1

Беҳзоднинг даҳоси. Ўзбекистонда биринчи маротаба Шарқнинг буюк миниатюрачи мусаввири ҳақида суратли альбом яратилади

МАДАНИЯТ 12.11.2020, 17:30
Беҳзоднинг даҳоси. Ўзбекистонда биринчи маротаба Шарқнинг буюк миниатюрачи мусаввири ҳақида суратли альбом яратилади

“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти “Камолиддин Беҳзод –  Монийни ҳижолат қилиб” ноёб миниатюралар альбомини чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда. Альбомни тайёрлаш сирлари ҳақида унинг мутасаддиси Зуҳра Раҳимова шундай дейди:  

– Бу йил ўрта асрларнинг таниқли миниатюрачи мусаввири Камолиддин Беҳзоднинг 565 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси муаллифи ва раҳбари Ф. Абдухолиқов миллий ва хорижий китобхонлар учун суратларга бой китоб-альбом яратиш ғоясини илгари сурди. Беҳзод Ўзбекистон маданиятида алоҳида ўрин тутади, чунки унинг ижоди XVI аср бошларида маҳаллий Бухоро мактабининг шаклланишига катта таъсир кўрсатди ва замонавий миниатюрачи мусаввирлар кўпинча ўз асарларида унинг кўплаб ишларидан фойдаланадилар. Тошкентдаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, миниатюра музейи, мактаблар, стипендияларга Беҳзод номи берилган.  

Альбом чоп этиш ғояси ниҳоятда долзарбдир, чунки К.Беҳзод ижодига жуда кўп асарлар бағишланган бўлишига қарамай, республикамизда улар асосан мутахассисларгагина маълум. Бу китоб-альбомнинг чоп этилиши шуниси билан ҳам аҳамиятлики, Ўзбекистонда ҳалигача кенг ўқувчилар доираси ва биринчи навбатда ёшлар учун мўлжалланган бундай нашр ҳали бўлмаган.  

Ушбу альбомнинг асосий вазифаси мусаввир ижодининг асосий йўналишларини тавсифлаш, шунингдек, нима учун Беҳзод ўз даврида жуда машҳур бўлгани ва нега у ҳанузгача Шарқнинг энг буюк миниатюрачи рассомларидан бири саналиши ҳақидаги саволга жавоб излашдир.  

Альбом ҳақида  

“Камолиддин Беҳзод –  Монийни ҳижолат қилиб” китоб-альбомига миниатюрачи мусаввирнинг дунё коллекцияларида мавжуд таниқли ва оммага маълум  бўлмаган асарлари киритилади. Унда Лондондаги Британия кутубхонаси, Вашингтондаги Фрир галереяси, Истамбулдаги Тўпқопи саройи тўплами, Теҳрондаги Гулистон саройи кутубхонаси, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи ва Петербургдаги Россия Миллий кутубхонаси, шаҳзода Садруддин Оға Хоннинг Женевадаги коллекциясидан бўлган миниатюралар жамланади.  

Альбомда Беҳзоднинг турли жанрларда яратилган асарлари, унинг образларни яратишдаги ўша даврнинг маънавий маданияти замиридаги чуқур фалсафий фикрларни етказиш учун фойдаланган ўзига хос услуби ўрганилади.  

Альбом матнли қисмдан ва буюк мусаввирнинг юртимизда деярли маълум бўлмаган кўплаб асарлари репродукция кўринишида жамланган иловадан иборат бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1