АсосийJamiyat

“Ишонч телефон”лари орқали қилинган мурожаатларнинг 4 фоизини қаноатлантириш рад этилган

2015 йилнинг 9 ойи давомида фуқароларимиздан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг мансабдор шахслари устидан келиб тушган 500 га яқин шикоятнинг бештадан биттаси ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тегишлидир. Бу ҳақда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланди.

“Ишонч телефон”лари орқали адлия идораларига қилинган мурожаатларнинг 96 фоизи қаноатлантирилган, аризаларнинг 4 фоизини қаноатлантириш рад этилган. Бу рақамлар нимадан далолат беради? Шикоят  билан мурожаат қилган одамларнинг у ёки бу давлат органлари қарорларидан норози бўлишга тўла ҳақли эканидан далолат беради.

Одамлар нима ҳақида ариза ёзмоқда? Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қарорлар қабул қилаётганидан, бу идораларнинг мансабдор шахслари қўпол муомалада бўлаётганидан, аҳоли мурожаатлари улар томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётганидан шикоят қилмоқда. Фуқаролар тергов органлари томонидан тергов ҳаракатларини амалга оширишда процессуал қонунчиликни қўпол равишда бузиш билан боғлиқ фактлар борлигини кўрсатмоқда.

"Юртимизда тадбиркорлик фаолияти бўйича асоссиз текширувлар ўтказилишига йўл қўймасликка қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинганига қарамасдан, ана шу соҳа вакиллари бундай ҳолатлар ва бошқа қонунбузарликлар давом этаётганидан шикоят қилмоқда.  

Мана шундай ва бошқа кўплаб мисоллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзларининг асосий вазифаси, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларининг талаб ва нормаларига сўзсиз риоя этиш эканини теран англаб олиши учун ҳали кўп иш қилишимиз кераклигидан далолат беради", дейди Ислом Каримов.

 

    Бошқа янгиликлар