1

Уйқусизликнинг 10 чораси

САЛОМАТЛИК 29.01.2016, 16:27
Уйқусизликнинг 10 чораси

«Сўнгги вақтларда тинчлантирувчи препаратлар ҳам ёрдам бермаяпти. Тунда алламаҳалгача ухлай олмайман. Эртасига эса лоҳас юраман. Уйқусизликка қарши бирор чора борми? Эшитишимча, узоқ вақт дори препаратларини қабул қилиш ҳам ножўя таъсир кўрсатиши мумкин экан».

Нафиса Сатторова, Бухоро шаҳри

ШИФОКОР КЎРИГИ ЗАРУРМИ?

Бир ойда 1-2 марта юзага келадиган уйқусизлик асабийлик, руҳий ҳолат ўзгаришлари ҳамда сурункали толиқиш асоратида келиб чиқса, зарур чоралар билан муаммо ҳал этилиши мумкин. Бироқ ҳафтасига 2-3 марта, ҳатто ундан ҳам кўп такрорланаётган уйқусизлик жиддий ўзгаришлардан дарак беради. Бу вақтда таниш-билишларнинг маслаҳатию халқ табобатига мурожаат қилишдан аввал мутахассис кўригидан ўтинг. Бир қарашда оддий кўрингани билан уйқусизлик эътибор талаб қиладиган ҳолатдир. Билиб-билмай даволанилса, сурункали тус олиши ёки бош мия фаолиятида турли ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

УЙҚУМНИ ҚАЙТАРИНГ...

Хўш, муаммо аниқ – ухлай олмаяпсиз. Энди нима қиласиз? Кўзларни юмиб, саноқни бошлашингиз ҳам мумкин. Аммо бунинг фойдаси йўқ. Иссиқ чой ичиш, мутолаа, телевизор томоша қилиш ҳам наф бермайди. Агар уйқусизлик асабийликдан бўлса, аввало тинчланиб олишингиз керак. Бордию бу бирор хасталик аломати бўлса, касалликни даволамай, уйқунгизни тополмайсиз.

Хасталик асорати сабаб уйқусизлик келиб чиқса, асосий муолажа қаторида тинчлантирувчи препаратлар ҳам буюрилади. Бундай препаратлар ухлатувчи таъсирга ҳам эга бўлиб, белгиланган муддатгача қабул қилиниши лозим.

Акс таъсири, масалан, бош айланиши, лоҳаслик, уйқусираш кабилар кузатилса, препарат қабул қилиш тўхтатилиб, шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.

Бир турдаги препаратга ўрганиб қолмаслик учун муолажадан сўнг мустақил даволанманг.

ҚАХВАНИ КАМАЙТИРИНГ!

Кофеин инсон организмида 12-24 соатгача сақланиб қолади. Кечки тановулдан сўнг бир финжон қахва ичсангиз ҳам ухлолмаслигингиз мумкин. Шунингдек, шоколад ва қора чойда ҳам кофеин етарлича бўлиб, толиққан организмни яна фаоллашишга ундайди. Бу эса ўз-ўзидан уйқусизликни келтириб чиқаради. Қахвахўрлар учун энг маъқул вақт нонушта ва тушлик ҳисобланади.

ПРЕПАРАТЛАРНИНГ НОЖЎЯ ТАЪСИРИ

Грипп, тумов шунингдек оғриқ қолдирувчи дори воситалари таркибида ҳам уйқусизликка сабаб бўлувчи бирикмалар бўлиши мумкин. Бирор препаратни қабул қилишдан аввал албатта йўриқномаси билан танишинг. Ножўя таъсири кўрсатилган қаторда уйқусизлик қайд этилган бўлса, эҳтиётлик билан қабул қилинг.

ИЛИҚ ДУШ

Ухлашга ётишдан бир соат аввал илиқ душ қабул қилинг. Диққат қилинг, сув ҳарорати илиқ ва танага ёқимли бўлиши лозим. Ҳозирда дорихоналарда тинчлантирувчи ўсимликлардан тайёрланган тўпламлар сотилади. Шулардан бирини ҳарид қилиб, рецептида кўрсатилган усулда тайёрланг. Докадан ўтказиб, ваннадаги сув билан аралаштиринг. Муолажа узоғи билан 15 дақиқа давом этади.

ЭРТАЛАБ МАШК ҚИЛИНГ!

Уйқусизликка қандай алоқаси бор, деб ўйлашингиз мумкин. Аслида эса эрталабки бадантарбия машқлари организмни чиниқтириб, тетиклашишга ёрдам беради. Шу билан бирга қон айланишини ҳам яхшилаб, асабийлик ва нохуш ўйлардан холи қилади. Чиниққан тана эса ўз вақтида уйқу ҳолатига мослаша олади.

КУНДУЗИ УХЛАМАНГ!

Тушликда бир-икки соат мизғиб олай дейсиз-у, кечга бориб, уйқунгизни йўқотиб қўясиз. Шундай экан, балки бу уйқудан воз кечарсиз? Тўғри , гоҳида толиққанимиздан озроқ дам олишни иҳтиёр этамиз. Аммо кундузги уйқу қанча давом этса-да, тунгисининг ўрнини босолмайди. Тунда организмда рўй берадиган алмашинув жараёнлари фақат шу вақтдагина юз беради. Кундузи эса шунчаки дам оласиз, холос.

ДОРИВОР ЁСТИҚЧА

Дорихонига йўлингиз тушса, қуритилган ялпиз, қизилпойча, лаванда ва мармарак ўсимликларидан тайёрланган ёстиқча сотиб олинг. Хушбўй ўсимликлардан тайёрланган ёстиқча асабни тинчлантириб, хотиржам ором олишингизга ёрдам беради.

ИФОРЛИ ТУТАТҚИ

Лаванда, атиргул, ясмин гулидан тайёрланган эфир мойлари ҳамда ифорли тутатқилар нафас йўллари орқали таъсир этиш ҳусусиятига эга. Уйқуга ётишдан 1 соат олдин тутатқи ёки эфир мойи солинган идишни хонага олиб киринг. Ифори етарлича тарқагач, уйқусизликдан хавотирланмасангиз ҳам бўлади.

АСАЛ ҚЎШИЛГАН СУТ

Бош оғриқлари ва асаб қўзғалишларидан шикоят қилувчиларда ҳеч бўлмаганда тунда уйғониб кетиш ҳолатлари учраб туради. Бу вақтда уйқудан олдин 1 стакан илиқ сутга 1 ош қошиқ асал аралаштириб, қабул қилиш айни муддао. Сут тинчлантирувчи восита бўлса, асал мия қон томирларига ижобий таъсир этиб, зўриқишни бартараф этади.

НАФАС МАШҚИ

Каравотда ётган ҳолатда қуйидаги машқни бажариб кўринг. Еттигача санаб, бурун билан нафас олинг. Ўпкани бўшатаётганда зўриқмасликка ҳаракат қилинг. Бунда кўзлар юмуқ ҳолатда, қўллар ён тарафга узатилган, оёқ ҳолати эса эркин бўлиши керак. Машқни икки-уч марта бажаргач, танангизда енгилликни ҳис этасиз. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1