Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати ўз биносида, суд мажлисида ЖИБ Тошкент шаҳар судининг 2011 йил 10 ноябрдаги ҳукмига кўра, 1980 йил Андижонда туғилган маҳкумга нисбатан чиқарилган ҳукмга у томонидан келтирилган кассация шикоятига асосан жиноят ишини кассация тартибида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Ҳамиджон ШАМШИЕВ хабар қилди...
Маҳкум Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, ЖК 59-моддасига асосан жазоларни қисман қўшиш йўли билан 23 йилу 6 ой узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
У ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ ҚИЛГАН ЭДИ?
Маълум бўлишича, маҳкум 2006 йил августда танишлари билан биргаликда Москвага бориб, у ерда ёлланма ишчи сифатида турли қурилиш ишларида иштирок этиб, бажарган ишлари учун олган иш ҳақи билан ҳаёт кечириб келган. 2007 йилнинг сентябрида Андижон вилояти, Бўз туманида туғилган таниши билан бирга Россия Федерацияси фуқаросига тегишли, Москва вилоятидаги бир қишлоқда жойлашган уйга боради. У ерда Россия Федерацияси фуқароси билан қурилиш моллари дўконида ва унинг хонадонида қурилиш ишларини амалга оширишни 50.000 рубл эвазига келишган.
Маҳкум таниши билан бирга 2007 йилнинг октябрида келишилган ишларни тамомлашади. Бу ҳақда хонадон эгасига маълум қилиб, иш ҳақини беришни талаб қилганида у иш ҳақини бермаслигини маълум қилган. Уй эгасининг мазкур ҳаракатлари учун ундан қасос олиш мақсадида икковлон спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатга тушишади. Уй эгасининг хонадонида мол-мулки борлигини билиб, босқинчилик йўли билан хужум қилиш ва уй эгасинигина эмас, балки ўша хонадонда яшаган Россия Федерацияси фуқароси аёлни ўлдириб, номусига тегишни, мол-мулкларини қўлга киритиш режасини тузишади.
Режасини амалга ошириш учун иккови вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишади. Унга кўра, маҳкум хонадон эгасини ўзлари вақтинча яшаб турган гаражнинг 2-қаватига олиб чиқиши, сўнг жанжал чиқариши, таниши эса шу фурсатдан фойдаланиб, уй эгасини орқа томонидан хужум қилиб, ўлдириши керак эди. Сўнг уй эгасининг жазманини номусига биргаликда тегиб, уни ҳам ўлдиришлари ва мол-мулкларни эгаллаши лозим бўлган.
Мазкур жиноий режа асосида ҳаракат қилиб, маҳкум гараж электр ёритгичи ўчиб қолганини баҳона қилади. Уни ёқишдан ёрдам беришликни билдириб, хонадон эгасини ёнига чақирган. У маҳкумнинг олдига, гаражнинг 2-қаватига чиққанидан сўнг сунъий равишда ўзаро жанжал чиқариб, уни чалғитиб туради. Қулай фурсат кутиб турган таниши ўзига юкланган жиноий режа асосида ҳаракат қилиб, гаражнинг 1-қаватидан 2-қаватига кўтарилиб, уй эгаси ва маҳкум ўзаро тортишиб турганини кўриб, шу атрофда бўлган узунлиги 845 мм. бўлган темир труба бўлагини қурол сифатида фойдаланиш учун қўлга олади. Уй эгасининг орқа томонидан бир неча марта уриб, унга оғир тан жароҳати етказган. Натижада уй эгаси ҳушидан кетиб, полга йиқилган. Уни ўлмаганини кўрган маҳкум унинг ҳаёти учун муҳим бўлган органларига бир неча марта тепиб, уриб, сўнг танишини қўлидаги темирни олиб, яна баданини турли соҳаларига яна урган.
Шундан сўнг, икковлон келишиб, уй эгасини ўлганига янада ишонч ҳосил қилиш учун шу атрофда бўлган электр кабел билан бўғиб ўлдиришган.
