“Бир томонда опаларим, иккинчи томонда...”

МУТОЛАА 21.01.2016, 13:50
“Бир томонда  опаларим, иккинчи томонда...”

Ушбу лойиҳа мухлисларимизнинг энг кўп мурожаат қиладиган саҳифалари сирасига киради. Кимдир юрагини бўшатишни истаб мактуб йўлласа, бошқа биров муштарийларга сабоқ бўлишини ният қилиб қўнғироқ қилади. Хуллас, биз ҳар куни “Юрагимда сақлаганларим”га айтадиган гапларим бор эди”, деган мурожаат эшитамиз ва бундан хурсандмиз...

Ўтган ҳафта таҳририят билан боғланганлар орасида ёшгина қиз ҳам бор эди. Аксарият ҳолларда бизга дардини ёрувчиларнинг ёши улуғ бўларди. Қалбида сақлаб келаётганлари ҳам эски, анча йиллик.

“Ёшгина қизнинг кўнглига бекитган қандай қайғуси бор экан?” — деган савол ўтди хаёлимиздан.

— Мен бухороликман. Ўша ердан қўнғироқ қиляпман сизларга, — деди мухлисамиз салом-аликдан сўнг. — Маслаҳатларингиз жуда муҳтожман. Газетани ҳар сафар ўқиб бораман. Мен каби аро йўлда қолганларга тўғри йўл кўрсатган, маслаҳатлар берганларингизга кўп бор гувоҳ бўлганман. Мендан бу кўмагингизни аямайсиз деган умидда боғландим.

Оилада олти фарзандмиз. Беш қиз, бир ўғил. Мен қизларнинг кенжасиман. Ота-онам, опалаларим ва укамдан зиғирча ҳам норозилигим йўқ. Доим уларнинг меҳри, ширин сўзи, эътибори оғушида бўлганман.

Оиламиз ҳавас қилгулик. Шундан бўлса керак, икки опам яхши оилаларга келин бўлди. Бахтли яшамоқда. Уйда яна икки опам, мен, укам қолганмиз.

Ота-онам орзу-ҳавасли инсонлар бўлгани учун бизни ўқитишга, касб-ҳунарли қилишга ҳаракат қилишади. Опаларим қатори мен ҳам ўқидим. Шаҳри азимга барча вилоятлардан талабалар келгани учун курсдошларим турли жойлардан эди. Талабалик даврим ҳам ажойиб ўтди. Энг қизиғи, бу гўзал давр қалбимга нозик туйғуларни ҳам меҳмон қилди. Инсон қалбига буйруқ беролмаскан. Бўлмаса, мен етти ўлчаб бир кесган, ҳамма томонни ҳисобга олган бўлардим.

Афсуски, юрагимни забт этган ҳислар ақлимдан устун келди. Мен ҳеч ўйланмай наманганлик йигитга кўнгил қўйдим. “Наманган қайдаю Бухоро қайда?” дерсиз? Не қилай? Муҳаббат ана шундай манзил, жой, одам танламайдиган туйғу экан. Тағин атрофдагилар ҳам муҳаббатимиз ҳақида хабар топганида турли фикр айтишди.

— Бу йигит сенга уйланмайди, шунча жойга совчи юборармиди?

— Бошқа йигит қуриб кетганмиди, сенга? Шунча узоққа ота-онанг бермайди-ку!

— Алданиб қолмасанг деб қўрқаман...

Хуллас, илиқ фикр билдирувчилар жуда оз эди. Лекин уларнинг ҳеч бири кўнглимда иккиланиш, ҳадик солмаган. Ҳатто севгимдан совутмаган ҳам.

Вақт ўтди, ўқишимиз ҳам тугади. Юрагим алдамаган экан. У мени умидсиз қолдирмади. Уйимизга унинг совчилари ташриф буюрди.

— Вой, ўлмасам, совчилар Намангандан эмиш. Орада қанча масофа, қанча вилоятлар бор! Сен қиз ваъда бериб қўймаганмисан? — ҳеч бундай бўлишини кутмаган онам ҳовлиқиб қолди.

Отам ҳам ўйчан эди.

Улар бу совчилар шунчаки келишмагани, менинг розилигим ва ўша йигитда кўнглим борлигини сезишганди.

— Бўлмайди, жуда узоқ, — дебди отам онамга.

— Мен ўзим ҳам рози эмасман! Ана, отанг ҳам қарши. Хаёлингдан чиқар у йигитни. Бу бир ўткинчи туйғу. Худо бахтингни берса, бундан яхши жойлардан совчи келади ҳали, — деди онам ҳам отамга ён босиб.

Кўзимга дунё тор бўлди. У ваъдаси устидан чиқди. Мен-чи? Наҳот, энди барча орзуларимиз кўкка учади? Ахир ота-онамга қарши чиқа олмайман-ку! Энди нима қиламан?

Совчилар рад жавобини олиб қайтгач, баттар чўкиб қолдим. Тушкунликка тушиб қолгандим. Чунки ота-онамга бир оғиз гапириш, кўнглимдагиларни айтишга ожиз эдим.

Аммо у таслим бўлмади. Кўп ўтмай, иккинчи бор унинг совчилари, эшик қоқиб кириб келди. Бу менинг кўнглимга қувонч эмас, кўпроқ иложсизлик, надомат ва ғам олиб киргандек бўлди. Ахир уни ҳам ота-онаси олдида субутсиз қилмадимми? Ота-онаси ҳам шунча йўлга келиб, натижасиз кетса, ўғлига гапирмайдими, ранжимайдими?

Совчилар уйда ўтирган муддат мен учун йилларга чўзилгандек бўлди. Не қиларимни билмасдим.

— Бу ёққа кел, — деб қолди кутилмаганда онам. — Ростдан ҳам шу болани яхши кўрасанми? Яхши йигитми?

Мен индамай ерга қарадим. Ҳеч нарсадан умид қилмас, минг тушунтирганим бефойдадек чурқ этмасдим.

— Ота-онаси ёмон одамлага ўхшамайди. Йигит ҳам аҳдига вафо қилиб шунча йўлга одам юборибди, номард эмас экан... Бошим қотди. Отанг ҳам ҳам ўйда. “Йўқ” дейлик десак, шунча йўлга сарғайиб, илинж билан келиб ўтирибди. Қуриб кетсин, шу қиз савдоси...

Онам ўзига ўзи гапира-гапира ортига қайтди. Мен яна сассиз жойимга чўкдим.

— Умидсиз жўнатмадик! Нима бўлса пешанангдан кўрасан! “Ўзинг пиширган ош!” — деди онам совчиларни кузатиб уйга кираркан.

Қулоқларимга ишонмасдим. Қотиб қолдим. Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмасдим. Наҳот, ота-онам рози бўлди?

— Отанг ҳам рангингга қараб “йўқ” деёлмади. Эртага ёнимга кўзингнинг ёшини оққизиб келувчи бўлмайсан! Отанг юзимга солишини истамайман!

— Хўп, — дедим ва ердан кўз узмадим.

Бироқ англадимки, ота-она фарзанди қувончи учун ўз хотиржамлиги ва тинчлигидан бемалол воз кечаркан. Уларнинг ишончини оқлашга ўзимга-ўзим сўз бердим. Энди ичим ёриша бошлаган кунлари уйдаги опам гапириб қолди:

— Сен индамай, ўйламай турмушга чиқиб кетаверасанми? Олдингда икки опанг турибмиз, ахир? Биз турганда сенинг тўйинг бўлса, одамлар “Опаларининг бирор айби бор эканки, ҳеч ким сўрамабди. Синглиси улардан аввал  эрга тегибди”, демайдими? Ундан ҳам баттари тўйингдан кейин ростдан ҳам бизнинг бирор айбимиз борлигига ҳамма ишониб, бахтимиз бойланиб қолмайдими?

Бирдан кўзим чарақлаб очилгандек бўлди. Нега бу ҳақда ўйламадим? Ота-онамнинг нима учун хаёлига келмади? Балки улар менинг кўнглимга қараб, опаларимни унутишгандир?

Ундай эмас экан! Опамнинг бу гапини эшитгач, онам ҳам ўйга толиб қолди. Энди эса улар менинг тўйимни рад этишмоқчи. Икки ўт орасида қолиб кетдим. Бир томонда кўнгил қўйган, ишонган инсоним, иккинчи томонда жондан азиз опаларим тақдири... Нима қилишни билмайман? Менга маслаҳат беринг. Тўғри йўл кўрсатинг! Шундан йўл кўрсатингки, ҳамма хурсанд бўлсин!

Н.УСАНБОЕВА оққа кўчирди

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1