Ушбу жирканч қотиллик тафсилотлари ҳақида Олий суд Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳаммаси Ислом ўзи яшайдиган маҳалладаги озиқ-овқат дўкони эгаси Фахриддин Қуриёзовга 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулни галдаги харидлар учун олдиндан тўлов тариқасида бергандан сўнг бошланди.
2020 йил 2 апрелда кун пешинга оққан маҳал Ислом ушбу пул эвазига мол харид учун яна дўконга келди. Дўкон эгаси тўланган пул шу пайтгача қилинган харидлар учун харжлаб бўлингани, атиги 17 минг 500 сўмлик ҳақи қолганини билдирди. Аммо қарши тарафнинг ҳам ўз ҳисоб-китоби бор эди.
Айтишича, хариднинг қиймати дўконга топширилган пулга қараганда анча оз.
Дўкон соҳиби ҳам бўш келмади.
Исломнинг далил-исботини тан олмади. ¤з навбатида, харидорнинг таъбига ўтирмайдиган далилларни илгари сурди. Дўкондаги тортишув узоқ чўзилмади. Бир чоғ Ислом келган йўлига шитоб билан кетди. У дўкондан 30 қадамча наридаги гўшт дўконига кириб, қассобдан бир-икки дақиқага пичоғини бериб туришини сўради. Қассоб танишлиги боис унинг гапини ерда қолдирмади. Ислом пичоқни чўнтагига жойлаганча озиқ-овқат дўконига йўналди. Кира солиб, дўкон эгасига ташланди.
Пичоқ ҳаш-паш дегунча Фахриддиннинг чап кўкрак соҳаси — қоқ юрагига икки марта санчилди. Бу воқеа дўкон эгасининг турмуш ўртоғи Гулруҳ Қурбонованинг кўз ўнгида рўй берди. Даҳшатдан аёлнинг ўтакаси ёрилаёзди. Бироқ у тезда ўзини қўлга олиб, олишаётганларни бир-биридан ажратишга уринди. Бўлмади. Бу пайтга келиб, пичоқ билан қилинган ҳамла боис кўкрагидан оғир жароҳат олган Фахриддин жон ҳолатда Исломбекнинг қўлига ёпишди. Охирги кучини тўплаб, рақиби қўлидаги пичоқни тортиб олишга муваффақ бўлди.
Дўкондаги олишувдан атрофдагилар хабар топган бўлса-да, ўртага тушишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади. «Томоша»га гувоҳ бўлганлар «Тез ёрдам» ҳамда ички ишлар бўлимига хабар беришди. Қиларини қилган Ислом эса, яна изига қайтди. Йўл-йўлакай ёлғиз яшаётган қариндоши Ойбек Қуриёзовнинг уйига кирди. Унга бир неча дақиқа муқаддам ўзи содир этган даҳшатли воқеа ҳақида узуқ-юлуқ гапириб берди. Аслида у қариндоши ҳузурига хайрихоҳлик истаб борганди. Аммо унинг ўйи чиппакка чиқди.
Ойбек қариндошининг қилмишини эшитиб, ғазаби қўзиди. Уни қаттиқ жеркиди, содир қилинган хунрезликни ваҳшийлик, ноинсонийликка йўйди.
Ислом шу топда ўзганинг ўгит-насиҳатига муҳтож эмас, аксинча, ўз хатти-ҳаракатининг оқланишини хоҳларди. Қариндошининг танбеҳи унга оғир ботди, ўзини бу ерда ҳам ҳақоратланган, камситилгандек ҳис этди. Саноқли дақиқалар муқаддам дўконда жаҳл отига минган бўлса, қариндошининг даккисидан сўнг тамомила эсидан оғди, ҳақиқий телбага айланди. Шунинг учун Ойбекнинг юзига қулочкашлаб мушт туширди. Лекин у буни кам билиб, атрофга аланглади, ёнгинасидаги темир болғага кўзи тушгач, уни тезда қўлига олиб, қариндошига ҳезланди. Болғанинг зарби ожиз аҳволдаги Ойбекнинг бошига бир эмас, бир неча марта ёғилди. Хонадон эгаси изма-из берилган зарбалар забтидан ерга гурсиллаб қулади. Бир неча дақиқа ўтгач эса, шу ернинг ўзида жон таслим қилди.
Бу орада Исломнинг пичоқ зарбидан қаттиқ шикастланган яна бир жабрдийда — дўкондор Ф. Қуриёзов касалхонада вафот этди. Бир йўла икки қотиллик, ҳаёти бемаврид сўнган икки нафар беайб, бегуноҳ инсоннинг аянчли қисмати…
Бундай мудҳиш қилмишни оқлаш ёки хаспўшлашнинг имкони йўқ. Инсон ҳаёти ва соғлигига қилинган тажовузни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ислом судда ўзи содир этган қотилликларни оқлаш, изоҳлашга арзирли бирон-бир жўяли далил келтиролмади. Турган гапки, айбини ҳам хаспўшлай олмади, иқрорлик билдирди, пушаймонлигини баён этди.
Суд муҳокамасида иштирок этган жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари Г. Қурбонова, У. Қуриёзов, гувоҳ О. Қурбонов, Б. Машарипов, Н. Султонова, Ш. Озодов ҳам рўй берган машъум жиноий қилмишнинг барча тафсилотларини очиқ-ойдин баён этишди. Айбланувчининг хатти-ҳаракатини оқлайдиган далиллар бу жараёнда ҳам топилмади. Уни қоралайдиган далил ва ҳолатлар эса, уқтирилганидек, ниҳоятда кўп ва уларнинг бари ушбу жиноий ҳодисага оид айблов хулосасида ҳам ўз ифодасини топди.
Тергов органи туманнинг Миришкор қишлоғи «Маънавият» маҳалласида рўй берган мудҳиш қотилликни Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга тааллуқли 97-моддаси 2-қисми «в», «г», «ж», «л», «о», «р» бандлари бўйича малакалади. Суд ушбу айбларнинг барини тарозуга солди. Тақдим этилган факт ва далилларни ўрганиш чоғи ушбу кодекснинг 97-моддаси 2-қисми «ж», «р» бандлари айбланувчига нисбатан тўғри тадбиқ қилинганини эътироф этди. Бироқ ушбу қисмнинг «в», «г», «л», «о» бандлари юзасидан қўйилган айблар ҳақиқий ҳолатни тўла-тўкис акс эттирмайди. Чунончи, айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги одамни ўлдириш, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни яшашдан маҳрум этиш, безорилик йўли билан жонига суиқасд қилиш, бошқа бир жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш ниятида ҳаётига тажовуз қилиш ҳолатлари И. Абдуллаев томонидан амалга оширилган қотиллик ҳаракатида мавжуд эмас. Суд зикр этилган ана шу бандлар бўйича қўйилган айбларни тан олмади.
Суд ашаддий жиноятчи Ислом Абдуллаевни қилмишига яраша узоқ муддат — 20 йилга озодликдан маҳрум этиш юзасидан ўз ҳукмини чиқарди.






