1

Тошкентда йирик жиноий гуруҳ фош этилди (давоми)

ЖИНОЯТ 03.12.2015, 09:38
Тошкентда йирик жиноий гуруҳ фош этилди (давоми)

(Боши ушбу манбада)

Бузоқнинг қочгани сомонхонагача

Албатта, саёқ юрган эртами-кечми, таёқ ейди. Шаҳар бедарвоза эмас. Ҳеч бир жиноят, қонунбузарлик ҳуқуқ-тартибот идоралари назаридан четда қолмайди. Баҳодир Сиддиқов ҳам ўғирлик ва талончилик эвазига топилган пуллар ҳисобидан бир умр ялло қилиб юраман, деб қаттиқ адашганди. Кунларнинг бирида у ҳуқуқ посбонлари томонидан қўлга олинди. Тергов-суриштирув ишлари бошланди.

Баҳодир Сиддиқовни Тошкент вилояти  Зангиота тумани ички ишлар бўлими Эшонгузар қўрғон милиция бўлимига қарашли хибсхонага вақтинча сақлаб туриш учун юборишди. Баҳодир шу ерда ҳам қилган номаъқул ишлари учун жавоб бериш кераклиги ҳақида эмас, қандай бўлмасин, бу ердан жуфтакни ростлаб, ўзининг қинғир ишларини давом эттириш ҳақида ўйларди.

 2014 йил 7 май куни Баҳодир Сиддиқовни бир гуруҳ гумонланувчи ва айбланувчилар билан бирга жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судига олиб келишди. Бу ерда суд тергови тугагач, улдарнинг барчаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов хибсхонасига жўнатилиш лозим эди.

Баҳодир қочиш учун пайт пойларди. Кечга яқин  суд биноси анча сийраклашиб қолади. У пайтдан фойдаланиб, конвой ходимларининг кўзини шамғалат қилиб, суд биноидан қочиб чиқди ва ўзини дуч келган томонга урди. Албатта, бу ўринда жиноятчиларга кўз-қулоқ бўлиш вазифаси ишониб топширилган конвой ходимларининг бефарқликка йўл қўйганини оқлаб бўлмайди. Шу боис, ашаддий жиноятчи Б.Сиддиқовнинг суд биносидан қочиб чиқишига шароит яратган ички ишлар ходимларига нисбатан ҳам жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан чора кўрилди.

Аввало Баҳодир қонуний жавобгарликдан қочиб қутулиб бўлмаслигини ўйлаб кўрмаганди. Қолаверса.у воқеа жойидан қочиб кетганидан кейин ҳам қинғир ишларида давом этди.

Ўғирланган “Каптива”

Баҳодир яна ўзига ҳамтовоқ излашга тушди. Кўр кўр билан қоронғида топишади, деганларидек, бу гал ҳам мўмай пул илинжида ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган шерикларни топишда қийналмади. Унга бу гал ҳали йигнирма ёш нари-бериидаги ўспиринлар Мирсардор Мирҳайитов ва Темур Ўринбоевлар рўбарў келди.

Бу гал у шериклар билан майда-чуйда нарсаларни эмас, бира-тўла каттароқ ўлжани қўлга киритишни мақсад қилишганди. Шериклар гапни бир жойга қўйиб, Олмазор туманидаги бир хонадонни ўмаришга келишиб олишди. Бу хонадон эгасининг “Каптива” русумли машинаси борлиги уларга олдиндан аён эди. Гаражни очиб киришни уддалаган “шоввозлар” машинани осонгина ҳайдаб чиқишди ва тун бағрига сингиб кетишди.

Йўл-йўлакай машинани тинтиб кўришган шериклар у ердан 100 минг сўм пул, пластик карточка, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси бошқа ҳужжатларни қўлга киритишди.

— Бу ҳужжатларни нима қиламиз? — сўради шериклардан бири.

— Нима қилардинг? Ойнадан ташқарига улоқтирвор, бировнинг қўлига тушмасин!

Шу тариқа улар машина эгасиниг муҳим ҳужжатларини нобуд қилишди ва уй эгасига жами 93 миллион сўмликдан ортиқ зарар келтиришди.

Орадан бироз вақт   ўтиб жиноий гуруҳ Тошкент вилоятининг Ўрта чирчиқ тумани ҳудудида жиноят содир қилиб, қайтиб келаётганда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг тўхташ ишорасига риоя қилмасдан қочиб қолишади ва шу кечанинг ўзидаёқ, изни йўқотиш учун Тошкент шаҳар Олмазор туманидан эгаллаб олинган “Каптива”ни ёқиб юборишади.

Маҳалла ҳам бефарқ қараган...

Ҳа, қаердаки жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмас экан уша жойда жиноят турлари ўсиб кетаверади. Баҳодир Сиддиқов бошлиқ жиноий гуруҳ кундан-кунга қутуриб борарди.  Аввал бошида улар ҳар қандай хонадонга яшириниб, писиб-паналаб кирган бўлса, энди эса очиқчасига босқинчлик, талончилиқ қилиб, уриб, калтаклаб мол-мулкини олиб кета бошлайди. Аслида  улар Чирчиқ шаҳрида жиноий гуруҳ аъзоси Марат Эргашевнинг холасининг уйида норасмий равишда яшаб келаётган бўлсада, шу атрофдаги уйларни ҳам тунашни унутишмади.

