Бош прокуратура бошқарма прокурори Муродулла Турсунметовнинг маълум қилишича, Қонунлардаги айрим коллизион ёки амалда ишламайдиган нормалар тил тўғрисидаги қонун талаблари бузилишига шароит яратган.
" -- Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 20 - моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги белгиланган.
“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 5 - моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилиши белгиланган.
Бундай ўзаро зид нормалар оқибатида ташқи ахборот берувчи матнларда кўплаб қонун бузилишлар учрамоқда.
Масалан, Мирзо Улуғбек тумани, Юзработ кўчасидаги реклама ва ахборот матнларининг 277 таси ёки 60 фоизида, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасида 77 тасида (68 %), Темур Малик кўчасида 91 тасида (71 %), Боғишамол кўчасида 76 тасида (60 %) реклама ва эълонлар фақат хорижий тилда ёки имловий хатолар билан ёзилган.
Ўрганишда, Самарқанд вилоятида давлат тили ва имло қоидаларига риоя қилинмаган 5 816 та, Андижонда 1 483 та, Наманганда 475 та ва Навоийда 300 та ташқи ёзувлар аниқланиб, алмаштирилиши таъминланди," дейди Муродулла Турсунметов.
Унинг таъкидлашича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42 - моддаси (“Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш”) диспозициясида асосан таълим олишга тўсқинлик қилиш ёки тилни менсимаслик учунгина жавобгарлик белгиланганлиги бу модданинг амалда тўлақонли ишлашини чекламоқда.
Хусусан, 2018 - 2019 йиллар ва жорий йилнинг 9 ойида судларда бу модда билан боғлиқ атиги 3 та иш кўрилган, холос.
Географик объектлар ва фирмаларнинг номланишида қонунчилик талабларига риоя қилинмаган.
Хусусан, Қибрайда “Вишка” ва “Лагерний” номли тоғ, Бўстонлиқда “Меловой” довони, Попда “Королевское” олтин кони, Арнасойда “Пограничний” коллектори, Конимехда “Песчаное” олтин ва “Високовольтное” кумуш конлари, Сариосиёда “Дрибова” сойи каби географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилмаган.
Ёки, Асака ва Бўстонда “Ахтачи”, Қарши шаҳрида “Ҳарамжўй”, Бухоро туманида “Пат - пут”, Чироқчида “Ҳезалак”, Шаҳрисабзда “Чот”, Китобда “Сумак” ва Қамашида “Қўтирсой” номли сойлар, Томдида “Наркоман” номли дўнглик ва Жондорда “Лоло” номли аҳоли пункти каби қўпол ва номи тушунарсиз бўлган географик объектларнинг топонимик номларни алмаштириш масаласи кўриб чиқилмаган.
Шу каби, таҳлил ўтказилган 7 мингта фирма номларидан 5 мингтаси (71 %) хорижий ёки ўзбек ва бошқа тиллардаги сўзлар билан бирикма ҳолида номланганлиги аниқланган.
" -- Ачинарлиси, фирмаларни хорижий сўзлар билан номлашда уни асл маъносини тушунмай, услубий жиҳатдан нотўғри қўлланилмоқда.
Мисол учун, аксарият фармацевтика ва тиббиёт йўналишидаги фирмалар ўз номига инглиз тилидаги “farm” сўзини қўшган ҳолда бирикмали номлардан фойдаланмоқда (“Shamshod farm shifo”, “Zebiniso med farm”, “Apteka farm” ва бошқ.).
Ваҳоланки, ушбу сўз ўзбек тилида “ферма” маъносини билдириб, тиббиёт соҳасига алоқаси мавжуд эмас. Бу каби номлаш билан боғлиқ ҳолатларни яна кўплаб учратиш мумкин," дейди прокурор.