1

Тиллага тузоқ қўйганлар

ЖИНОЯТ 19.01.2016, 12:07
Тиллага тузоқ қўйганлар

Ҳаёт ташвишлари кимни четлаб ўтмайди, дейсиз? Бола тарбияси, рўзғор юмушлари аёл гарданига оғирлик қилади. Баъзан кўнглинг тўлиб, кимгадир юрагингдагиларни тўкиб солгинг келади. Солия ая ана шундай ҳолатда эди. Дарвоза олдидаги ўриндиқда ўтирганча, хаёл сураркан, ногаҳон эшитилган овоз сергак тортдирди...

  “Чақирилмаган меҳмон”

— Опа, яхшимисиз? Хомуш ўтирибсиз, оёғим шу томонга тортаверди-да ўзи. Кўнглим сезди бир гап борлигини. Келинг, фол очиб берай, ромда кўринади ҳаммаси...

Солия ая эшик тирқишидан ташқарига кўз ташлади. Остонада турган  аёл бир ёнидаги ҳамроҳига, бир Солия аяга қараб, тинимсиз гапиришдан тўхтамасди.  

Очсам очтира қолай, дея эшик зулфини кўтарди аёл...

Елкасидаги хуржунини ерга қўйиб, ўриндиққа ўтирган лўли аёллардан бири қўлини ушлаб, аянинг кафтларига қараб фол очишни бошлади... 

— Оилангизда жанжал бўлаётган экан, сизларни кўролмайдиганлар иссиқ-совуқ қилишган. Оиласининг тинчи бузилсин, дейишган. Яқин оламингиздан ҳам айрилибсиз, кўп сиқилманг, опа... — дея бидирилаётган аёл бармоқлардаги узукларга қараб ҳам ром очмоқчи бўлди.

— Қўлингиздаги узуклар тилла эмас, опа. Мисдан ясалган улар. Қаердан олгандингиз?

Солия аянинг кўнглига хавотир оралади. Иккиланиб қолди.    

— Йўғ-а, тилладан ясалган. Анча бўлди сотиб олганимга.

— Сотиб олаётганингизда текширтириб кўрганмидингиз? Тилла эмас, опа. Келинг, узукларни менга беринг. Ҳозир текшириб бераман. Аниқ билиб оласиз...

Кўнгилга шубҳа оралаган Солия ая унинг  қўлига узукларни тутқазди. Иккинчи аёл  эса хуржунидан кичик идишлардаги суюқликларни олди. Узукларни устига бир-икки томчи томизиб кўришди. Суюқлик теккан жой қизариб, қорайиб қолди.

Солия аянинг ранги ўчди. Лўлиларга эса жон кирди.

— Мана, опа, айтмаганмидим тилла эмас деб. Сизни алдаб сотишган. Яна бошқа тақинчоқларингиз ҳам борми? Олиб чиқинг, уларни ҳам текшириб берамиз.

Солия ая бошқа тилла тақинчолқарини ҳам уйдан олиб чиқиб, аёлларнинг  қўлига тутқазди. Занжир, зирак ва бошқа тилла буюмлар “заргар”ларнинг текширувидан сўнг қорайиб қолди.

— Ҳаммаси қалбаки экан, опа. Сизни алдашибди. Эссиз, опа, шунча пулга олгандирсиз ҳали буларни...

Аёл кишининг зебу зийнатга ўчлиги рост. Тилла деб тақиб юрган тақинчоқлари мис бўлиб чиққанидан каловланиб қолган Солия Маткаримова нима қилишни ҳам, нима дейишни ҳам билмай қолди. Ана шу вазиятдан фойдаланган лўли аёллар уни яна чув туширишди:

— Сизга бир ёрдам қилай, опа. Келинг, бу тақинчоқларингизни менга бериб юборинг. Ўзим заргарга кўрсатиб, бошқатдан ясаттириб олиб келиб бераман. Унгача сиз буларни тақиб туринг, дея қулоғидаги зирак блиан қўлидаги узугини Солия аяга узатди лўли. – Роппа-роса ўн кундан кейин олиб келиб бераман. Кейин мени тилла тақинчоқларимни қайтариб берасиз.

Қуюқ хайрлашиб, ваъдалар бериб кетган “заргар” аёллар, 3 850 000 сўмлик тақинчоқларни олганича, “Қиёт” қишлоғининг “Ойдин” маҳалласига бошқа қайтиб келишмади. 

Навбатдаги  “ов”...

Осонгина даромад топиш кимга ҳам ёқмайди? Тағин содда аёлларни чув тушириб, уларнинг ишончига кириб, буюмларига эга бўлиш наманганлик Дилафрўз Орзиева ҳамда Хуршида Сангиновалар учун осон иш  бўлиб қолди.

