1

“Инсофли солиқ тўловчи” тизимини шакллантириш вазифаси қўйилди

СИЁСАТ 27.07.2020, 21:26
“Инсофли солиқ тўловчи” тизимини шакллантириш вазифаси қўйилди

Бугун бўлиб ўтган яширин иқтисодиётни қисқартиришга бағишланган йиғилишда мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражаси юқорилиги айтиб ўтилди. Шу боис кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. 

Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди. Буларнинг натижасида охирги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушган.

Йиғилишда бу борадаги ишлар етарли эмаслиги қайд этилиб, галдаги вазифалар муҳокама қилинди. Халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Давлат раҳбари яширин иқтисодиётга қарши курашишда эҳтиёт бўлиш, иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик, бунинг учун давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ҳамжиҳатликда ишлаши муҳимлигини таъкидлади.

Солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириб, яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган тизим жорий этиш вазифаси қўйилди. “Инсофли солиқ тўловчи” тизимини шакллантириб, шу йил якунига қадар Тошкент шаҳрида намуна сифатида амалга оширишга кўрсатма берилди.

Давлат харидлари ва инвестиция лойиҳаларида коррупцияга чек қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Молия вазирлигига бу борада шаффофликни таъминлаш, жамоат назорати ва рақобатни кучайтириш мақсадида Давлат харидлари ахборот порталини ишга тушириш топширилди.

Эндиликда ҳар бир инвестиция лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши белгиланди. 2021 йилдан бошлаб ушбу тизим марказлашган маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган барча лойиҳаларга татбиқ этилади.

Давлат органларида ҳам яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик тизими жорий этилмоқда. Хусусан, Қурилиш, Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларида, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятларида бу борада ишлар бошланган. Йил якунигача яна 14 та ташкилотда ва давлат улушига эга 10 та банкда ушбу тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Соҳалар ва йўналишлар кесимида коррупцияга қарши курашиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш ҳамда ижросини муҳокама қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, давлат органлари, корхоналар ва ҳудудларда коррупция ва яширин иқтисодиёт рейтинг методикаси ишлаб чиқилиши белгиланди. 2021 йилдан бошлаб ушбу рейтинг натижалари эълон қилиб борилади, шу асосида барча раҳбарларнинг шахсий масъулияти баҳоланади.

Йиғилишда божхона ва солиқ тизимига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Инсон омилига чек қўйиш орқали контрабанда ва маҳсулотларнинг божхона қийматини сунъий пасайтириш ҳолатлари устидан божхона назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасига импорт товарларининг кириб келиши, божхонадан ўтказилиши ва сотилиши бўйича ягона базани ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан “Божхона аудити” ахборот тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди. 

Президентимиз яширин иқтисодиётни қисқартириш учун одамларнинг легал ишлашига кўмаклашиш, уларни манфаатдор қилиш кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид: 

Соҳалар кесимида коррупцияга қарши кураш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди

Бир қатор идораларнинг яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган ваколатларини қисқартиришга кўрсатма берилди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1