1

"Бунга 100 фоиз тинимсиз пул йиғган туман ХТБ айбдор". Китобда ўзини осган мактаб директорининг яқинлари марҳумнинг ўлими бўйича тафсилотларни маълум қилишди

ЖАМИЯТ 19.09.2020, 12:19
"Бунга 100 фоиз тинимсиз пул йиғган туман ХТБ айбдор". Китобда ўзини осган мактаб директорининг яқинлари марҳумнинг ўлими бўйича тафсилотларни маълум қилишди

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Китоб тумани "Янги қишлоқ" қишлоғидаги 13-мактабнинг 47 ёшли раҳбари Т.Н. ўзини мактабнинг ҳожатхонасида осиб, жонига қасд қилгани хабар қилинган эди. 

У ўлимидан аввал хат ёзиб қолдирган. 
 

Директор ўз хатида “Ҳурматли устоз касбдошлар, ҳар қандай шароитда ҳам коррупцияга йўл қўйманг. Мактабда ўтирган ътўнкаларʼ ҳам қимирласин. Кимлигини билдингиз. Ўшаларга яратгандан инсоф тилаб қоламан. Халқ боласининг кўзини ўйманг. Сизлардан ҳам илтимос” – деган фикрларни билдирган.

Айни пайтда "Nasafnews"нинг маълум қилишича, мактаб ўқитувчиси ва қорувули хат директор томонидан ёзилганини тасдиқлаган.. Қоровул воқеа бўйича фикр билдирар экан, мактаб жамоасида муҳит яхши эмаслигини айтади.

Ҳусниддин Эргашев, қоровул

– Шу куни тушлик пайтида директор мени туман халқ таълимига юборди,- дейди мактаб қоровули Ҳусниддин Эргашев. – Қоғозни олиб, бўлимнинг кадрлар бўлимига етказишимни айтди. Қоғозни кўрсам ариза экан. Шундан сўнг, туманга бордим. Энди бўлимга кираман деганимда ён қўшним менга телефон қилиб қолди. Ва у менга директор ўзини ҳожатхонага осиб қўйганини айтди. Уни стадионда ўйнаб юрган болалар кўриб қолган экан. Жамоада ўзаро келишмовчиликлар ҳам бўлган. Мактабда аввалги директордан буён раҳбарлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб олган.
 

Мактаб ҳожатхонаси

Марҳумнинг опаси ва тоғаси ҳамма воқеага сабабчи сифатида туман халқ таълими бўлими масъулларини кўрсатмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, марҳум қарзга ботиб кетган. Ўзини осиб қўйишига шу сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Барно Турдиева, Опаси

– Укам ўлимидан бир кун олдин менга туман халқ таълими бўлими мудирига қишлоқ оқсоқолларини олиб борсам, берган бир ярим минг долларимни қайтариб берар эканми деб айтди,- дейди директорнинг опаси Барно Турдиева. – Мен унга бўлим мудири буни тан олмаслигини айтиб, ҳадемай карантин очилса Россияга ишлагани кетасан деб айтдим. Укамни қишлоқ аҳли сайлаб директор қилган. Аммо уни ишга киришида туман халқ таълими бўлимига ҳаммадан қарз олиб, бир ярим минг доллар йиғиб берганмиз. Укам қарзларини тўлолмай, мактабни камоматини тўлайман деб, ўз жонига қасд қилди. Бунга 100 фоиз тинимсиз пул йиғган туман халқ таълими бўлими айбдор.

Марҳумнинг устози, айни пайтда мактабда рустили фанидан дарс берувчи Маҳорат Шукруллаеванинг айтишича, мактабнинг ҳамма юки директор зиммасига тушган. У ҳатто бир неча бор ўқитувчилардан мактабнинг қарзини тўлаш учун ёрдам сўраган.

