Facebook ҳақида 15 қизиқарли факт

ДУНЁ 04.02.2016, 14:05
Facebook ҳақида 15 қизиқарли факт

Facebook ижтимоий тармоғи бугун 12 ёшда.

Facebook’га 2004 йилнинг 4 февраль куни Марк Эллиот Цукерберг ҳамда унинг дўстлари Дастин Московиц, Крис Р. Хьюз ва Эдуардо Саверинлар томонидан асос солинган.

Дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоқ хизмати ва веб-сайтига ҳар ойда 1.59 миллиард фойдаланувчи «кириб-чиқиб» юради. Бугун Facebook дунёнинг 10 та энг йирик ва қимматли компаниялардан бири. Forbes нашри томонидан унинг нархи 36.5 миллиард АҚШ долларига баҳоланган. Ушбу бренднинг йиллик даромади 12.1 миллиард, фойдаси эса 2.92 миллиард АҚШ доллари. Компанияда 9.199 нафар ходим фаолият кўрсатади.

MySpace компанияси 2005 йилда Facebook’ни 75 миллион АҚШ долларига сотиб олмоқчи бўлади. Аммо Марк Зукерберг бу нарх сайт учун қимматлик қилишини айтиб, таклифни рад қилади.

Terabayt.uz сайти Facebook’га оид шу каби 15 та қизиқарли факт ва далилларни тақдим этди.

Facebook ижтимоий тармоғи илк маротаба ишга туширилганидан бошлаб, 2007 йилгача унинг бош саҳифасида америкалик таниқли театр ва кино актёри Ал Пачинонинг сурати бўлган.

Ҳар куни Facebook ижтимоий тармоғини ишдан чиқаришга қаратилган 600 мингдан зиёд ҳаккерлик хуружлари амалга оширилади.

Ҳар дақиқада тармоқ фойдаланувчилари томонидан 1.8 миллионта «like» тугмачаси босилади. «like» тугмачасининг асл номи «ажойиб» бўлган.

Дунёнинг энг хавфсиз медиа тармоғи сифатида эътироф этиладиган Facebook аввалига Марк Цукерберг ва дўстлари, Гарвард талабалари учун ўзаро файллар алмашадиган портал бўлиб, у «Wirehog» деб номланган.

2006 йилдан бошлаб Facebook Apple ва Microsoft компаниялари, сўнг Intel, Amazon, Accenture, Gap, Pepsi, каби компания ва брендлар билан ҳамкорлик қила бошлайди. 2006 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб у барча фойдаланиши учун очиқ тармоққа айланди. Орадан бир йил ўтиб, Facebook’нинг фаол фойдаланувчилари сони 50 миллионга етади.

Ҳар бир Facebook фойдаланувчисининг ўрта ҳисобда 130 нафар «дўсти» бор. Жиноятлар орасида мазкур ижтимоий тармоқда кимнингдир «дўстликни рад қилгани» ёки «дўстликдан воз кечгани» билан боғлиқ қотилликлар ҳам аниқланган.

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ўзини «Гарвард битирувчиси» дея белгилаган бўлса ҳам, аслида Марк тармоқни ривожлантириш мақсадида, университетнинг Руҳшунослик факультетини 2 курслигидаёқ ташлаб кетган.

Смартфон эгалари кун мобайнида Facebook’даги саҳифаларини ўрта ҳисобда 14 маротаба текшириб кўрадилар. Ҳар бир АҚШ фуқароси кун давомида 40 дақиқасини шу ерда сарфлайди. Фойдаланувчиларнинг бу ерда ўтказадиган бир ойлик вақти умумий миқдорда ўртача 1 триллион дақиқага етади.

Facebook ўз фойдаланувчисининг қайси сайтларга ташриф буюраётганини кузатиб туради. Ҳатто, фойдаланувчи Facebook’дан чиқиб кетган бўлса ҳам!

Руҳшунослар ўтказган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, Facebook’га ташриф буюргач, ҳар 3 фойдаланувчидан биттаси ўзининг ҳаётдан норози эканини ҳис қилади.

Ижтимоий тармоқнинг оламдан ўтган фойдаланувчилари сони 30 миллиондан ошади.

2011 йилда АҚШда тўлдирилган ҳар 3 та ажрим ҳужжатларининг биттасида «Facebook» сўзидан фойдаланилган.

Facebook ҳар бир америкалик фойдаланувчи ҳисобидан ўртача 5.85 АҚШ доллари маблағ ишлайди. Унинг америкалик фойдаланувчилари сони АҚШда сўнгги президентлик сайловида иштирок этган фуқаролар сонидан ҳам кўп.

Марк Зукерберг 2013 йилда 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни хайр-саховат мақсадларида сарфлаб, йилнинг энг саховатпеша кишисига айланди.

Бу тармоқдаги саҳифаларнинг 8.7 фоизи сохтадир.

Ижтимоий тармоқнинг Буюк Британияда истиқомат қилувчи фойдаланувчиси Микелле Чапмен 2014 йилда отаси ва ўгай онаси номига сохта саҳифа ташкил қилиб, ўзининг ҳақиқий саҳифасига ҳақоратли шарҳлар қолдиргани сабабли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Internet world stats нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасида мазкур ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони 2015 йилнинг 15 ноябрь ҳолатида 450 минг нафарни ташкил этади.

Facebook 12 ёшга тўлиши муносабати билан ўз фойдаланувчиларига тармоқда «Дўстлар куни»ни нишонлашни таклиф қилмоқда.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1