АсосийДунё

Япониялик олимлар барча қон гуруҳларига мос келадиган сунъий қон яратди

Ушбу сунъий қон хона ҳароратида 2 йилгача, совиткичда эса 5 йилгача сақланиши мумкин.

'Япониялик олимлар барча қон гуруҳларига мос келадиган сунъий қон яратди'ning rasmi

Япониянинг Нара тиббиёт университети профессори Ҳироми Сакаи бошчилигидаги олимлар гуруҳи янги турдаги, исталган гуруҳдаги беморларга қуйилиши мумкин бўлган сунъий қон ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Tokyo Weekender” хабар берди.

Маълум қилинишича, сунъий қон ишлаб чиқариш учун донорлик муддати ўтган қондан темир сақловчи, кислород ташувчи оқсил – гемоглобин ажратиб олинади. Сўнгра у ҳимоя қобиғи ичига жойлаштирилиб, барқарор, вирусдан холи сунъий эритроцитлар (қизил қон таначалари) яратилади. Бу сунъий ҳужайралар ҳеч қандай қон гуруҳига эга бўлмагани сабабли, мосликни текшириш зарурати йўқ.

Қайд этилишича, ушбу сунъий қон хона ҳароратида 2 йилгача, совиткичда эса 5 йилгача сақланиши мумкин. Бу эса донор қони билан солиштирганда анча яхши кўрсаткич, чунки донор эритроцитлари музлаткичда атиги 42 кунгача сақланиши мумкин.

Сунъий қоннинг кичик миқёсдаги синовлари 2022 йилда бошланган. 20 дан 50 ёшгача бўлган соғлом эркаклардан иборат 3 та гуруҳга 100 миллилитргача сунъий қон томир ичига юборилган. Баъзи иштирокчиларда енгил ножўя таъсирлар кузатилган, бироқ ҳаётий белгилар, жумладан, қон босимида жиддий ўзгаришлар бўлмаган. Ушбу муваффақиятга таяниб, ўтган йилнинг июль ойида Сакаи жамоаси тадқиқотларни тезлаштиришини эълон қилган. Март ойида эса кўнгиллиларга 100 дан 400 миллилитргача сунъий қон эритмаси юборила бошланган.

Агар ҳеч қандай салбий таъсир аниқланмаса, кейинги босқичда ушбу даволаш усулининг самарадорлиги ва хавфсизлиги ўрганилади. Сунъий эритроцитларни амалиётга 2030 йилгача жорий этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Токио марказидаги Чуо университетининг Физика ва муҳандислик факультети профессори Теруюки Коматсу ҳам қон босимини барқарорлаштириш, қон кетиши ва инсульт каби ҳолатларни даволаш учун альбуминли гемоглобин асосида сунъий кислород ташувчилар устида ишламоқда. Ҳозирча ҳайвонлар устида олиб борилган синовлар ижобий натижа берган, эндиликда эса олимлар инсонлар устида синовларни бошлашга тайёрланмоқда.

Маълумот учун, соғлиқни сақлашнинг муҳим таркибий қисми бўлган қон қуйиш амалиёти ҳар куни бутун дунё бўйлаб кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин. Аммо паст ва ўрта даромадли мамлакатларда етарли қон захирасини сақлаб туриш осон иш эмас. О – резус манфий қон гуруҳи (универсал донор тури) учун талаб одатда юқори бўлади, шу билан бирга донор қонининг яроқлилик муддати ҳам чекланган. Шунинг учун ҳам, сунъий қон амалиёти бутунлай тадбиқ этилса, кўплаб муаммолар бартараф этилиши мумкин.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Тўқаев Лукашенко ва Путинга миннатдорлик билдирди'ning rasmi

    Дунё Бугун 13:51

    Тўқаев Лукашенко ва Путинга миннатдорлик билдирди

    Қозоғистон Президенти Польшада ҳибсда бўлган дипломат Ануар Бакибай озод этилгани ортидан Александр Лукашенко ва Владимир Путинга миннатдорчилик изҳор қилди.

    'АҚШ Яқин Шарққа қурол сотишни тезлаштирди'ning rasmi

    Дунё Бугун 08:23

    АҚШ Яқин Шарққа қурол сотишни тезлаштирди

    АҚШ Яқин Шарқдаги иттифоқчиларига 8,6 миллиард долларлик қурол-яроғ сотилишини  Конгресссиз маъқуллади.

    'Яман қирғоқларида нефть танкери ўғирлаб кетилди'ning rasmi

    Дунё Бугун 05:08

    Яман қирғоқларида нефть танкери ўғирлаб кетилди

    Сомали қароқчилари Яман соҳилида нефть танкерини қўлга киритди.

    'Трамп Эрон тинчлик таклифи “мақбул эмас” эканлигига шубҳа билдирди'ning rasmi

    Дунё Бугун 04:27

    Трамп Эрон тинчлик таклифи “мақбул эмас” эканлигига шубҳа билдирди

    Трамп 14 бандли тинчлик таклифига шубҳа билдириб, Эрон нотўғри ҳаракат қилса, ҳарбий зарбалар қайта бошланиши мумкинлигини огоҳлантирди.

    'БАА ҳаво ҳудуди тўлиқ очилди'ning rasmi

    Дунё 02.05.2026 17:13

    БАА ҳаво ҳудуди тўлиқ очилди

    Дубай авиациясида одатий режим тикланди.

    'Эрон яҳудийлари вакили раҳбариятни қўллаб-қувватлади'ning rasmi

    Дунё 02.05.2026 16:58

    Эрон яҳудийлари вакили раҳбариятни қўллаб-қувватлади

    Эрон яҳудийлари жамиятнинг ажралмас қисми экани таъкидланиб, Мужтабо Хоманаийга нисбатан ижобий муносабат билдирилди.