“Қизимнинг сочи тўкилаётганидан ташвишланиб, тиббий текширувлардан ўтказдим. Таҳлиллар буқоқ борлиги ва қалқонсимон без фаолиятида ўзгаришларни кўрсатди. Наҳот, буқоқдаги ўзгариш соч тўкилишини келтириб чиқарса? Даволанса ўтиб кетадими ёки яна қайталаниши мумкинми ?”
Нигора Раҳимова, Тошкент шаҳри
Кўпчилик қалқонсимон без ҳақида эшитганида шакли қалқонсимон бўлса керак, деб ўйлайди. Аслида мазкур аъзо номи қалқонсимон тоғайга ўхшатилганн. Қалқонсимон без тоқ аъзо, бўйинча билан бириккан икки палладан иборат. Унинг вазни катталарда 30-40 гр.ни ташкил қилади. Қалқонсимон без касалликлари орасида энг кенг тарқалган тури буқоқдир. Бугун шу ҳақида суҳбатлашамиз.
ЮЗАГА КЕЛИШ САБАБИ
Организмда йод танқислиги юзага келса, қалқонсимон без хужайраларига кам миқдорда йод боради. Шунинг ҳисобига гормонлар синтези камаяди. Организм ушбу жараённи мувозанатга келтириш учун бош мия гипофизи орқали таъсир ўтказа бошлайди. Бунда қалқонсимон без ҳужайралари катталашади ва буқоқ пайдо бўлади. Мамлакатимиз эндемик ҳудуд ҳисоблангани боис буқоқнинг олдини олиш, даволаш ва йод профилактикаси муҳим саналади. Зеро, эндемик ҳудудда буқоқ юзага келиш эҳтимоли юқори бўлиб, бепуштлик, аёлларда ҳайз циклининг бузилиши, болаларда паканалик кабиларни келтириб чиқариши мумкин.
ТУРЛАРИ
Тиббиётда буқоқнинг асосан эндемик ва спорадик турлари тасниф қилинади. Эндемик буқоқ қалқонсимон безнинг жадал катталашиши билан характерланиб, маълум географик шароитларда учрайди. Асосан ҳавода, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва тупроқда йод моддаси етишмаслигидан юзага келади. Спорадик буқоқ эса айрим омиллар сабаб келиб чиқиши мумкин. Қалқонсимон без боланинг туғилган чоғидан бошлаб, ривожланиш босқичларида у билан бирга ўсади. Бу жараён айниқса ўсмирлик вақти сезиларли даражада номоён бўлади. Чунки бу пайтга келиб, ўсаётган организмни гормон билан таъминлаш учун кўпроқ йодга эҳтиёж сезилади. Бироқ истеъмол қилинаётган маҳсулотлар таркибидаги йод ҳамиша ҳам етарли бўлавермайди. Мутахассислар, қалқонсимон без касалликларининг келиб чиқиши нафақат ташқи муҳит балки, руҳий ўзгаришларга ҳам боғлиқ дейишади. Стресс ҳолатларидан сўнг қалқонсимон без фаолиятида ёйма заҳар буқоқ ривожланиши кузатилади. Организмда йод етишганида эса тугунли буқоқ ривожланади. Шу билан бирга эндемик турдаги буқоқ кейинчалик тугунли кўринишга айналиши мумкин.
ТЕКШИРУВ УСУЛЛАРИ
Пайпаслаб кўриш – мустақил тарзда бажариш мумкин бўлган текширув усули. Бунда бармоқ ҳаракатлари билан томоқ соҳаси енгил пайпасланиб, без ўлчами баҳоланади. Шифокор кўригида ҳам дастлаб ана шу текширув усули ўтказилиб, бунда беморнинг ёши, бўйиннинг анатомик тузилиши кабилар ҳам ҳисобга олинади. Шунга кўра шифокор бир неча даражаларни айтиши мумкин. Масалан, “0” даража бу буқоқ йўқ деганини англатса, “1” даража эса буқоқ кўринмайди, лекин пайпаслаганда унинг бўлакли ўлчами бармоқ дистал фалангаси катталигига тахмин қилинади. “2” даража эса пайпасланиб текширилганда буқоқ борлигини яққол билинтиради.