Маҳорат Шукруллаева, Устози

-Марҳум директорни ўқувчилик давридан биламан, устози бўлганман,- дейди Маҳорат Шукруллаева. – Бирга ишлаганмиз, ўзини жонкуярлиги билан ажралиб турар эди. Меҳрибон инсон ва ота эди. Устозларини қадрлайдиган одам эди. Мактабни юкини кўпроқ бир ўзи тортарди. Ҳар бир масъулнинг ўзини вазифаси бўлади. Кўпроқ вазифа эса директор бўйнида эди. Юқори ташкилотлардан топшириқ бўлган вақтларга пул йиғиш керак деб айтилган. Кимдир орқага тортади. Ноилож бўлгандан кейин ўзини маблағларини ишлатарди. Кимдандир олиб , кимдандир беришга мажбур бўлган. Моддий томондан бора-бора бу етишмовчиликка олиб келган.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи эри спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслигини, воқеа содир бўлган кун тонгда кайфияти яхши бўлганини айтар экан, «бугундан ўзгараман, мактабни ўзгартираман» – деган фикрларни билдирганини маълум қилди.
 

Махсуда Рўзиева, рафиқаси

– Шу куни эрталаб соат 6 ларда уйдан чиқиб кетгандилар. Ишни бошлайман, назорат қиламан дедилар. Обедга қизимни жўнатдим. Қизимга пул бериб юбордилар. Китоб олиши учун. Кейин тушликдан кейин биз шу шум хабарни эшитдик,- дейди Махсуда Рўзиева.

Воқеа бўйича ўрганиш ишлари давомида марҳумнинг тоғаси Латиф Эшқобилов унинг қўлида ҳамма маълумотлар борлигини, аммо прокуратура ишни ҳаққоний ўрганмаётганини, журналистлардан умид қилаётганини, ҳақиқат барибир қарор топишини айтди.
 


Туман халқ таълими бўлими мудири чекка ҳудудлардаги мактабларнинг ўқув мавсумига тайёргарлигини ўрганаётганини айтган кадрлар бўлими бошлиғи Мансур Жониев воқеага шундай изоҳ берди:

Мансур Жониев

– Марҳум директорликка тайинлангандан кейин туман халқ таълими бўлимидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажариб келарди, – дейди Мансур Жониев

Текширув ўтказилганда, мактабда камoмад аниқланганмиди деган саволга:

– Агар ҳақиқатдан камомад аниқланган бўлса, биринчидан у ҳисобчида бўлади. Камоматни қайта ундириш керак бўладиган бўлса, суриштирув органларига бериладиган бўлса туман халқ таълими бўлимига тақдимнома юборилади. Бу борада хабарим йўқ. Биз март ойидан бери масофадан ишлаймиз, айтилган айбловлардан менинг хабарим йўқ.

47 ёшли мактаб директори ўзини осди. Унинг икки нафар фарзанди отасиз қолди. Воқеага айнан нима сабаб бўлгани эса ҳали ҳам аниқ эмаслиги марҳумнинг яқинларини чуқур ўйлантирмоқда.
 

Марҳумнинг қизи

-Мен шу куни тушлик пайтида дадамни олдига бордим. Дада пул беринг, китоб оламан дедим . Кейин дадам менга 25 минг пул бердилар. Мен уйга қайтдим. Дадам мени урушмас эдилар. Ҳар доим сизлаб гапирар эдилар. Дадам мени ҳатто сенлаб гапирмасди,- дейди вафот этган директорнинг 10 ёшли қизи.
 


 

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура воқеа бўйича муносабат билдириб, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланганини маълум қилган.

Ҳозирда туман халқ таълими, ички ишлар бўлимлари ҳамда махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази туман бўлимининг мутасадди ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Воқеалар ривожи бўйича яна маълумотлар тақдим этилади.

Шарҳлар

Меҳмон 21.09.2020, 08:48
Худо раҳматига олсин! Жойлари жаннатдан бўлсин!
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1