АсосийJamiyat

“Даракчи” газетаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида меморандум имзоланди

'“Даракчи” газетаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида меморандум имзоланди'ning rasmi

Бугун 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида “Даракчи” газетаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 2019 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бир йиллигини нишонламоқда. У истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юргизувчи ҳамда давлат органлари, ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли органи ҳисобланади.

Агентликда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт, Савдо, умумий овқатланиш ва туризм, Ижтимоий ва молиявий хизматлар, шунингдек, алоқа хизматлари соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Реклама фаолиятини тартибга солиш, Таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш бошқармалари мавжуд. Шунингдек, Давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ишлаш ва халқаро ҳамкорлик, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар, IT-технологиялар, инновациялар ва Smart consumer тизимини жорий қилиш бўйича учта бўлим фаолият юритмоқда.

Агентликнинг consumer.uz веб-сайти ва 1159 ишонч телефони орқали ижтимоий саҳифаси ташкил қилиниб, интерактив хизматлар ва онлайн савол-жавоб йўлга қўйилган.

Агентлик томонидан ўтган бир йилда 12 мингдан ортиқ истеъмолчи мурожаатлари кўриб чиқилди. 1,7миллион истеъмолчиларнинг ҳуқуқи бузилиши натижасида 23 миллиард 500 миллион сўм ортиқча маблағ ҳисоблангани аниқланганиб, улардан 5 млрд. сўмга яқини истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланди.

Ижтимоий тармоқлар орқали  коммунал, реклама, савдо, алоқа ва бошқа соҳалар  бўйича тушган 1362 та ариза 90% ижобий  ҳал этилишига эришилди.

Агентлик бугунги кунда кўплаб матбуот нашрлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Бу ҳамкорликдан мақсад асосан аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини ошириш, фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқлари таъминланишига ҳисса қўшишга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар