Марҳумнинг ортидан туғилган туҳмат

МУТОЛАА 25.01.2016, 15:37
Марҳумнинг ортидан туғилган туҳмат

Олмалиқдан қўнғироқ қилган ушбу мухлисамизнинг ҳеч бир сўзи кўз ёшидан ҳоли бўлмади. Хотиржам қилишга уринишимиз, овутишга бўлган барча ҳаракатларимиз зое кетди. Ўксиниб йиғлаш, оғир хўрсинишлар билан айтилган дардлари бизни ҳам ўйга чўмдирди...

Биламан, ушбу саҳифага ҳар доим муштарийлар йиллар давомида юрагида сақлаб келган дардларини айтишган. Бундан мақсад, бошқаларга ибрат, сабоқ бўлсин, дейишган. Менинг кечмишларим эса сал бошқачароқ... — дея гап бошлади у. — Қалбимдан кечаётган туғёнлар, изтироблар эски эмас. Балки янгилиги ва жуда оғирлиги учун қалбимга сиғмаётгандир? Эҳтимол, мен бошқалар каби ғамларимни юрагимда сақлаб юришга ожизлик қилаётгандирман? Аммо шуни аниқ биламанки, энг сабр-бардошли инсон ҳам бу гапи кўргиликни кўтармасди, кўксида яшира олмасди. Бунга виждони ҳам йўл қўймасди.

Ҳаммасини бошидан ҳикоя қиладиган бўлсам, турмуш ўртоғим билан жуда бахтли эдик. Икки фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғимнинг  топиш-тушиши ҳайдовчиликдан эди. Оилапарвар бўлгани учун топганини уйга ташир, бизни хурсанд қилишга уринарди. Шундан бўлса керак, олти ойда янги уйимизни кўтардик. Бундан қувонганини кўрганингизда эди.

У нафақат бизни, бошқаларни ҳам ўйлайдиган иймонли, инсофли эди. Биргина мисол, бир куни яхшигина жойдан даромадли таклиф тушди. Шошиб кетаётганди. Кутилмаганда қўшнимиз югуриб чиқди:

— Ака, боламнинг мазаси қочиб қолди. Юринг...

Эримга қўшилиб мен ҳам чопдим.

Боланинг иссиғи баланд, оташ ичида алаҳсираб ётарди.

— Шифохонага олиб борамиз! — деди турмуш ўртоғим ҳеч иккиланмай.

— Ҳозирми?.. — иккилангандек бўлди қўшнимиз. — Пул...

У гапини айтиб улгурмади. Эрим ўша заҳоти унинг аҳволини тушуниб, менга буюрди:

— Югур, биз чиққунча уйдан пул олиб чиқ!

— Раҳмат, қўшни! Топганимдан қайтараман.

— Қайтармасанг ҳам майли! Боланг соғайса, бўлди! — эримнинг бу пулни қарзга бермаётганини, норасида гўдак учун чин дилдан ёрдам қилишни истаганини мен ҳам англадим.

Сўнг у ҳалиги даромадли буюртмани ҳам бекор қилди:

— Ака, кечирасиз, бошқа ҳайдовчи топинг. Шифохонага кетяпман. Қўшнимнинг боласининг аҳволи оғир.

Эрим ўша куни шу бола ўзига келгунча шифохонадан бери келмади.

Унинг бу каби савобли ишлари шу қадар кўп эдики, шунданми, ҳамма яхши кўрарди. Бу қадар раҳмдиллиги, ҳожатбарорлигидан баъзан аччиғим чиқиб гапириб қолардим.

— Хотин, қара шунча нарсани қайдан топяпман? Шу яхшиликлар эвазига Худо икки баробар қилиб беряпти-да! Ўзинг ҳам кўриб турибсан-ку! Бирор марта бировнинг ҳожатини чиқариб зиён кўрдимми?

Ростдан ҳам шундай эди. Эрим бировларга яхшилик қилгани сари, Худо баракасини берарди. Бора-бора мен ҳам индамай қўйдим.

Афсус... Минг афсуслар бўлсинки, энди ўйласам, турмуш ўртоғим бу дунёдаги савобли ишларини кўпайтиришга шошган экан. Улгурмай қолишини билгандек, ошиққан экан. Чунки... уч ой аввал у автоҳалокатга учради!

Ўша кунлари қандай яшадим, яшадимми ўзи? Буни билмайман. Энди ўзимга кела бошлаган, фарзандларим, эримнинг эзгу ниятларини амалга ошириш учун ҳам яшашим лозимлигини тушуна бошлаган чоғимда яна бир зарбага дуч келдим. Бу менга азиз инсонимдан айрилганимдан ҳам залворлироқ туюлди.