Кейин марҳумнинг хонадонида дам олаётган марҳумнинг жазманига гараж калитини топиб беришликни баҳона қилишади. Аёл “калит қаерда эканини билмайман”, дея ортга қайтмоқчи бўлганида маҳкум қўлидаги темир труба бўлаги билан унинг бош пешона ва энса соҳаларига уриб, оғир тан жароҳати етказган. Натижада аёл ҳушидан кетиб йиқилган. Икки шерик зўрлик ишлатиб, аёлнинг номусига тегади... Жиноий харакатларидан кейин ҳам аёл нафас олаётганини кўриб, оғиз-бурнини қўллари билан беркитиб ўлдиради.
Мақсадга эришиш учун хонадонда тинтув ўтказиб, жами 119.340 рубль (6.113.788 сўм) қийматидаги мулкларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишади.
Мазкур жиноий қилмишлари фош бўлиши ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинишидан қўрқиб, жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида қўлга киритилган мол-мулкларни ўзлари билан олиб, у ердан Ўзбекистонга қочиб келишган.
Сирдарё вилояти орқали чегара постларини четлаб, қонунга хилоф равишда Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2008 йил январга қадар бўлишади. Сўнг яна чегара постларини четлаб, белгиланган тартибни бузиб, Ўзбекистонга қайтиб ўтиб, тергов органидан яширинган.
Бундан ташқари, маҳкум 2011 йил март ойида таниши билан такроран босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-тарож қилиш мақсадида бир гуруҳга бирлашишади. Бир фуқаронинг Гулистон шаҳридаги уйига бориб, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун муҳим бўлган органларига темир труба бўлаги, ҳамда қўл ва оёқлари билан уриб тан жароҳати етказишади. Хонадонда бўлган жабрланувчига тегишли 100.000 сўм нақд пул, 1 дона бахоси 80.000 сўм бўлган телевизор, спорт сумкаси ва ичида бўлган кийимларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.
Маҳкум кассация шикоятида қилмишидан пушаймонлиги, хатосини тушуниб етгани, суд томонидан оғир жазо тайинлангани сабабли, жазони енгиллатишни сўраган.
Кассация инстанцияси, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Х.Шамшиевнинг маърузаси, Тошкент шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Х.Парпиевнинг суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги хулосаси, судланганнинг ҳимоячисининг кассация шикоятини қаноатлантириш ҳақидаги фикрларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатлари таҳлил қилинди. Шикоятда келтирилган важларни атрофлича ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди:
- Биринчи инстанция суди томонидан жиноят ишини судда кўришда ЖПКнинг 22, 26-моддалари талабларига тўлиқ риоя қилинган.
- Суд ҳукмида баён этилган хулосалар ҳақиқий иш ҳолатига мувофиқ. Ушбу хулосалар суд муҳокамасида ЖПКнинг 95-моддаси тартибида баҳоланган далиллар билан асослантирилган.
- Маҳкумнинг суднинг ҳукмида баён этилган жиноятларни содир этишдаги айби, судда ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, судда сўроқ қилинган иш бўйича судланганлар, жабрланувчи, жабрланувчилар вакиллари, гувоҳлар ва бошқаларнинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмалари, шунингдек, 2007 йил 12 октябрдаги воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова фото жадваллар, суд-тиббий экспертизасининг хулосалари, далилий ашёлар, нарсаларни кўздан кечириш баённомаси, гувоҳ томонидан шахсни фото суръатдан таниб олиш баённомаси, юзлаштириш баённомалари каби далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Шунингдек, биринчи инстанция суди маҳкумга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қароридаги тушунтиришларга амал қилиб, унга нисбатан у айбли деб топилган моддалар санкциясида назарда тутилган узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб тўғри хулосага келган.
Судлов ҳайъати маҳкум томонидан шикоятда келтирилган важларни мухокама қилиб, маҳкумга нисбатан жазони енгиллатиш учун асослар топилмади. Шу сабабли судлов ҳайъати, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2011 йил 10 ноябрдаги ҳукмининг маҳкумга оид қисмини ўзгаришсиз ва шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
С.АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист