Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги “Даракчи” газетаси билан ҳамкорликда “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси бўйича иш бошлади.
Аввал хабар берганимиздек, бугун 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида “Даракчи” газетаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг ўринбосари Аъзамжон Қурбоновнинг таъкидлашича, агентлик минглаб истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда рекламаларнинг мувофиқлиги бўйича ҳам назорат олиб боради. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори ижросини таминлаш мақсадида туман (шаҳар)ларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан 12 160 та ташқи рекламалар қарор талабларига мослиги юзасидан хатловдан ўтказилган. Бундан талабга мос келмайдиган объектлар (конструкциялар) 6 850 та (56,3 %)ни ташкил этган бўлиб. Уларнинг эгаларига маҳаллий ҳокимиятлар томонидан 3 072 та кўрсатма (огоҳлантириш) хатлари юборилган.Бугунги кунда қарор талабларига мос келмайдиган объектлар (конструкциялар) қарор талабларига мослаштириш ва демонтаж қилиш ишлари давом этмоқда.
Таъкидланишича, ўтган бир йилда 12 мингдан ортиқистеъмолчи мурожаатлари кўриб чиқилди. 1,7миллион истеъмолчиларнинг ҳуқуқи бузилиши натижасида 23 миллиард 500 миллион сўм ортиқча маблағ ҳисоблангани аниқланган, улардан 5 млрд. сўмга яқини истеъмолчиларга қайтарилган маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 10га яқин соҳавий ўрганишлар ўтказилган. Шундан, янги қурилган кўп қаватли уйларни сотишда истеъмолчилар билан тузилган шартномалар, автомобилларни ижарага (автолизинг) бериш хизмати, тижорат банклари билан истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномалар, карантин даврида обуна ишлари, истеъмолчиларга замонавий электр ва газ приборлари ўрнатилиши, суюлтирилган газ етказиб бериш, ҳудудларнинг мобил қамров даражаси, автобус бекатлари ҳолати ва бошқалар юзасидан мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, истеъмолчи ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли идораларга ахборот ва таклифлар киритилган.
–Энди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва "Даракчи" газетаси билан ўзаро мақсадли ҳамкорлигига келсак, бундан мақсад – ижтимоий шерикликни таъминлаш орқали фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқлари бўйича билими ва кўникмаларини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳаётидаги кундалик муaммoлaрини ҳaл этишдан иборат, деди Аъзамжон Қурбонов.
Ҳаммамизга маълумки, “Даракчи” газета фаолият бошлаганига ҳам 24 йил бўлибди ва ана шу фурсатда мазкур нашр кўп сонли газетхонларнинг эътиборини қозонди, десак муболаға бўлмайди.
Қувонарлиси,бугунги кунгача “Даракчи” газетаси орқали Агентлик томонидан тақдим этилган истеъмолчилар учун муҳим ва долзарб бўлган мавзуларда ўндан ортиқ мақолалар ёритилди. Ижобий ҳал этилган мурожаатларда газетанинг муносиб ҳиссаси бор.
Ўйлаймизки, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан “Даракчи” газетаси ўртасида келишув битими тузиш орқали ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари келажакда янада ўзининг ижобий натижасини беради.
Ўз мақсадидан келиб чиқан ҳолда, келишув битимида:
аҳолининг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини татбиқ этиш;
фуқароларга истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш;
истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан қўшма таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;
фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, жумладан сайёр қабулларни мунтазам ўтказиш аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш – ҳамкорликнинг асосий мезони бўлади.