Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Кўксарой” сув омбори қурилиши ишлари якунланди.
Лангар тоғидан оқиб тушувчи сой, булоқ ва сел сувлари тўпланишидан ҳосил бўладиган сув омбори 7,5 миллион куб метргача оби ҳаётни сақлаш қувватига эга. 78 гектар майдонни эгаллаган мазкур иншоотда тўпланаётган сув миқдори ва таркибини аниқлаш, уни тақсимлаш учун замонавий ускуналар ўрнатилган.Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг сув бериш қуввати йилига қарийб 12 миллион куб метр.
“Ўзмахсуссувқурилиш” ихтисослашган компанияси давлат корхонаси “Зарафшонмахсуссувқурилиш” филиали директори Ёқуб Юсуповнинг айтишича, мазкур иншоот тумандаги салкам минг гектар экин майдонини сув билан таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, муҳими, сел-тошқин ва офатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сув омборининг қурилиш-монтаж ишларига қарийб 21 миллиард сўм маблағ сарфланди.





