Ҳар биримиз пулни имкон қадар тежаб ишлатишни истаймиз.Ким пулни ҳақиқатдан ҳам ўз ўрнида тежаб ишлатади? Албатта, пули кўплар. Қуйида дунё бойларининг бу борадаги тавсияларини келтириб ўтамиз.
Майкл Блумберг, маблағи: $34,3 миллиард
“Ўзингизга қулай бўлган буюм харид қилинг”. Bloomberg халқаро ахборот компанияси акционери Майкл Блумберг сўнгги 10 йилдан бери паст пошнали, қулай мокасина кияди. У бир чеккада ётадиган ва ҳеч қачон киймайдиган қимматбаҳо оёқ кийимларга пулини сарфламайди.
Билл Гейтс, маблағи: $79 миллиард
“Ўтмишдаги хатоларингиздан тўғри хулоса чиқаринг”. Хато қилиш-инсонга хос одат. Пул билан боғлиқ хатоларни ҳам шу жумлага киритиш мумкин. Бир куни Билл Гейтс шундай деган эди: “Муваффақиятдан завқланиш-яхши, аммо муваффақиятсизликлардан тегишли хулоса чиқариш ундан-да муҳимроқ”.
Марк Цукерберг, маблағи:$30 миллиард
“Ҳамёнбоп автомобилларда ҳам юрса бўлади. Автомобилларга дабдаба эмас, узоқни яқин қилувчи восита сифатида қаранг”. Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири,Facebook асосчиси Марк Цукерберг агар истаса бир ондаёқ қимматбаҳо автомобиль сотиб олиши мумкин. Аммо у 30 минг доллар турадиган, оддийгина Acura автомобилида юради.
Ингвар Кампрад,маблағи: $53 миллиард
“Бўлар-бўлмас нарсаларга пул сарфламанг”. IKEA асосчиси Ингвар Кампрад айрим ҳаражатлар бизга умуман кераксиз эканлигини таъкидлайди. У бошқа аксарият бадавлат инсонлар сингари шахсий самолётда эмас, балки йўловчи ташиш самолётининг эконом-классида учишни афзал кўради. Ингвар битта ўриндиқдан 30 йилдан бери фойдаланади.
Уоррен Баффетт, маблағи: $66,1 миллиард
“Ўзингизнинг эҳтиёжларингизга мос уй сотиб олинг”. Уоррен Баффетт ҳозирга қадар Небраска штати Омаха шаҳридаги 1958 йилда 31 500 долларга сотиб олган уйида яшайди. Баффет пули кўплиги учунгина ҳашаматли уйда яшашни ўзига эп кўрмайди.
Опра Уинфри, маблағи: $2,9 миллиард
“Ҳаётда ўзингизнинг ҳақиқий ўрнингизни топинг” . Мазкур шиор Опрага ҳақиқий муваффақиятни олиб келди. У шундай деган эди: “Сиз ўзингиз ишонган ва олдингизга мақсад қўйган кишига айланасиз. Ҳозирги ҳаётдаги ўрнингиз, сизнинг қачонлардир шунга ишонганингиз самарасидир”.
Ричард Брэнсон, маблағи: $5,1 миллиард
“Ўз олдингизга мақсад қўйинг ва унга эришиш учун қўлингиздан келган барча имкониятларингизни ишга солинг”. Буюк Британиялик миллиардер Virgin Group асосчиси ўз ишини қачонлардир олдига мақсад қўйишдан ва ишларини режалаштиришдан бошлаган. Балки унинг режалари реал ҳаётга мутлақо тўғри келмагандир, аммо у олдига қўйган мақсадлари сари дадил қадам ташлаган.
Карлос Слим, маблағи: $78,5 миллиард
“Пулни тежашни имкон қадар эртароқ бошланг”. Мексикалик миллиардер Карлос Слим Билл Гейтснинг “Дунё бойлари” рўйхатидан “силжитиб” қўйди. Ким бўлиб ишлашингиздан қатъий назар пулингизни тежаб ишлатишингиз келажагингизга таъсир кўрсатади.
Ли Кашин, маблағи: $31 миллиард
“Камтарона ҳаёт кечиринг”. Осиёнинг энг бадавлат инсонларидан бири Ли Кашин дунёдаги энг бадавлат инсонлар ўнталигига киритилган. Унинг фикрича, мисли кўрилмаган муваффақият камтарона ва оддий турмуш тарзида. Агар сиз бирор йўл бошида турган бўлсангиз, камтарона ҳаёт кечиришингиз ва бунга ўзингизни мослаштиришингиз керак.
Говард Шульц,маблағи:$2,2 миллиард
“Пул бу-ҳали ҳаммаси эмас”. Говард Шульц Starbucks директорлар кенгаши бошлиғининг таъкидлашича, инсондаги гўзал фазилатлар унинг пулидан муҳимроқ. “Мен ҳеч қачон миллиардерлар рўйхатида бўлишни хоҳламаганман. Ҳеч қачон ўзимга даромадим миқдоридан келиб чиқиб баҳо бермаганман. Мен ўзимни инсоний фазилатларимдан келиб чиққан ҳолдагина баҳолашим мумкин”, —дейди Шульц.
манба:lifehacker.ru