АсосийJinoyat

“Боламни сотаман...”

Жиззахлик Ҳалима (исм-фамилиялар ўзгарган) биринчи турмушидан ажрашгач, Тошкентга келди. Ижарага уй топиб, яшай бошлади. Битта товуққа ҳам дон ҳам сув керак дегандай, пул топиш илинжида қилмаган иши қолмади. Тошкентдай шаҳри азимда кун кечиришнинг ўзи бўлмайди.

Шундай кунларнинг бирида у Низом билан танишиб қолди. Уларнинг шунчаки танишлик муносабатлари чуқурлашиб, пинҳона учраша бошлашди. Ҳалима учун Низом нажот фариштаси бўлиб туюлди. Чунки у оиласидан орттириб, Ҳалимага озми-кўпми ёрдам берди. Ҳалима ҳомиладорлигини Низомга билдирганда, у ғазабдан тутоқиб кетди. “Менга бола керакмас, ўзимнинг болаларимга зўрға нон топаяпман-у, сени болангни қандай боқаман?” дегандан кейин, болани аборт қилдирмоқчи бўлди, аммо ҳомила муддати катта бўлганидан уни олдиришга қўрқди.

Боланинг нархи қанча?

Ҳалима тушкунликка тушиб, нима қилишни билмай боши қотди. Болани туғса, уйда ўтириб қолади, уни ким боқади? Ижара ҳақига, рўзғорга пулни қаердан олади? Шундай муаммолар билан боши қотган Ҳалиманинг жонига қўшниси Малика оро кирди.

–Сирдарёда таниш акушер аёл бор. Сизни унинг олдига олиб бораман. У сизга, албатта, ёрдам беради.

Ҳалима қўшниси Малика билан “қайдасан, Сирдарё?” деб йўлга тушишди. Малика уни Мастура Абдукаримовна исмли акушер аёлнинг олдига бошлаб борди. Мастура туман поликлиникасида акушер-гинеколог бўлиб ишлар, туғруқхонада ҳам навбатчиликда турарди. Малика Мастура Абдукаримовнага вазиятни тушунтирди. Мастура Абдукаримовна Ҳалимани текширувдан ўтказди. Аёлга ёрдам беришини, аммо хизмат ҳақи 300 доллар бўлишини айтди. Ҳалиманинг 300 доллар тўлаш кераклигини эшитиб, капалаги учди. Энди бунча пулни қаердан олади?

–Менда сиз айтган пул йўқ, м, шароитим оғир. Бир яхшилик қилинг...

– Бўлмаса... Буни фақатгина битта йўли бор, чақалоқни сотамиз, менга 300 доллар берсангиз бас, қолгани сизга.!..

Орадан кўп ўтмай, Мастура Абдукаримовнанинг ҳузурига Гулсара исмли аёл келиб, синглисининг фарзанди йўқлигини, агар иложи бўлса, бирорта онаси воз кечган чақалоқ бўлса сотиб олишни, уни рози қилишини билдирди. Унинг гапларини эшитган Мастура Абдукаримовнага жон кирди.

– Шундай аёл бор. Туққандан кейин боласини 1000 АҚШ долларига сотмоқчи. Истасангиз, у билан таништириб қўяман, – деди.

Жорий йилнинг қайноқ ёз кунларидан бирида Мастура Абдукаримовна билан қўнғироқлашган Ҳалима қўшниси Малика билан текширувдан ўтиш учун Сирдарёга отланишди. Улар Мастура Абдукаримовнанинг уйига келишди. Бу ерда уларни чақалоқ сотиб олмоқчи бўлган Гулсара ва унинг синглиси Зеболар кутиб туришарди.

Опа-сингил чақалоқни  қонуний  расмийлаштириб беришсагина, 1000 АҚШ доллари беришга рози бўлишди, аммо Ҳалиманинг аввалги эри билан ФҲДЁ орқали қонуний ажрашмаганлигини билишгач, чақалоқни сотиб олишдан бош тортишди.

Тузоқ

Тайёр ўлжани қўлдан чиқармаслик, чақалоқни мўмайгина пулга сотиш учун энди Мастура Абдукаримовна бошқа мижоз қидира бошлади. Унинг мижоз қидираётгани тегишли идораларнинг қулоғига етиб борди. Тезкор тадбир ўтказиб, уни қўлга олиш, бефарзанд ота-она ролини ўйнаш учун иккита ходим ажратилди. Улар Ҳалиманинг телефон рақамини топиб, унга қўнғироқ қилишди, ўзларини “Аваз” ва “Мавжуда” деб таништиришди. Чақалоқ бу гал  1100 АҚШ долларига баҳоланди.

2015 йил 28 июнь куни туғруқхонада  Мастура Абдукаримовна навбатчилик қилган кечаси Ҳалима ўғил фарзанд кўрди. Бола соғлом эди. Орадан уч кун ўтгач, Ҳалима боладан воз кечганлиги ҳақида ариза ёзди. Чақалоқни олиб кетиш учун “Аваз” ва “Мавжуда”лар туғруқхонага келишди. Болани туғруқхонадан олиб чиқиш учун туғилганлик тўғрисида гувоҳнома йўқлигини баҳона қилган неонатолог врач Гўзал Каримовна, болани олиб чиқиш учун  улардан пул талаб қилди. “Бефарзанд ота-она” махсус ишлов берилган 62.000 сўм пулни унга беришди.

Туғруқхона ҳовлисида келишилган пулни олаётган Ҳалима ва ўзига тегишли 300 долларни қўлга киритган Мастура Абдукаримовналар тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди. Улар айбларини тан олмай, ўзларини ҳар томонга ташлаб кўришди, аммо махсус ишлов берилган пуллар ва овоз ёзиш аппарати уларнинг сирларини фош этди.

                                                                                            Лола Шоимова  

 

 

    Бошқа янгиликлар