АсосийJamiyat

"Ўзбекистон темир йўллари" 11 дона янги электровозларни харид қилди

 “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хитойда ишлаб чиқарилган ўн бир дона “O'z-ELR” электровозини харид қилди. Бу ҳақда “Uz24.uz” хабар бермоқда.

“Янги электровозлар оғир юкларни тоғ шароитида ташишга мослаштирилган бўлиб, шу турдаги бошқа локомотивларга нисбатан бир қатор афзалликларга эга”, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Нусратилло Абдуллаев.

“Жумладан, замонавий тормозланиш тизимлари ва комплекс хавфсизлик қурилмалари ўрнатилгани боис электр энергияси сарфи 5-8 фоизга камаяди. Экологик хавфсизлик бўйича халқаро талабларга жавоб берадиган локомотив «Toshiba» (Япония) компаниясида ишлаб чиқарилган экологик тоза асинхрон электр двигателлари, носозликларни таҳлил қиладиган микропроцессор тизими билан жиҳозланган. Сарфланадиган материаллар ресурси замонавий материаллар қўлланиши ҳисобидан 15 фоизга кўпайган, электровознинг ҳаво резервуари ҳар қандай иқлим шароитида ундан ишончли фойдаланишга хизмат қилади”. 

Электровознинг қуввати 7200 кВтга тенг бўлиб, конструкцион тезлиги соатига 120 километрни ташкил этади. Янги локомотивларда қўлланилган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш баробарида тепловозларда ишлатилаётган ёнилғи сарфи 2-2,5 марта камайишига олиб келади. 

Хабарда айтилишича, янги “O'z-ELR” электровозлар юк ташиш ҳажмини янада кўпайтириш имконини беради. 

    Бошқа янгиликлар