Интеллектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, “Тошкент тўй палови” географик кўрсаткич сифатида махсус реестрга киритилди. Мазкур мақом таом номи ҳамда уни тайёрлашнинг ўзига хос анъанавий технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлайди.
Таъкидланишича, ушбу палов тури ярим доира шаклидаги қалин деворли чўян қозонларда тайёрланиши, ўзига хос таъми ва пишириш усули билан ажралиб туради.
Тарихий манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш маданияти асрлар давомида шаклланган бўлиб, тўй оши нафақат миллий таом, балки мураккаб ва ноёб пазандачилик жараёни сифатида қадрланади.
Мутахассислар фикрича, мазкур мақом миллий гастрономик меросни асраш, шунингдек, Ўзбекистоннинг гастротуризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.