Буқоқ ўлчамини аниқлашда ишончли усуллардан бири ультратовуш текшируви бўлиб, бунда қалқонсимон без ҳажми махсус формула ёрдамида аниқланади.
БАЪЗАН ОРТАДИ, БАЪЗАН КАМАЯДИ
Қалқонсимон без фаолиятининг сустлашиши гипотериоз деб аталиб, кучли толиқиш, ҳолсизлик, уйқусираш, тери қуруқлашиши, соч тўкилиши, тирноқлар синувчанлиги, меҳнат фаоллигининг сусайиши, шиш, семириш, бефарқлик, кучли қабзият, ҳаётга қизиқишнинг сустлашиши кабилар билан характерланади. Қалқонсимон без фаолиятининг ортиши эса гипертириоз деб аталиб, гормонал муҳитнинг бузилиши билан кечади. Бунда тана вазнининг ўз-ўзидан камайиши (ориқлик), кескин ҳаракатланганда юрак қон томирининг тез уриши, кўз қорачиғнинг бўртиб чиқиши, қон босимининг баландлаши, қалтираш, кўп овқатланиш, ич кетиши, жахлдор, жиззакилик каби белгилар кузатилиши мумкин.
ТАШХИС ВА МУОЛАЖА
Буқоқни даволашда аввал текширув усуллари ўтказилиб, сўнг шифокор назоратида индивидуал муолажа бажарилади. Ҳозирда буқоқни даволаш ва олдини олиш учун дорихоналарда препаратлар талайгина. Аммо бирортасини танлашдан аввал текширувдан ўтиб, буқоқ даражаси ва турига кўра харид қилиш лозим. Акс таъсир этганида ножўя оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Даволаш муддатини ҳам мутахассис белгилайди. Муолажани бошлагандан сўнг албатта ниҳоясига етказиш керак. Ярмида ташлаб кетилса, фойдаси бўлмайди. Қолаверса, касаллик яна қайталанмаслиги учун шифокор назоратида бўлиш, соғайгандан сўнг ҳам тиббий кўрикдан ўтиб туриш мақсадга мувофиқдир.
НАСЛИЙ БОҒЛИҚЛИГИ БОРМИ?
Ота-онанинг бирида буқоқнинг аутоиммун тиреоидит, тугунли ёки ёйма заҳар турлари бўлса, фарзандларида ҳам юзага келиши эҳтимоли йўқ эмас. Кейинги асоратлардан холи бўлиш учун албатта шифокор назоратида профилактика чораларини кўриш тавсия этилади.
ЖАРРОҲЛИК АРАЛАШУВИ
Аксарият кишилар ички буқоқ хавфли, аммо ташқи тарафлама жойлашганини жарроҳлик аралашуви ёрдамида даволаш мумкин, дейишади. Хўш, аслида-чи? Тиббиётда қалқонсимон без касалликларининг тури ва жарроҳлик амалиётига кўрсатма бериладиган хилига кўра тафовут қилинади. Шунга кўра ҳамма буқоқни ҳам олиб бўлмайди. Дейлик, бир неча давомий муолажалар кор қилмай, қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар нормаллашмаса ҳамда шу билан боғлиқ бошқа безовталиклар бўлса, шифокор кўрсатмаси билан жарроҳлик аралашуви ўтказилади. Бу амалиётдан сўнг махсус гормонал препаратларни мунтазам қабул қилиб туриш керак. Аммо беморнинг ёши, юрак қон-томир фаолияти билан боғлиқ касалликлар, буйрак, жигар фаолиятида ўзгаришлар бўлса жарроҳлик маън қилинади.
Тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза Ортиқова тавсиялари асосида тайёрланди