Баҳодир Сиддиқов бошлиқ жиноий гуруҳ аъзолари баъзан ҳафталаб қорасини кўрсатмай, Чирчиқ шаҳридаги  10 кичик туман, 49-уй, 60-хонадонда ҳамда Шарқ кўчасидаги 70-уйда вақтинчалик яшаб келиб, жиноий режалар тузишган. Қўлга киритилган пул ва моддий бойликларни сақлаб келишган. Эгасиз уйга ким кириб чиқаяпти, ким келаяпти, ҳеч кимнинг ҳатто “Ишонч” маҳалласи ходимларининг ҳам иши бўлмаган.

Чирчиқ шаҳар милицияси, профилактика инпекторлари тегишли тартибда фуқароларни паспорт ва виза қоидаларига риоя қилиш, ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва олдини олиш юзасидан бирор бир тезкор тадбирларни ўтказмаган, ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараб келган.

Баҳодир Сиддиқов бошлиқ жиноий гуруҳ орани совутиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларни чалғитиш учун Тошкент вилоятининг бошқа туманларида пайдо бўларди. Жиноий гуруҳ аъзоси, нонкўр Темур Ўринбоев, шерикларини бир пайтлар ўзи ишлаган жамият омборига бошлаб келиб томни тешиб, 10 миллион 637 минг сўмлик мол-мулкларни умариб кетишади. Йўл-йўлакай яна бир дўкондан қурилиш анжомлари, Ғазалкентдаги мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотидан компьютор жамланмаси ва пулларни  олиб чиқиб кетишади.

Бадният меҳмон

2014 йилнинг июль ойи ўрталарида Бўстонлиқ туманидаги Товоқсой қўрғонида яшовчи Наргиз Умарованинг уйига унинг қариндоши, мазкур  жиноий гуруҳ аъзоси Диана Аҳмедова меҳмонга келди.

Уйни синчиклаб кўздан кечирган Диананинг кўнгли бузилди. Бу уй ва ундаги ашёлар ҳақидаги маълумотларни гуруҳаъзолари етказган, босқинчилар бу хонадонни қандай ўмариш режасини туза бошладилар.

9 август куни қўшни қишлоқда яшовчи қариндошларнинг тўйига борган Наргиз Умарованинг уйи жиноий гуруҳ томонидан шип-шийдам қилиб, кетилиши керак эди. Тўйга табиийки Диана ҳам келганди, У   Наргизни гапга солиб узоқроқ тўйда  ўшлаб туришга ҳаракат қила бошлади.

Диана Аҳмедованинг ишорасидан сўнг, Баҳодир Сиддиқов бошлиқ жиноий гуруҳ Наргиз Умарованинг уйига йўл олди. 

Ярим тунда темир эшикни бузиш анчайин шовқин-сурон келтириши мумкинлигини ҳисоблаб улар томдан ип билан тушишни режалаштираётганда, шу уйда яшовчи Ички ишлар вазирлигига қарашли қоровул қўшинлари ҳарбий қисми ходимлари келиб қолишди ва  нотаниш одамларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қилишди.

Инсон ҳаётига суиқасд

Уч ойдан бери қидирувда бўлган жиноий гуруҳ раҳбари Баҳодир Сиддиқов қўлгша тушса, ҳаммаси тамом бўлишини яхши биларди. Шу боис у яна жиноят устига жиноятга қўл урди. Кутилмаганда, қонун посбонларига қаршилик кўрсатиб, ёнида бўлган пичоқ билан уларга  ҳамла қилди. Икки нафар ички ишларга ходимига  оғир тан жароҳати етказган Баҳодир бу гал ҳам воқеа жойидан қочиб яширинишга улгурди.

Шундан сўнг, барча куч ва воситалар, инсон ҳаётига суеъқасд қилган кимсани  қидириб топишга қаратилди.

Ишнинг ўта мураккаблиги ҳисобга олиниб Жиноят иши Республика Бош прокуратурасига ўтказилди. Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида содир бўлган жиноятлар тархи тузиб чиқилди. Шошилинч чора-тадбирлар белгиланиб, тезкор тергов гуруҳига малакали ходимлар жалб қилинди.

Барча блок постлар қаттиқ назорат остига олинди. Қидирувда бўлган ашаддий жиноятчиларнинг  суратлари тарқатилди.

Ҳар кимки ёмон бўлса...

Ҳа, ҳар бир ишнинг ибтидоси бўлганидек, интиҳоси ҳам бўлади. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўнлаб ўғирлик, талончилик ва босқинчилик жиноятларини содир этган жиноий гуруҳнинг тунгги юришлари шу тариқа якун топди. Аммо одамлар орасидаги лоқайдлик, бефарқлик туфайли Баҳодир Сиддиқов бошлиқ жиноий гуруҳнинг юришлари илдиз отиб кетган. Баъзи инсонлар ярим тунда чақирилмаган меҳмонларнинг жиноий қилмиши ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи  идораларга хабар бермаганини қандай тушуниш мумкин? Нима деб баҳолаш мумкин?

Суд Сиддиқов Баҳодирга 18 йил, шундан 3 йилини турмада ўтаттиришни белгилади. Сиддиқов Улуғбекга 13 йил, шундан 3 йилини турмада ўташ белгилади. (ака-ука хавфли рецидивист деб топилди. Гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам қилмишларига яраша жазо олишди.

Ҳа, бу дунёда ҳар бир ишнинг ўз сўрови бор.Жиноий гуруҳ аъзолари қилмишларига яраша жазо олдилар. Тонг отиши-ю, кун ботиши муқаррар бўлганидек, қилган топади. Нима эксанг, шуни ўрасан.  

Огоҳ бўлинг, одамлар! Огоҳ бўлинг!

Жўра БОБОРАҲМАТ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1