Жорий йилнинг 12 февраль куни интернетдаги "You Tube" каналида чартер рейслар орқали юртимиз ҳудудига кириб келган фуқаролар норозилиги акс эттирилган видеолавҳа тарқалган эди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Марказий санитария-эпидемиология стансияси мазкур воқеани ўрганиб чиқиб, видеолавҳага муносабат билдирди.
Видеолавха 2021 йилнинг 17 январ куни, соат 00:40да, №483-сонли “Волжский – Тошкент” йўналишдаги чартер рейси орқали Қорақалпоғистон чегара темир йўл бекатига кириб келган йўловчилар томонидан тасвирга олинган. Йўловчилардан Covid-19 коронавирус инфекциясини аниқлаш учун экспресс таҳлиллар “AЖИНИЯЗ ҚAРAҚAЛПAҚ” МЧЖ хусусий клиникаси томонидан амалга оширилганлиги аниқланди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига асосан 2020 йилнинг 25 декабридан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахслардан коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс тестини олиш жорий этилди. Шунингдек, CОВИД-19 коронавирус инфекциясини аниқлаш учун таҳлиллар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан берилган тегишли рухсатнома (лисензия, сертификат)ларга эга бўлган ва мулкчилик шаклидан қатъий назар тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади.
Маъсулияти чекланган жамиятлар – алохида хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланиб, кўрсатилаётган хизматлар нархини мустақил равишда белгилайдилар ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ улар фаолиятига ҳар қандай аралашув ва чекловлар ўрнатилишига йўл қўйилмайди. Шу жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ҳам. Яъни, монополияга йўл қўйилмаслиги учун ушбу хусусий клиника фаолиятига тўсқинлик қилиниши мутлақо мумкин эмас.
Масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятидан норози бўлган фуқаролар ўрнатилган тартибда ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва суд органларига мурожаат қилишлари мумкин.