АсосийJamiyat

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида масъул бўлган ягона орган тузилади

'Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида масъул бўлган ягона орган тузилади'ning rasmi

Президент фармойиши (Ф–5634-сон, 17.02.2021 й.) билан 2021–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси тасдиқланди.  Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Концепция, жумладан, қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:  

  •  асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, таълим, парвариш ва бошқа зарур бўлган маҳсулотлар ва хизматлар олишга имконияти бўлмаган болаларга кўмаклашиш;

 

  •  касаллик, ишсизлик, оналик ва ногиронлик каби ҳолатлар туфайли ўзини ўзи таъминлаш масалаларини тўлиқ ҳал қила олмайдиган меҳнатга лаёқатли фуқароларни кафолатланган даромадлар билан таъминлаш;

 

  •  кекса ёшдаги фуқароларни кафолатланган даромад билан таъминлаш;

 

  •  ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш.

 

Шунга кўра, концепция доирасида қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:  

 

● аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ягона органни белгилаш;

 

● олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг ва даволаш тадбирларига хусусий шифохоналар жалб этиш ва уларга субсидия ажратиш;

 

● чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бошпанасиз қолган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва шахсларни мулк ҳуқуқи берилмаган ҳолда жойлаштириш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойларни сотиб олиш тартибини жорий этиш;

 

● тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, айниқса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидиялар бериш;

 

● болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ягона миллий тизимини сақлаган ҳолда Болалар Омбудсмани фаолиятини ташкил этиш;

 

● имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини жорий қилиш.

2025 йилга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида туман (шаҳар)лар миқёсида Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

 Давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий ҳимоясига харажатлари ички ялпи маҳсулотга нисбатан 2019 йилги 1 фоиздан 2030 йилда 1,5 фоизга етказилади.

    Бошқа янгиликлар