нормирзаев ҳам жалб қилинди. Қўйинг-чи, ушбу корхонанинг собиқ раҳбарию, масъул ходимларидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг айрим мансабдор шахслари бу жиноий даврадан жой олишганди.
Иштаҳа ош устида келади
Давра аҳлининг ҳар бири қиладиган ишларини олдиндан белгилаб олганди. Одатда “Қамчиқавтойўл” ИЙФК ҳамда “Shoh Jaloliddin Somoniy” МЧЖ ўртасида бирор объектнинг қурилиши ёки таъмирилиши бўйича шартнома имзоланар, ушбу шартномага мувофиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасидан “Shoh Jaloliddin Somoniy” МЧЖ ҳисоб-рақамига тегишли мидорда пул маблағлари кўчирилар, кейин эса, МЧЖ томонидан бажарилган ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби акс этган ҳужжатлар тегишли идораларга “силлиққина” тақдим этиларди. Хўш, бунинг нимаси қонунбузарлик дейсизми? Ҳаммаси ана шунда-да! Қоғозда кўрсатилган сумма билан ҳақиқиатдан сарфланган, ишлатилган маблағ орасида ер билан осмонча тафовут бўларди. Бу “тафовут” эса, биз ҳали айтганимиз – “давра аҳли” ўртасида тақсимланарди. Зеро, йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари учун керак бўладиган барча ҳужжатларни ишлаб чиқадиган, текширадиган, тасдиқлайдиганларнинг асосий “қўллар” шу даврадан ўрин олганди.
“Давра”нинг катталиги ва унинг ичида “катта”ларнинг ҳам борлиги биз айтган тафовут рақамлари ортида нечтадан ноллар туришини тахминан бўлса-да, тасаввур этишингизга имкон бергандир?
Дейлик, 2012 йилнинг октябрь ойида “Shoh Jaloliddin Somoniy”МЧЖ ва “Қамчиқавтойўл” ИЙФК ўртасида Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Ангрен-Ўш автомобил йўлида “Эргашсой”, “Оҳангарон”, “Қамчиқсой” ва “Резаксой” кўприкларида қурилиш таъмирлаш ишларини бажариш учун пудрат шартномаси имзоланди. Ушбу шартнома бўйича жами 443 млн сўмликдан ортиқ иш бажарилгани расман қайд этилади. Аммо, кейинчалик олиб борилган текширувлар натижасида бу ҳудудда ҳаммаси бўлиб, салкам 243 миллион сўмлик иш бажарилган бўлиб чиқди. Қолган маблағлар, аниқроғи 200 миллион сўмдан зиёд маблағ гўёки ишчиларнинг иш ҳақи, техника, қурилиш материаллари, транспорт, солиқ ва бошқа харажатлар учун сарфланган дея кўрсатилса-да, аслида ҳамтовоқлар ўртасида тақсимланган эди.
Яна бир гап: Тегишли қонун ҳужжатларига кўра мазкур МЧЖ давлатга қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилган. Бироқ, жиноий гуруҳ аъзолари тегишли идораларга тақдим этган ҳужжатларда 64 миллион сўмликдан ортиқ маблағни гўёки солиққа тўлангани ҳақидаги сохта маълумотларни киритишган. Табиийки, ушбу сохта маълумотлар остида “бир кемага тушганларнинг” жимжимадор имзолари товланиб турарди. Аслида бу пулллар ҳам жиноий шерикларнинг жиғилдонидан “лўқ” этиб ўтган ва хазм бўлиб кетганди.
Овқат иштаҳа устида келади, деб тўғри айташаркан. Мўмай даромаднинг худди сойдек оқиб келиши ҳамтовоқларнинг иштаҳасини оширгандан ошириб юборди. 2013 йилнинг июнь ойида шерикларнинг чекига Ангрен шаҳридаги янги асфальт-бетон заводининг қурилиши ва жорий таъмирлаш ишлари тушади. Бу “иш”дан келаётган ҳад-ҳисобсиз даромад ҳиди “ҳамкасб”ларнинг уйқусини ҳаром қилганди.
Жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тегишли идораларга тақдим этилган ҳужжатларда юқорида номи зикр этилган шартнома асосида ҳаммаси бўлиб 1 млрд 211 млн сўмликдан ортиқ иш бажарилгани кўрсатиб ўтилган. Аслида эса, “пичоққа илинадиган” ишларнинг ҳақиқий қиймати 1 миллиард сўмдан сал ошарди, холос. Орадаги тафовут 206 миллион сўмдан ошади. Қани ўша пул? Буни фақат биз тилга олган ана шу жиноий тўда аъзолари биларди.
Шаҳар бедарвоза эмас!
“Ҳамкорлар”нинг қинғир ишлари фақат ана шу кирдикорлар билан битса кошкийди. 2013 йилнинг сентябрида улар “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” автомобил йўли бўйлаб қўриқлаш пунктлари, кўприк, вольер сингари иншоотлар барпо этиш бўйича пудрат шартнмаси имзолашади. Далолатномада бажарилган ишлар ҳажми салкам 83 миллион сўм этиб белгиланади. Аслида қилинган қишларнинг умумий қиймати 37 миллион сўмдан сал ошарди холос.
Бажарилган ва бажарилмаган ишлар ўртасидаги фарқ эса, 45 миллион сўмдан ошади. Бу пул ҳам сизу бизга маълум “сценарий” асосида “қулоғини ушлаб кетган”ини англаб турибсиз.
Бундай мисоллардан Сизга яна қанча керак? Ҳар доим “ўз фойдасига адашишни” ўрганган Абдуллахаев ва унинг шериклари жиғилдонни тўлдириш йўлида янги-янги найрангларни, қонунбузарликларни ўйлаб топаверишди. Уларнинг асл кирдикорларини фош этиши мумкин бўлган ҳужжатлар эса, қасдан йўқотилди.
Бироқ, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йил ўтиб ҳам юзага чиқиши асрлар давомида қайта-қайта ўз исботини топиб келган. Афсускуи, ана шу ҳақиқатни бу ка-атта “давра” аҳли тушунмади. Тушунганида эса, кеч бўлганди.
Тегишли идоралар томонидан ўтказилган ҳаққоний текширувлар “ҳамкорлар”нинг асл қиёфасини фош этди-қўйди. Аниқ факт, рақам ва далиллар қаршисида уларнинг бари мум тишлади.
Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг ҳукмига асосан, Муродиллохон Абдуллахаев мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. У томондан давлат ғазнасига етказилган моддий зарар ҳам тўлиқ унлириб олинди. Абдуллахаевнинг “ҳамтовоқлари” ҳам қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилдилар.
Ана шунақа гаплар! Қаҳрамонларимизнинг қисмати мансабни даромад манбаи деб қарайдиган кимсалар учун яхшигина сабоқ бўлса ажаб эмас.
Соҳиб ИХТИЁР