Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати самарали фаолият юритиши учун ойлик маошларининг камлиги ва малакали кадрларнинг кетиб қолиши каби масалаларни зудлик билан ҳал этиш лозим. Бу ҳақда «Ўзгидромет» томонидан эълон қилинган хабарда сўз боради, дея ёзмоқда effect.uz. Гидрометеохизмат нафақат иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги, авиация каби кўплаб тармоқларининг фаолияти, балки давлат хавфсизлигига боғлиқ иш. Унинг иши инсон ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни мониторинглаш ва муҳофаза қилиш, барқарор иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, мамлакатимиз фуқаролари ҳаётининг фаровонлигини оширишга йўналтирилган мамлакат иқтисодиёти хавфсизлигини таъминлаш билан узвий боғлиқ. Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази республикада гидрометеорология ва атроф табиий муҳит ифлосланиши ҳолатини кузатиш соҳасидаги масалаларни ҳал этиш учун махсус ваколатли орган ҳисобланади ва мамлакат раҳбарияти, давлат ва хўжалик органлари, Қуролли кучлар ва аҳолини гидрометеорологик маълумотлар ва атроф-муҳит ифлосланиши тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси учун ҳужжатлар тайёрлашда метеорологик ва экологик кузатувлар ўтказишда иштирок этиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида 85 та метеорологик станция, 33 та агрометеорологик пост, 133 та гидрологик пост, 9 та кўл станцияси, 12 та авиаметеорологик станция ва 63 та атроф-муҳитнинг ифлосланишини кузатувчи пункт фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирда халқаро ташкилотлар грантлари, бюджет ва «Ўзгидромет»нинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига кузатув тармоғи замонавий асбоб-ускуналар билан босқичма-босқич жиҳозланмоқда, лекин дунёда гидрометеорология соҳаси техник ва технологик жадал ривожланаётган ҳозирги даврда бу етарлича эмас.
Таъкидланишича, бундай шароитларда “Ўзгидромет”да 5-10 йил ва ундан кўп меҳнат тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар худди шундай лавозимларда иш ҳақи 2-4 марта юқори бўлган бошқа соҳаларга кетиб қолмоқда. Охирги 3 йил ичида Ернинг сунъий йўлдошларидан олинган маълумотларга ишлов бериш, телекоммуникация ва ахборот технологиялари, об-ҳаво прогнозларини тайёрлаш соҳасидаги кўплаб мутахассислар “Ўзгидромет”дан кетган, уларнинг аксари етакчи миллий ва хорижий олий таълим муассасалари битирувчилари. Гидрометеорология хизмати ходимлари фаолиятни такомиллаштириш бўйича тезкор чоралар ҳамда тармоқни узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси бўйича қарор қабул қилиш зарурлигини қайд этган. |
04.11.2020 11:57