— Қўшнинг эринг ҳақида ҳар хил гап гапирибди. Эшитиб қолсанг, парво қилма! — деб қолди бир қариндошимиз эримнинг қирқи ўтгач.

Парво қилмадим. Лекин бу гапни бошқалар ҳам айтишди:

— Қўшнингиз эрингизнинг қирқида ҳар хил гап айтибди. Ўлган одамнинг ортидан гапириш яхши эмаслигини билмайди шекилли...

Бир-неча марта эшитгач, охири сўрадим:

— Нима дебди?

— Эътибор қилма! Ўзингни болаларингни ўйла.

— Нима деганини айтинг, билай... — жаҳлим чиқди.

— “Номард эди, хиёнат қиларди”, деганмиш... Унча чиқиша олмайсизлар шекилли...

— Қайси қўшним? — ҳайрон бўлдим.

Бир томондан қоним қайнаб кетди. Наҳот, марҳумнинг орқасидан шунақа гап айтиш мумкин бўлса?

— Манов қўшнинг-да!

Ғазаб ва нафратдан ўзимни йўқотиб қўяй дедим. Чунки улар айтган қўшним ўша — эрим энг кўп яхшилик қилган киши эди. Аламдан чиқиб гапирмоқчи бўлдим. Зўрға ўзимни босдим. Бу жудоликни зўрға кўтариб турганимда шу гаплар керакмиди, менга?

Сал ўтмай Рамазон ойи ҳам келди. Лекин Худо инсоф бермаса қийин экан. Қўшним шу муборак ойда ҳам гапиришини тўхтатмади. Энг оғири ўзимга ҳам чиқиб гапирди:

— Келин, сиз билмасдингиз-да, эрингиз роса “юрарди”. Куйишингизга арзимайди. Истасангиз, ўша хушторининг манзили, исмини ҳам бераман...

Бу одамнинг сурбетлиги олдида ожиз қолдим. Ичимдан ғазабим тошиб келган бўлса-да, заҳримни сочолмадим.

— Марҳумнинг ортидан ёмон гап гапирмайдилар, — дея олдим холос.

У эса бунга жавобан қўлимга ўша ўзи айтган қизнинг манзили ва исмини ёзилган қоғозни тутқазди.

Энди бир дардим ўн бўлди. Хом сут эмаган бандамиз-да, куйиб адо бўлдим: “Наҳот, эрим кўзларимга қараб алдади?! Аммо қайси пайт?”

Уч-тўрт кун ич-этимни едим. Лекин вақт ўтгани сари фикрингиз ҳам теранлашиб, ўзгариб бораркан. Бирдан ўзимга ўзим “Нега жим ўтирибман? Эрим бирор марта менда шубҳа уйғотмаган бўлса... Шу туҳмат ва ғийбатларга индамай қараб ўтираманми? Бориб, аниқлаштириб, қўшнимнинг оғзини ёпсам бўлади-ку!” дедим.

Қўшним берган манзилга бориб, ўша қизни изладим.

— Бу ерда бунақа қиз йўқ. Бўлмаган ҳам... — дейишди у ердаги аёллар.

Мен уларга бошимдан ўтганларни айтиб бердим.

— Ўша қўшнингиз мабодо... — дея улар қўшнимни таърифлай кетишди. Лол бўлиб қолдим.

— Ростдан ҳам қўшним шунақа. Қаёқдан биласиз? — ҳайратимни яшира олмадим.

— Ўша эркакнинг ўзи бир аёлникига келиб туради. Кўп кўрамиз. Аммо ундан бошқа бегона эркак келган эмас, — дейишди улар.

Баттар танг аҳволда қолдим. Қўшнимнинг мақсади нима? Ҳалол ва пок эримнинг номини ёмонга чиқариб  нимага эришмоқчи? Шунча қилган яхшиликларига яраша жавобими бу? Албатта, бу гаплар қайноғам ва ўз укаларимнинг ҳам қулоғига етиб борди. Улар қўшним билан юзма-юз гаплашишди. Ҳозирча бироз тинчиган. Лекин бегуноҳ ва марҳум кишининг ортидан шунча туҳмат қилиш яхшими? Наҳот, Худодан қўрқмайди?

Айтмоқчи бўлганим, зинҳор ўтган кишилар ортидан ёмон гап гапирманг. Чунки унинг оиласига жудоликнинг ўзи ҳам етиб-ортади. Бўлар-бўлмас гап билан шундоқ ҳам вайрон дилини хун қилманг!

Малоҳатнинг сўзларини КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1