Қинғир қилмишлари учун олдинлари ҳам бир неча судланишган бўлишса-да бу “ҳунар”ларини ташлашмади. Аксинча ҳар гал бошқа вилоятнинг чекка қишлоқларига бориб, аёлларни алдашда давом этишди. Шу мақсадда улар бу гал “Идалиқалъа” маҳалласи кўчаларини кезишди. Қўни-қўшни бир жойга йиғилса, суҳбат ҳам қизийди. Уч-тўрт аёлларнинг кўча бошида гаплашиб туришганини кўрган лўлилар режани амалга оширишга уринишди. Аёлларнинг суҳбатига қўшилишиб, уларнинг бўйни ва қўлларидаги тақинчоқларга зимдан қарашни унутишмади.

— Эски нарсаларингиз бўлса, сотиб оламиз. Уйларингизда керакмас эски-туски буюмлар бордир, дея аёлларни уй-уйларига жўнатиб юборишни режа қилган ҳамроҳлар бу гал Райҳон Қурбонованинг тақинчоқларига кўз олайтиришди.

— Опа, бўйнингиздаги тиллами? Ҳа, деган жавобдан кейин ҳам савол беришдан тўхтамаган Д. Орзиева уни кўпроқ гапга тутарди.

— Ўхшамаяпти, опа. Тилла суви югуртирилган бўлса бордир, лекин аниқ тилла эмас. Келинг, текшириб бераман.

Бўйнидаги занжирини ечтириб, хуржунидаги суюқликдан бир томчи томизганди, занжирнинг ўша жойи қорайиб қолди.

— Мана, опа, тилла эмас дедим-ку. Тилла бўлганида қораймасди, умуман ранги ўзгармасди. Сизни алдаб сотишган.

Р. Қурбонова аёлнинг гапларига ишонди, қолган тилла тақинчоқларини ҳам текширтириш учун уларнинг қўлига тутқазди.

Ўн кундан кейин келамиз, дея ваъдалашиб, одатдагидай ўз тақинчоқларини бериб кетишган аёллар Р. Қурбонованинг жами 1 800 000 сўмлик тилла тақинчоқларини хуржунча солишди-ю, бу қишлоқда қайтиб қораларини  кўрсатишмади.

Қинғир ишнинг қийиғи...

Д. Орзиева ва Х. Сангиновалар бу гал Шовот туманининг бошқа қишлоғига қараб йўл олишди. Кўчаларни айланиб юриб, ниятларини амалга оширишга уринишди. Қўшни аёлларнинг ўзаро суҳбатлашиб тургани уларга қўл келди.

— Эски буюмлар сотиб олиб юрибмиз, бўлса олиб чиқинглар, - дея суҳбатга аралашишди. Гап орасида қайси қўшниникида яқин кунларда тўй ёки аза бўлганини билиб олишди.

Янги келин туширган хонадон эшигини тақиллатишди. Ҳовлига киришлари биланоқ, бу хонадонда яқинда тўй бўлганлиги, келинчакнинг пойқадами қутлуғ келганлигини ва яна яхши хушхабарлар борлигини айтишиб, уй бекасинига фол очтиришга кўндиришди.

— Келинингизни ҳам чақиринг, унга ҳам фол очайлик, — дея ёнларига чақиришди.

Аслида уларни келинчакнинг тақинчоқлари қизиқтирарди. Ҳеч нарсадан бехабар келин уларга қўлини узатди. Кафтига қараб, фол очишни бошлаган Д. Орзиева гап орасида тақинчоқлари ҳақида сўрашни унутмади.

— Келинг, аниқлаб бераман. Биратла оғирлигини ҳам биласиз. Сиздан нима кетди. Бу ишим пул олмайман. Фақат алданиб қолманглар дейман, ахир тўй қилиш осон эмас, сарф-харажати бор. Дўконларда ҳам ҳозир қалбаки тақинчоқлар кўп, алдаб сотаверишади.

Қайнона-келиннинг тақинчоқларига суюқлик томизаётган аёллар  “сценарий” бўйича ўз “рол”ларини яхши бажаришаётган эди. Аслида спирт ва йод аралашмасидан тайёрланган  бу суюқликдан тилла тақинчоқлар қораяди. Буни эса, ҳамма ҳам билавермайди-да!

— Мана, кўрдингизми, сизларни алдашибди... — дея томоша кўрсатиб, тақинчоқларни хуржунга солаётган фирибгарларга  бу сафар омад кулиб боқмади.

Одатда тақинчоқ эгаларини чалғитиб, пайтдан фойдаланаётган фирибгарларнинг ўзлари Ички ишлар ходимларини кўриб, довдираб қолишди. Жиноий қилмишлари учун суд ҳукмига кўра Д. Орзиевага  энг кам ойлик иш ҳақининг100 баравари миқдорида жарима ҳамда Х. Сангиновага иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Абдурашид ЖУМАНИЁЗОВ,

Шовот тумани прокурори катта ёрдамчиси,

Наргиза Бўронова,

журналист

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1