АсосийJinoyat

Бир ойлик амал талвасаси

 Бирон ишга тайинланган  янги раҳбардан нафақат, жамоани бошқариш, балки, иш фаолиятини оқилона ва одилона тартибда ташкил этиш талаб этилади. Раҳбар зиммасига юклатилган бу каби масъулиятли вазифаларни тўлақонли адо этишига умид билдирган Питнак шаҳар тиббиёт бирлашмаси жамоаси янги бошлиқни ана шундай кайфиятда қарши олишганди. 
            Кўнгил неларни тусамайди?
 2015 йил 5 июнь куни Питнак шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланган Шерзод Оллаберганов (исм шарифи ўзгарилган)нинг ташаббускор ва шижоатли раҳбар сифатида қўллаб-қувватлаган жамоа аҳлининг табрик ва тилакларидан мамнун бўлган янги кабинетига кириб креслога ястаниб ўтираркан, хаёлида янги фикрлар чарх ура бошлади:
-Мана ишни ҳам бошлаб олдик, энди кейинги масалага ўтсам ҳам бўлаверади.
Хаёлидаги ўйлар секин-аста режага, кейин эса қатъий мақсадга айланди. Уни ҳадеб безовта қилишга тортинган ҳамкасблару ходимлар  “ҳали янги-да, секин-аста иш бошлайди”, дея янги раҳбардан янги ташаббусларни кута бошлашди. Вақт эса ўтаверди. Бир ой катта муддат эмас, аммо, маълум би ишни амалга ошириш учун етарли фурсат эди.  
Сиздан угина...
Бу дунёда бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ, деб ҳисобловчи Шерзод Оллаберганов “йўқни йўндириб, борини дўндираман”, деб мақтанишни канда қилмасди. Ўзини уддабурон ҳис қилган раҳбар “қаловини топсанг бўлди, уёғи осон...” каби маслаҳатларини  иш юзасидан қабулига келаётганларга кўп бора такрорларди. 
Унинг қабулига фуқаро О. Азизованинг  иш сўраб кириши  Ш. Оллабергановни бироз ўйлантириб қўйди. Аммо танимаган-билмаган одамга сир бой бергиси келмай, “ҳозир бўш ўрин йўқ, кейинроқ хабар олинг” дея баҳона  кўрсатиб қўя қолди. О. Азизова ҳам бу жавобдан кейин кейинроқ, албатта, яна келишини айтиб, хайрлашиб чиқиб кетди. Орадан икки кун ўтди. Яна унинг ҳузурига кирган О. Азизовани кўрган раҳбар “нияти жиддий экан, демак, муддаога ўтсам бўлади” деб ўйлади.
-Синглим, ўзингиздан қолар гап йўқ, ишни ўзига яраша талаблари, “салом-алиги” бор...
-Қандай талаблар бўлса бажараман, менга иш керак.
 -Тушунган аёл экансиз. Ҳамшираликка тўртта, санитаркаликка учта “қоғоз” бўлади. – бошмалдоғини кўрсаткич бармоғига ишқалади Шерзод. 
-Майли.Тушдан кейин олиб келаман. 
Бир оғиз жавоб Ш. Оллабергановни хурсанд қилди. Қувончини сиртига чиқарди. 
-Баракалла, синглим. Яна кўришамиз. 
Тезда келишини айтиб, чиқиб кетаётган О.Азизова билан қуюқ хайрлашаркан, раҳбар ўйга толди:
“Сал камроқ айтиб юбормадиммикин? Савдолашиб ҳам ўтирмади.. Ма    йли, бу ёғига пишиқроқ бўламиз-да!...”
                    Ва ниҳоят...
...Келишилган пайтда кириб келган О.Азизовани кўрган Ш.Оллаберганов ўрнидан туриб кутиб олди:
-Қойил қолдим сизга, ваъдангизни бажараркансиз. Кечикмадингиз ҳам. Ҳали ишга жойлашсангиз ишниям дўндирасиз. Мен бунга ишонаман. 
-Ҳаракат қиламан, мана сўраганингиз, - дея 300 АҚШ долларини узатди.
-Дафтар орасига қўяқолинг, - дея мамнун жилмайган Ш.Оллабергановнинг севинчи кўпга чўзилмади...
Ички ишлар ходимларининг хонага кириб келишлари унинг қинғир режаларига нуқта қўйганди.
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди ҳукмига кўра Ш. Оллабергановга маълум муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқи ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Ана шунақа!..

Наргиза Бўронова, 
журналист  

    Бошқа янгиликлар